Карвонсарой
Иқтисодиёт

Таҳлилчилар: ЕОИИ коронавирус таъсири натижасида заифлашди

Канат Алтинбаев

Олмаотадаги «Магнум» супермаркетлар тармоғига кирувчи дўконлардан бири, 20 апрел кунги сурат. Тармоқ дўконларида асосан маҳаллий мева-сабзавотлар, шунингдек, ЕОИИ аъзоси бўлмаган Ўзбекистондан олиб келинган маҳсулотларни сотилади. [Канат Алтинбаев]

Олмаотадаги «Магнум» супермаркетлар тармоғига кирувчи дўконлардан бири, 20 апрел кунги сурат. Тармоқ дўконларида асосан маҳаллий мева-сабзавотлар, шунингдек, ЕОИИ аъзоси бўлмаган Ўзбекистондан олиб келинган маҳсулотларни сотилади. [Канат Алтинбаев]

ОЛМАОТА – Коронавирус пандемиясининг иқтисодий оқибатлари Россияни Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлардан янада узоқлаштирмоқда, дейди кузатувчилар.

Олмаотадаги Central Asia Monitor онлайн-нашрининг Россия бошчилигидаги ЕОИИ савдо блоки пандемия вақтида аъзо давлатларни бирлаштира олмаган.

«COVID-19 пандемиясидан cўнг бу иттифоқнинг келажаги борми, деб сўраш вақти келди», дейилади мақолада. «Заифлашган Россия энди ЕОИИдаги шерикларини аввалгидек ўз манфаатлари орбитасида ушлаб туролмайди.»

ЕОИИ билан боғлиқ масала диққат марказида турибди, сабаби пандемия ва иҳоталаш даврида нефтга бўлган талабнинг кескин камайиб кетиши Россия иқтисодиётига путур этказмоқда. Шу билан бирга, ЕОИИ доирасидаги савдо ҳажми ҳам пасая бошлаган.

Пандемия ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажмининг камайишига олиб келади, зеро давлатлар ўртасидаги ҳаво алоқалари ва қатновлар чекланган, дейди олмаоталик сиёсатшунос Замир Каражанов.

Бундан ташқари, иттифоққа аъзо давлатлар иқтисодиётининг ўсиш суръатлари ҳам пасайиши кутилмоқда, деди у.

Сўнгги йилларда аъзо давлатлар ўртасидаги товар айланмаси, мамлакатларнинг ички иқтисодиёти ва ЕОИИ ичидаги муаммолар туфайли шундоқ ҳам пасая бошлаган эди. Каражановнинг таъкидлашича, пандемия мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий тангликни янада кучайтириши турган гап.

2014 йилгача, нефтнинг бир баррели 100 доллардан қимматроқ бўлган пайтларда ҳам, Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африкадан ташкил топган БРИКС гуруҳида Россия ЯИМ ўсиш суръати энг қуйи кўрсаткичда эди, деди у. Аммо, ўшанда ҳам ҳукумат тузилмавий ислоҳотлар ўтказмаганда ва афтидан, ҳозир ҳам ўтказмайди.

«Катта эҳтимол билан, мамлакат 2014 йилдан кейин бўлгани каби молиявий жамғармаларини истеъмол қилади», дея қўшимча қилди у.

«Айтиш мумкинки, Россияни коронавирус ёки нефт нархининг пастлиги эмас, ўзи танлаган ривожланиш модели заифлаштирмоқда», деб қўшимча қилди у.

2015 йилда нефт нархининг сезиларли даражада пасайиши ортидан, Москва иқтисодий стратегиясини ўзгартириб, харажатларни камайтириш ва бюджетни маблағларини тежашга киришди. У, шунингдек, 2014 йилда Кремлнинг Қримни ноқонуний аннексия қилиши сабабли Ғарб томонидан жорий қилинган санкциялардан ҳам жиддий талафот кўрди.

Адолатсиз ҳаракатлар

Қирғизистоннинг Чуй вилоятидан бўлган фермер Улан Саймалиевнинг фикрича, адолатсиз савдо қоидаларини ўрнатган иқтисодий блокнинг заифлашгани учун Россия фақат ўзини айблаши керак.

Россия ЕОИИнинг озиқ-овқат маҳсулотларига қўйиладиган талабларга жавоб бермаслигини баҳона қилиб, ҳар йили Қирғизистонга бир неча юз минглаб мева-сабзавот маҳсулотларини қайтариб юборади.

«Бизнинг ЕОИИ аъзоси эканлигимизга қарамай, Россиянинг Оренбург вилояти фитосанитар назорати қирғиз маҳсулотлари импортидан бош тортиб туради», деди Саймалиев.

«Натижада биз зарар кўряпмиз. Бундай иттифоқнинг нима кераги бор?», деб савол беради у.

Пандемия вақтида қўшни Қозоғистон бизнесга кўмаклашмоқда ва божларни бекор қилиб, Қирғизистон озиқ-овқат маҳсулотларини эркин қабул қилмоқда, Россия эса ўзини ЕОИИдаги ҳамкорларидан тўсиб қўйган, деди Саймалиев.

Ҳар бир давлат ўз ечимини таклиф қилаётган бир пайтда, ЕОИИ ҳар бир вазиятга турлича ёндашмоқда, деди Олмаотадаги демократияни ривожлантириш Марказий Осиё фонди раҳбари Толганой Умбеталиева.

Қозоғистон божхона тўловларини камайтириш ташаббуси билан чиқди, аммо пандемия шароитида юзага келган вазиятдан чиқиш масаласи муҳокама қилингани йўқ, деди у.

«Мамлакатлар иқтисоди турлича эканини инобатга олиб, ЕОИИ томонидан аввал қабул қилинган қоидаларнинг нақадар адолатли эканлигини текшириш лозим», деди Умбеталиева Россиянинг ҳукмрон мавқеини назарда тутиб.

Россия иқтисодиётидаги очиқлик минимал даражада, айнан шу нарса ҳамкор давлатларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда, деб қўшимча қилди у.

«Айни вақтди Россия президенти Владимир Путин ўз сиёсий келажаги билан банд, ЕОИИ истиқболи эса кун тартибига киритилмаган», деди Умбеталиева.

ЕОИИни тарк этиш вақти келдими?

ЕОИИ ўз долзарблигини йўқотган, унинг келажаги йўқ, дейди олмаоталик сиёсий таҳлилчи Ислам Кураев.

ЕОИИ таркибида «мамлакатларимиз иқтисодий ва технологик жиҳатдан орқада қолиб кетган. Ўзимизни элементар нарсалар билан ҳам таъминлай олмаяпмиз», деди у.

«ЕОИИ мақсадларига кўра, биз кучли иқтисодий блок тузишимиз керак эди. Аммо бунинг натижаси нима бўлди? Қозоғистондаги мавжуд корхоналар касодга учради, биз рақобатга дош бера олмадик», деди Кураев.

Бу инқироз Қозоғистон ва Россия иқтисодиёти ва валюталарининг боғлиқлиги сабабли, деди у. Россияда нисбатан санкциялар қўлланганида, инфляция ва девалвация бошланганида Қозоғистонга ҳам бу таъсир қилди, деди Кураев.

«Мамлакат Россия маҳсулотларини сотиш учун колонияга айлантирилар экан, ўзимизни секин-аста йўқ қилмоқдамиз», деди у. «Агар эркин бўлиш ниятимиз бор экан, эскиликлардан воз кечиб янгича ҳаёт яшашимиз керак.»

Ҳозир Қозоғистон ЕОИИдан чиқиши учун энг тўғри вақт, деди у

Аслида ЕОИИ ҳеч қандай иқтисодий миссияга эса эмас, у шунчаки Россиянинг постсовет минтақадаги таъсирини кучайтиришга мўлжалланган сиёсий лойиҳадир, дейди олмаоталик сиёсатшунос ва Қозоғистон миллий ишонч кенгаши аъзоси Расул Жумали.

«Қозоғистон учун ЕОИИнинг энг яхши муқобили Марказий Осиё давлатлари билан иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришдир», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳамма давлатлар бу Тайга Иттифоқини тарк этиши керак

Жавоб бериш