Карвонсарой
Сиёсат

Жанговар сунъий йўлдошнинг учирилиши Эроннинг пандемия фонидаги мақсадларини фош этди

Карвонсарой ва AFP

Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) қўмондони Ҳусайн Саламий ракетани учириш маросимида журналистлар олдида нутқ сўзламоқда. [ИИПК]

Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) қўмондони Ҳусайн Саламий ракетани учириш маросимида журналистлар олдида нутқ сўзламоқда. [ИИПК]

Бутун мамлакат бўйлаб COVID-19 коронавируси пандемияси авж олган бир пайтда, чоршанба (22 апрел) куни Эронга тегишли илк жанговар сунъий йўлдошнинг орбитага учирилиши Теҳрон учун устувор бўлган масалаларни савол остида қолдирган.

«Бугун биз самодан туриб Ерни кузатмоқдамиз. Бу – қудратли давлат шаклланишининг бошланишидир», деди Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИПК) қўмондони, генерал-майор Ҳусайн Саламий «Фарс» ахборот агентлигига кўра.

ИИПК хабарига кўра, «Нур» деб номланган сунъий йўлдош Эрон марказий платосидаги улкан ҳудудни қамраган Марказий чўлидан икки босқичли Qassed ракета ташувчиси ёрдамида коинотга учирилган.

Афтидан, Эрон бундай турдаги ташувчидан илк бор фойдаланган.

Эрон ҳудудидан учирилган ҳарбий сунъий йўлдошга эга ракета, 22 апрел куни олинган сурат. [ИИПК]

Эрон ҳудудидан учирилган ҳарбий сунъий йўлдошга эга ракета, 22 апрел куни олинган сурат. [ИИПК]

Бундай кутилмаган операциядан икки ой аввал ҳам Эрон бошқа бир сунъий йўлдошни коинотга учиришга уринган, аммо ноҳарбий ўлчамдаги бу қурилма орбитага чиқа олмаган эди.

Теҳроннинг иккиюзламачилиги

Сунъий йўлдошнинг учирилиши Теҳрон учун қайси мақсадлар устувор эканини очиқлаган, cабаби Теҳрон эпидемияга қарши курашда ўз фуқароларига ёрдам беришдан кўра, ҳарбий жасоратини намойиш этиш учун пул сарфлашни афзал кўрмоқда.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Эронни БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясини бузганликда айблар экан, вирусга қарши кураш учун Халқаро валюта жамғармасидан 5 млрд. долларлик фавқулодда кредит сўраган режимнинг иккиюзламачилигини таъкидлаган.

«Умид қиламанки, Эрон режими ўзининг глобал террорчилик кампаниясини давом эттиришдан кўра, Эрон халқининг саломатлиги ва хавфсизлигини устувор масала сифатида белгилаш талабини қондиради», деди у Вашингтонда журналистларга.

Помпеога кўра, сунъий йўлдош учирилиши Эроннинг фазовий дастури тижорий эмас, балки ҳарбий мақсадларга хизмат қилишини кўрсатмоқда.

«Эрон қилган ишлари учун жавоб бериши керак.»

Вашингтон бунгача ҳам Теҳроннинг сунъий йўлдош дастури юзасидан ўз хавотирларини билдирган ва 2019 йил январда ракета ташувчининг учирилиши баллистик ракеталарга нисбатан жорий қилинган чекловга зид эканини айтган эди.

Эрон ядровий қуролга эга бўлиш нияти йўқлиги ва унинг аэрокосмик фаолияти тинч мақсадларни кўзлашини иддао қилиб келади.

Фитна назариялари ва ёлғон хабарлар

Аммо коронавирус кучайган пайтда, шусиз ҳам оғир иқтисодий вазиятга қарамай, сунъий йўлдошни учириш қарори феврал ойида илк касалланиш ҳолатини қайд этган Эроннинг вирусга қарши самарасиз чора кўраётганидан дарак бермоқда.

Вирус билан боғлиқ вазиятнинг оғир эканлигига қарамай, ҳукумат бошқа мамлакатлар каби каби ўз-ўзини яккалаш режимини жорий қилмаган, натижада касалланиш ва ўлим ҳолатлари сони кескин ошган.

Пайшанба куни Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Киануш Жаҳонпур мамлакат бўйлаб янги 1030 та касалланиш ҳолати қайд этилган, коронавирусга чалинган беморлар сони эса 87026 тага етгани ҳақида хабар берди. Жами 5481 киши ушбу хасталикдан вафот этган.

Бир вақтнинг ўзида Эрон режимининг жамоатчиликка аниқ маълумотларни етказишда шаффоф эмаслиги халқаро майдондаги хавотирни кучайтирмоқда, шу билан бир вақтда, мамлакатда коронавируснинг назоратсиз тарқалиши унга қўшни ва бошқа давлатларга таҳдид соляпти.

Шу билан бирга, Хитой ва Россия каби Эрон ҳам фаол равишда вирус ҳақида фитна назарияларини тарқатиб, сохта ва янглиш маълумотларни ёйинлаш билан одамлар ҳаётини хавф остида қолдирмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Спутникнинг коронавирусга нима дахли бор? Спутникни тўплаш учун икки ой керак бўлдими? Эроннинг ишларига ҳеч ким аралашмаганида, у ўзини демократиядан ҳимоя қилиш учун пул сарфлашга мажбур бўлмас эди.

Жавоб бериш