Сиёсат

Ливия армияси қўмондони Москванинг ёлланма жангчилари қўлловида давлат тўнтаришини амалга оширишга уринмоқда

Карвонсарой ва AFP

image

Ливия генерали Халифа Ҳафтарга содиқ ҳарбий батальон аъзолари, ўтган йил декабрь ойида Бенғозида олинган сурат. (Абдуллоҳ Дума/AFP)

Ливиянинг БМТ томонидан тан олинган ҳукумати сешанба (25 апрель) куни Москва қўлловидан руҳланган мухолиф ҳарбий мулозим Халифа Ҳафтарни «халқ мандатига» эгалик даъвоси билан янги тўнтариш режалаштираётганликда айблади.

Танқидчилар тарафидан янги ҳарбий диктатура ўрнатишга уринишда айбланган, Ливиянинг шарқи ва жанубини назорат қилувчи Ҳафтар ўзи тузиб олган «армиясига» Ливияни бошқаришдек «тарихий вазифа юкланганидан» ғурурланишини эътироф этган.

Таҳлилчилар унинг бу қадамини, шу ой бошида Миллий келишув ҳукумати (GNA) кучлари Триполи ғарбидаги стратегик шаҳарларни қўлга киритганидан кейинги бир қатор муваффақиятсизликлардан сўнг, ўз қудратини жамлашга уриниш ўлароқ изоҳламоқдалар.

Нефтга бой шимолий Африка мамлакатида давомли диктатор Муаммар ал-Қаддофийнинг 2011 йилда ҳукуматдан ағдарилиши ва ўлдирилиши ортидан нотинчлик юзага келган, мамлакат шарқи ва ғарбидаги бир-бирига мухолиф кучлар ҳукумат учун курашиб келмоқда.

image

2017 йил Москвада бўлиб ўтган музокара чоғида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу (чапда) маршал Халифа Ҳафтар билан қўл сиқишмоқда. (Россия мудофаа вазирлиги)

image

Евгений Пригожин (марказда) Россия президенти Владимир Путин (чапда) ва Россия бош вазири Дмитрий Медведев (ўнгда) билан суҳбатлашмоқда. Сурат санаси номаълум. Пригожин кенг оммага дунёнинг турли бурчакларидаги уруш ҳудудларида фаолият юритувчи махфий армияга эга «Wagner Group»нинг ҳомийси сифатида танилган. [Файл]

Ҳафтар 2014 йилда сайланган шарқий парламентдан уни қонуний тан олишни талаб қилмоқда, аммо парламент унинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини маълум қилмаган.

У «мандатни» қай тарзда қўлга киритгани ёки қайси ташкилотдан тасдиқлангани ҳақида маълумот бермаган.

Шунингдек, у олти йил аввал Триполидаги зўравонликлар натижасида ўз қароргоҳини кўчиришга мажбур бўлган парламентнинг тарқатилиши ёки тарқатилмаслигини ҳам айтмаган.

Ҳафтар Триполида бирлашган ҳукумат тузиш ҳақида 2015 йилда Марокашда Бирлашган Миллатлар воситачилигида имзоланган Скират шартномаси тугатилишини эълон қилган.

Путин жангарилари киришни бошлаган

Ҳафтар давлат тўнтариши содир этишга ҳаракат қилаётган бир пайтда, Москва уни кучайтирилган ҳарбий кўмак билан қўллаб-қувватлашга уринмоқда ва суриялик ночор ёшларни Ҳафтарнинг кучларини дастаклаш ва жанг қилиш учун Ливияга юбориш билан шуғулланмоқда.

Россия президенти Владимир Путиннинг буйруғи билан ҳаракат қилувчи ёлланма жангчилар – «Вагнер гуруҳи» суриялик ёшларни Ливиядаги жангарилик фаолиятига жалб қилиш бўйича кенг қамровли чораларни мувофиқлаштирмоқда. Бу ҳақда бир қатор Араб давлатлари оммавий ахборот воситалари хабар берган.

Россия ва Суриянинг разведка идораларига алоқадор ходимлар «Россиянинг дўстлари» ташкилоти орқали бу ёшларни Ҳафтар учун жанг қилишга ёлламоқда, уларга катта пулларни ваъда қилиб, ўз сафига жалб қилмоқда, деб ёзади «Al-Sharq al-Awsat» нашри.

«Россиянинг дўстлари» гуруҳи аъзолари Суриядаги Россиянинг Хмеймим ҳарбий базасидан ҳарбий идентификация карталарини олишган, дейилади хабарда.

Бир вақтнинг ўзида, бир қатор кузатувчиларнинг айтишича, Россия самолетлари «Вагнер гуруҳи» аъзоларини ва ҳарбий жиҳозларни Хмеймим базасидан Бенғозига олиб ўтмоқда.

Шу билан бирга, Миллий келишув ҳукумати Ливияга келаётган суриялик жангарилар оқими коронавирус тарқалишини авж олдиришидан хавотирда, сабаби бу ёлланма аскарлар Суриядан россияликлар томонидан ташкиллаштирилган рейслар билан учиб келишмоқда, улар тиббий кўрикдан ўтмаган ва карантинга ҳам олинмаяпти.

Бу жангарилар Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИПК) аъзолари билан бевосита алоқада бўлган, улар ҳам Суриядан амалга оширилган рейсларда учган, деб хабар беради Ливия ички ишлар вазирлиги.

Эрон коронавирус (COVID-19) пандемиясидан энг кўп талафот кўрган давлатлардан биридир.

Айрим ҳудудлар назорати қўлдан-қўлга ўтар экан, суриялик жангчилар бир жойдан бошқа жойга кўчиб, ливиялик аскарлар ва тинч аҳоли вакиллари билан аралашиб кетмоқда. Бу эса касалланиш хавфини кучайтириб, вируснинг Ливиядаги маҳаллий аҳолига юқиш эҳтимолини оширмоқда.

«Умидсизлик кучаймоқда»

Тонгга яқин чиқарилган баёнотида Триполидаги Миллий келишув ҳукумати Ҳафтарнинг баёнотини «сафсата ва ҳукумат тўнтаришига навбатдаги уриниш», деб атади.

Ҳафтар аввалроқ, 2017 йилда ҳам Скират келишувининг тугатилишини эълон қилган, уч йил олдин эса телевидениеда Ливияда ҳукуматни ўз қўлига олишини айтган эди.

28 апрель куни келишувга эришишда воситачилик қилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ҳафтарнинг ҳаракатлари юзасидан ўз хавотирини билдирди.

«Биз учун Скират келишуви ва унга риоя қилаётган ташкилотлар Ливия ҳукуматининг ягона тан олинган тузилмаси бўлиб қолад», деб айтган БМТ вакили Стефан Дюжаррик.

Ҳафтарга содиқ кучлар 2019 йил апрель ойидан бери Триполини қўлга киритишга уриниб келган, аммо уларнинг ҳужуми пойтахт чегарасида тўхтатилган.

Шу ҳафта бошида GNA кучлари уларни Триполи ғарбидаги иккита муҳим соҳилбўйи шаҳридан сиқиб чиқарган эди.

Туркия қўлловидаги GNA аскарлари пойтахтдан 60 км (39 миль) узоқликда жойлашган Тарҳунадаги Ҳафтарнинг асосий базасини қуршовга олмоқда.

GNA Ҳафтарнинг сўнгги баёнотини «ўз жангарилари ва ҳарбийларининг мағлубияти ҳамда диктатура режаларининг муваффақиятсизликка учраганини» яшириш ўлароқ баҳолаган.

Унинг «шарқий Ливияни бевосита назорати остига олишга уриниши Миллий келишув ҳукуматининг ғарбий Ливиядаги ютуқларидан умидсизликка тушганидан дарак беради», деди «Verisk Maplecroft» консалтинг компанияси таҳлилчиси.

«Парламент обрўсини поймол қилиш ва ўзини шарқнинг шаксиз раҳбари деб эълон қилиш билан Ҳафтар ҳар қандай келишувда ўзини марказий ўринга чиқармоқда», деди Киннир.

28 апрель куни Вашингтон икки томонни музокара ўтказишга ва гуманитар келишувга эришишга чақирган.

«Қўшма Штатлар Ҳафтарнинг Ливиядаги сиёсий тизимга бир тарафнинг талаби билан ўзгартириш киритиш мумкин деган фикридан афсусда», деб ёзган Ливиядаги АҚШ элчихонаси ўзининг Твиттер саҳифасида.

«Бир томонлама ечим, ҳатто у куч билан ҳам амалга киритса ҳам, Ливия учун ҳеч қачон барқарор ечим бўла олмайди», деб ёзган Европа Иттифоқи вакили Питер Стано.

Ўз навбатида Россия режими Ҳафтарнинг давлат тўнтаришини қўллаб-қувватлаётганидан эътиборни чалғитишга уринди.

Москва «Ливияда ечимга келишнинг ягона йўли низолашувчи томонларнинг сиёсий ва дипломатик мулоқотига боғлиқлигига ҳамон ишонади», деб баёнот берган Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков 28 апрел куни.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1
Сиёсат * Мажбурий 1500 та белги қолди (1500 max)

Рус ҳаромзода

Жавоб бериш