Карвонсарой
Сиёсат

Хитой, Россия ва Эрон матбуот эркинлигига дахл қилиш учун пандемиядан фойдаланмоқда

Карвонсарой ва AFP

13 апрел куни президент Владимир Путин Москва яқинидаги қароргоҳида Россиядаги COVID-19 коронавирус пандемияси бўйича телекўприк орқали ташкил этилган мажлисда иштирок этмоқда. [Алексей Дружинин/SPUTNIK/AFP]

13 апрел куни президент Владимир Путин Москва яқинидаги қароргоҳида Россиядаги COVID-19 коронавирус пандемияси бўйича телекўприк орқали ташкил этилган мажлисда иштирок этмоқда. [Алексей Дружинин/SPUTNIK/AFP]

Коронавирус пандемияси таъсирида бутун дунёда матбуот эркинлигига нисбатан таҳдидлар кучаймоқда. Хитой, Россия ва Эрон каби авторитар режимлар пандемияга оид тафсилотларни яширишга уринмоқда, дейди фаоллар.

Парижда жойлашган «Чегара билмас мухбирлар» (RSF) ташкилотининг 19 апрел, якшанба куни эълон қилинган йиллик матбуот эркинлиги рейтингида айтилишича, пандемия таъсирида «кўплаб инқирозлар юзага чиқиб, кучайган» ва матбуот эркинлигига соя сола бошлаган.

Касалликнинг авж олиши айрим режимларни «одамларнинг саросимада қолгани ва оддий вақтларда қўллаш имконсиз бўлган чораларга нисбатан қаршилиги камайганидан» фойдаланиб қолишга ундамоқда, деди RSF бош котиби Кристоф Делуар 21 апрел, сешанба куни AFP нашрига.

RSF 180 мамлакат ичида 177 ва 173-ўринларни эгаллаган Хитой ва Эрон режимларини коронавирусга оид маълумотларни цензуралашда айблади.

RSF Пекин пандемиянинг дастлабки кўламини яширган деган айбловларни инобатга олиб, «Хитойнинг ахборот соҳасидаги гипер-назорат тизими коронавирус туфайли келиб чиққан соғлиқни сақлаш тизими инқирози вақтида бутун дунё учун салбий оқибатларни намоён қилганини» айтган.

Унинг қўшимча қилишича, коронавирус пандемиясига жавоб чораси сифатида матбуот эркинлигини бўғиш ва мамлакатнинг рейтингдаги ўрни ўртасида «яққол боғлиқлик» бор.

Норвегия эркин матбуот рейтингида тўртинчи йил кетма-кет етакчилик қилаётган бўлса, Финляндия бу йил ҳам иккинчи ўринни эгаллади.

«Кучлилар ўз мавқеини мустаҳкамламоқда»

Кремль ҳам президент Владимир Путин бошчилигида «янада мураккаброқ усуллардан фойдаланган ҳолда интернет устидан назоратни кучайтиришга» уринмоқда, дейилади ҳисоботда. Гап мамлакат раҳбариятига Россиядаги интернетни дунёдан узиб қўйишга имкон берадиган қонун ҳақида кетмоқда.

Россия режими RSF рейтингида 149-ўринни эгаллаган.

«(Россияда) Хитой услубидаги сценарийнинг истиқболи хавотирли», дейди RSF.

21 апрел куни Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмийси «RSF Хитойга нисбатан доим нохолис бўлганини» иддао қилар экан, Пекин хорижлик журналистларнинг Хитойда «қонун-қоидаларга риоя қилган ҳолда» ишлашини маъқуллайди, деб айтган.

«Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг деярли ҳамма жойида қудратли шахслар ахборот устидан назоратни мустаҳкамламоқда», дейди RSF.

RSFнинг бу огоҳлантириши 1 апрел куни чоп этилган Европа Иттифоқи (ЕИ) тадқиқотига асосланган ҳолда янграган. Тадқиқотга кўра, Россия ва Хитой режимлари коронавирус пандемияси ҳақида зарарли маълумотларни тарқатишда давом этар экан, бутун дунёдаги одамлар ҳаётини хавф остига қўйиб, демократик жамиятларга путур етказмоқда.

Шу билан бир вақтда, бу икки ҳукумат томонидан олиб борилаётган дезинформация кампанияларида, давлат пандемияга қарши курашда сезиларли муваффақиятга эришмаган бўлса-да, унинг чораларига юқори баҳо берилади.

Масалан, Россия ҳукумати мамлакатни ўзи кечикиб тан олган пандемиядан ҳимоялашга зўр бериб уринаётганига қарамай, рус ташвиқот машинаси Москванинг COVID-19га қарши кураш чораларини мақташ билан банд.

Шу билан бирга, хитойлик ташвиқотчилар COVID-19 илк бор Ухандаги ҳайвонлар бозорида пайдо бўлганидан эътиборни чалғитишга уриниб, вирус Уханга АҚШ ҳарбийлари томонидан олиб келингани ёки Италияда пайдо бўлгани ҳақидаги тахминларни ёйинламоқда, дейилади ЕИ тадқиқотида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Уч тажовузкор мамлакат

Жавоб бериш