Карвонсарой
Саломатлик

Пандемия вақтида хорижлик жангчиларнинг кириб келаётгани Ливияни хавотирга солмоқда

Қоҳирадан Волид Абул Хайр

Ливиянинг Триполи шаҳри яқинида жанговар ҳаракатлар олиб бораётган суриялик ёлланма аскарлар. [Ливиянинг Ал-Аҳрор телеканали тақдим этган сурат]

Ливиянинг Триполи шаҳри яқинида жанговар ҳаракатлар олиб бораётган суриялик ёлланма аскарлар. [Ливиянинг Ал-Аҳрор телеканали тақдим этган сурат]

Ливиянинг БМТ томонидан қўллаб-қувватланган Миллий келишув ҳукумати Суриянинг хусусий авиакомпанияси эронликлар билан бевосита алоқада бўлган ёлланма аскарларни Ливияга жанг қилиш учун олиб келаётгани юзасидан хавотир билдирган.

Эрон коронавирус (COVID-19) пандемиясидан энг кўп жабрланган мамлакатлардан бири бўлиб, пайшанба кунининг ўзида касалланиш билан боғлиқ 1030 та янги ҳолат тасдиқланган ва мамлакатдаги жами беморлар сони 87026 тага етган.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИПК) карантин жорий этмай, ўз ихтиёридаги Mahan Air авиакомпаниясига вируснинг ватани бўлган Хитойга қатнашга рухсат бериш билан соғлиқни сақлаш тизимидаги инқирозни кучайтиришда айбланган эди.

Ироқ билан чегарадош Сурия шарқида яшовчи аҳоли Эрон қўлловидаги жангарилар мамлакатда вирус тарқатаётгани, шунингдек, Сурия режими унинг тарқалишини тўхтатиш учун етарли чоралар кўрмаётганидан хавотир билдирган.

Ливияда давом этаётган жангларда турли миллатга мансуб, жумладан, суриялик ёлланма жангчилар иштирок этмоқда. [Ливиянинг Ал-Аҳрор телеканали тақдим этган сурат]

Ливияда давом этаётган жангларда турли миллатга мансуб, жумладан, суриялик ёлланма жангчилар иштирок этмоқда. [Ливиянинг Ал-Аҳрор телеканали тақдим этган сурат]

Ушбу хавотирлардан келиб чиқиб, Ливия ички ишлар вазирлиги 18 март куни Дамашқдаги «Cham Wings» хусусий авиакомпанияси эронликлар билан алоқада бўлган одамларни Бенғозига ташиётгани ҳақида огоҳлантирган.

Вазирлик Бенғози шаҳрида ўз ваколатхонасини очган авиакомпанияни «шубҳали савдо фаолияти» юритишда ва Суриядан одам ташиш орқали аҳоли саломатлигини хавф остида қолдираётганликда айблаган.

Авиакомпания йўловчилари орасида Вагнер гуруҳига алоқадор сурияликлар, Сурияда жанг қилаётган рус ёлланма аскарларнинг «махфий армияси», шунингдек, Эрон ИИПК ва Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи аъзолари бор, дейилади вазирлик хабарида.

Россия Вагнер гуруҳидан Ливиядаги фаолиятини яшириш учун фойдаланади.

Ливияликлар хавф остида

Ички ишлар вазирлиги Ливия шарқидаги аҳолини Cham Wings олиб келган одамлар билан яқин алоқада бўлмаслик ҳақида огоҳлантирган. Шунингдек, у тижорат банкларини авиакомпания билан ишлашдан тийилишга чақирди.

Шу билан бирга, у БМТнинг Ливияни қўллаб-қувватлаш бўйича миссияси ва БМТ санкциялар қўмитасини ушбу қонунбузарликларни ҳужжатлаштиришга ва айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирган.

Вагнер гуруҳи шафелигида олиб келинган суриялик ёлланма аскарлар оқими маҳаллий аҳоли орасида хавотир уйғотмоқда, деб хабар берган ливиялик журналист Имрон Муҳаммад Дияруна нашрига.

Улар мамлакатга ноқонуний равишда кириб, тиббий кўрикдан ўтмай ва карантинда ўтирмай, Ливияда коронавирус тарқатишлари мумкин, деди у Суриядан келган ёлланма аскарлар бошқа хорижий жангчилар билан аралашаётганини таъкидлаб.

Муҳаммаднинг айтишича, ҳозирги ўзгарувчан иқлим шароитида айрим ҳудудлар назорати қўлдан-қўлга ўтар экан, жангчилар бир жойдан бошқа жойга кўчиб, ливиялик аскарлар ва тинч аҳоли вакиллари билан аралашиб кетмоқда.

Бу эса касалланиш хавфини кучайтириб, вируснинг Ливиядаги маҳаллий аҳолига юқиш эҳтимолини оширади, деб қўшимча қилди у.

Унинг таъкидлашича, Ливиядаги тиббий муассасалар «оғир аҳволда», мамлакатнинг вайрон бўлаёзган соғлиқни сақлаш инфратузилмаси эса касаллик авж олган тақдирда катта сондаги касалланиш ҳолатларига дош бера олмайди.

Бугунги кунга қадар Ливияда COVID-19 вирусига чалиниш билан боғлиқ 60 тагина ҳолат қайд этилган, бир киши ҳаётдан кўз юмган.

Тиббий кўриклар ўтказилмаган

Қунайтра минтақасидан Ливияга йўл олган 300 дан ортиқ суриялик ёшлар Вагнер гуруҳи тасарруфидаги лагерларда жанговар тайёргарликдан ўтганлар, деб хабар берган Дияруна нашрига сувайдалик фаоллардан бири Низар Буали.

Улар Ливияга боришдан олдин ҳам, ўқув-машғулот лагерига келганларида ҳам тиббий кўрикдан ўтишмаган, деди у.

Буалига кўра, Вагнер гуруҳига ёлланганларнинг кўпчилиги бу ишдан бош тортган ва Ливиядаги жангларда иштирок этишини билганидан кейин машғулотлар лагерини тарк этган.

Ёллаш вақтида уларга фақат нефть иншоотларида қўриқчилик қилишлари айтилган эди, деди у.

Жангчиларнинг юқумли касалликларга чалиниш хавфи юқори, чунки улар жуда жипс ҳаракатланишади, дейди ҳарбий мутахассис Яҳё Муҳаммад Али.

Жангчилар орасида пандемия тарқайдиган бўлса, Вагнер гуруҳининг суриялик ёшларни Ливиядаги жанглар учун ёллаш ташаббуси нафақат ёлланувчилар, балки ливияликлар учун ҳам «ўлим жазосига тенг бўлиши мумкин», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500