Карвонсарой
Саломатлик

Пекиннинг воқеликни яшириши январь ойида COVID-19 вирусининг ҳалокатли тарзда авж олишига сабаб бўлди

Карвонсарой

Суратда: Ухандаги темирйўл вокзали. Минглаб йўловчилар Янги йил байрамини нишонлаб, ўз уйларига ошиқмоқдалар. 2020 йилнинг январ ойида Хитой расмийлари шаҳарда ҳалокатли COVID-19 вируси авж олганига қарамай, ушбу байрамни ўтказишга рухсат беришган. [STR/AFP]

Суратда: Ухандаги темирйўл вокзали. Минглаб йўловчилар Янги йил байрамини нишонлаб, ўз уйларига ошиқмоқдалар. 2020 йилнинг январ ойида Хитой расмийлари шаҳарда ҳалокатли COVID-19 вируси авж олганига қарамай, ушбу байрамни ўтказишга рухсат беришган. [STR/AFP]

ПЕКИН – Хитой ҳукуматининг COVID-19 коронавируси борасидаги қарийб бир ҳафталик сукути бутун дунёни пандемияга илк босқичдаёқ чек қўйиш имкониятидан маҳрум қилди. Бу ҳақда Ассошиэйтед Пресс (AP) ахборот агентлиги шу ҳафтада хабар берган.

Хитой расмийлари ҳалокатли касаллик тарқалганини зимдан англаган бўлсалар-да, касаллик маркази бўлган Ухань шаҳрида ўн минглаб одам иштирокида оммавий зиёфат уюштиришга ва вирусни ҳар томонга ёйишга рухсат беришди.

Баёнот олти кунга кечикди. Ниҳоят, ХХР раиси Си Цзинпин 20 январ куни оммага огоҳлантириш билан чиқди. Бироқ, AP ихтиёрига келиб тушган ҳужжатлар ва экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу вақтга келиб, (14 дан 19 январга қадар бўлган муддат ичида) 3000 дан ортиқ одам касалланиб улгурган эди.

«Олти кун аввал чора кўрилганида касалланганлар сони камроқ, тиббий муассасалар ҳам етарли бўлар эди», деб айтган Лос-Анжелесдаги Калифорния университети эпидемиологи Цзо-Фэн Чжан.

Хитойнинг Ухань шаҳридаги коронавирус билан оғриган беморлар касалхонаси деворидаги ХХР раиси Си Цзинпиннинг сурати олдидан ўтиб кетаётган эркак, 11 апрел, 2020 йил. [Ноэл Селис/AFP]

Хитойнинг Ухань шаҳридаги коронавирус билан оғриган беморлар касалхонаси деворидаги ХХР раиси Си Цзинпиннинг сурати олдидан ўтиб кетаётган эркак, 11 апрел, 2020 йил. [Ноэл Селис/AFP]

Ушбу даъволар вируснинг расмий Пекин таъкидлаганидек ҳайвонлар бозоридан эмас, балки хавфли шароитларда кўршапалак коронавируси устида тадқиқотлар олиб борган Ухандаги лабораториядан тасодифан чиқиб кетгани ҳақидаги далиллар кўпайиб бораётган бир вақтда юзага чиққан.

Шаффофликнинг йўқлиги

Олти кунлик кечикиш касалланишнинг иккинчи ҳафтаси ўрталаридан бошланган, бу вақт ичида Хитой касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази (CDC) расман вирусга чалиниш ҳолатларини қайд этмаган, аслида эса 5-17 январь кунлари давомида юзлаб кишилар COVID-19 вируси билан мамлакат касалхоналарига олиб келинган.

Пекиннинг ахборотни қатъий назорат қилиши, бюрократия ва ёмон хабарларни тарқатмаслик истаги туфайли илк огоҳлантиришлар эътиборсиз қолдирилди, дейди кузатувчилар.

«Бу эса вазиятни оғирлаштириб, расмийларни чегарадан чиқмасликка ундади», деди Йель университети сиёсатшуноси Даниель Маттингли Сининг авторитар ҳукумати амалдорларни чегаралашини назарда тутиб.

Хитой расмийлари 13 январь куни мамлакатдан ташқарида – Таиландда биринчи касалланиш ҳолати қайд этилганидан сўнг чора кўришни бошлаганлар.

Хитой расмийлари омма олдида сукут сақласа-да, касаллик тарқалишига қарши яширин чора кўришга уриндилар, аммо Хитой аҳолиси ва бошқа давлатларни хабардор қилмаганликлари сабаб бу чоралар самарадорлиги чекланган эди.

Давлат соғлиқни сақлаш комиссиясига раҳбарлик қилувчи вазир Ма Сяовей 14 январда вилоят соғлиқни сақлаш мутасаддилари билан махфий теле-анжуман ўтказган.

Мазкур теле-анжумандан сўнг Хитой касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази 15 январда юқори даражадаги фавқулодда чоралар кўришни бошлаган. 63 саҳифадан иборат махфий кўрсатмалар вилоятлардаги соғлиқни сақлаш расмийларига юборилган.

Аммо расмийлар жамоатчилик олдида хавфни камайтириб кўрсатишга уриндилар.

Хитойнинг CDC фавқулодда вазиятлар маркази раҳбари Ли Цун 15 апрель куни Хитой давлат телевидениесига берган интервьюсида шундай деди: «Касалликнинг инсондан инсонга юқиш хавфи жуда кам, деган хулосага келдик.»

Охир-оқибат, 20 январь куни Си ўз халқига касалликни «жиддий қабул қилиш» кераклигини айтган.

Ҳукумат бир ҳафта олдин ижтимоий масофа жорий қилиш, ниқоб тақиш ва ҳаракатланишни чеклаш талабини қўйганида, касалланиш ҳолатлари учдан бирга қисқарган бўларди, дейилади тадқиқотларнинг бирида.

Ҳалокатли кечикиш

Пекиннинг мудҳиш сукути касалларнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлди.

Уханда касалланиш ҳолатлари жуда тез ва шиддат билан кўпая бошлади –масалан, 17 январда 4 та, 17 январда 17 та ва 19 январда 136 та бемор бор эди.

Вирус Хитойдан бутун дунёга тарқалди, инсонлар ҳаётини хавф остида қолдириб, мисли кўрилмаган гуманитар ва иқтисодий зиёнлар келтириб чиқарди. Жума, 17 апрель ҳолатига кўра, дунё бўйлаб 2165500 касалланиш ва 145705 ўлим ҳолати қайд этилган.

Хитойда COVID-19 вирусининг тарқалишини назоратга олган расмий Пекин носоз тиббий жиҳозлар сотиш ва ижтимоий тармоқларда пандемия келиб чиқиши ҳақида дезинформация тарқатишга ўтди.

Пекин орадан уч ой ўтиб ҳам, COVID-19 вируси борасида шаффофликка эришмади. 17 апрел куни Ухань маъмурлари шаҳарда 1290 та ўлим ҳолатини қайд этганлар, деб хабар беради AFP нашри. Бу рақамлар ортидан шаҳардаги ўлим ҳолатларнинг умумий сони 3869 тага етган.

Шундай бўлса-да, Хитойда COVID-19 вирусидан ҳалок бўлганларнинг яна қанчаси ҳақида хабар берилмагани саволларни келтириб чиқармоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500