ОЛМАОТА/ТАРАЗ – Қозоғистонлик шифокорлар коронавирус билан касалланган беморлар саломатлиги учун курашаётган бир пайтда, Хитойдан келтирилган яроқсиз воситалар ва карантиннинг иқтисодга таъсирига оид хавотирлар кучайган.
Жума (1 май) ҳолатига кўра, Козоғистонда 3551 та касалланиш ҳолати қайд этилган, 899 киши соғайган, 25 киши ҳаётдан кўз юмган.
16 март куни Қозоғистон ҳукумати эълон қилган бир ойлик фавқулодда карантин 11 майга қадар узайтирилди, аммо айрим соҳалар 27 апрелдан бошлаб ишлай бошлаган.
«Карантин янги касалланиш ҳолати қайд этилмаган кундан буткул тўхтатилади», деди Қозоғистон бош шифокори Айжан Эсмагамбетова 17 апрель куни Нур-Султондаги брифингда.
Қозоғистонлик шифокорлар пандемия вақтида одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун курашаётган бир пайтда, ҳукумат инқирознинг иқтисодиётга таъсирини юмшатишга ҳаракат қилмоқда.
Кўплаб бизнес субъектлари ёпилган, мамлакат бўйлаб фақат озиқ-овқат ва энг зарурий маҳсулотлар сотувчи дўконларгина ишлаяпти.
Бундай тўхташ йирик компаниялар бир қаторда, Мария Сакулинскаянинг текстил ишлаб чиқариш бизнеси каби кичик корхоналарга ҳам таъсир қилмоқда.
AFP нашри билан суҳбатда бўлган Сакулинскаянинг айтишича, бутун мамлакат иқтисодиётига жиддий зарба берган коронавирус Қозоғистонга кириб келганида, унинг бизнеси кенгайиш арафасида бўлган.
Якка тадбиркор сифатида фаолияти вақтида иш кўпайгани сабабли у яна учта тикувчи билан шартнома тузган эди.
Ўшанда унинг учун энг қизғин мавсум – битирувчилар учун кўйлаклар тикиш вақти яқинлашиб қолган эди.
Лекин, март ойи охирида коронавирус тарқалишига қарши кураш доирасида Қозоғистоннинг иккинчи энг йирик шаҳри – Олмаотада ҳам иккинчи даражали бизнес турлари, жумладан Сакулинскаянинг корхонаси ўз фаолиятини тўхтатган.
Унинг энг асосий мижозлари бўлган мактаблар ҳам ёпилди.
«Карантин менга кучли таъсир қилди», деди Сакулинская. Ҳаммаси рисоладагидек кетганида, унинг ойлик даромади уч мартага ошиб, 1000 АҚШ долларига (423000 тенге) етган бўлар эди.
«Уйда ҳеч нарсасиз қолиб кетдим. Ягона ёрдам ҳукуматдан келмоқда», деди у.
«Мукаммал тўфон»
Сакулинская – карантин туфайли ишсиз қолганлар учун ҳукумат томонидан ажратилаётган 42500 тенге (100 АҚШ доллари) миқдоридаги ёрдам пулини олаётган тўрт миллион қозоқ фуқароларидан бири.
Шу ой бошидан банк ҳисобларига туширилаётган пуллар – вирус ва мамлакатнинг асосий экспорт маҳсулоти бўлган нефть нархининг тушиб кетиши ортидан ҳукуматнинг иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш чораларидан бири.
Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев «мукаммал тўфон» деб атаган бу комбинация натижаси ўлароқ, жорий йилда Халқаро валюта фонди ва Жаҳон банки Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисодиётида пасайиш бўлишини прогноз қилмоқда.
Туғруқ таътилидаги оналар ва карантин сабабли даромад манбаини йўқотганлар ҳукукматдан 42500 тенге миқдорида мунтазам пул ёрдамлари олишмоқда.
Шу билан бирга, ҳукукумат ногиронлар, нафақахўрлар ва кўп болали оилалар каби ҳимояга муҳтож қатлам вакилларига ҳар ой коммунал тўловлар учун 35 АҚШ доллари (15000 тенге) тўлашни ваъда қилган.
Ҳукумат ёрдами жуда зарур ва мен уни олқишлайман, дейди таразлик Камила Сейсенова.
«Мен 42000 тенге олдим», деди у. «Ариза топширганимдан кейин уч кун ўтиб ҳисобимга пул ўтказилди. Корхонамиз ишламаяпти. Маошсиз таътилдаман, бу пул оиламизга ёрдам бўлади.»
Сифатсиз Хитой жиҳозлари
Касалланиш ҳолатлари кўпайиб борар экан, Хитойда ишлаб чиқарилган тестлар ва ҳимоя воситаларининг сифатсиз эканлиги аниқланиши ортидан мамлакат COVID-19 тест тўпламларини мустақил равишда ишлаб чиқаришга киришган.
Қўшма Штатлар томонидан қурилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Карантин ва зооноз инфекциялар бўйича Қозоғистон илмий марказига қарашли Марказий референс лабораторияси коронавирус тестларини ишлаб чиқишда муваффақиятларга эришмоқда, деб айтган соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов.
Маҳаллий шифокорлар Хитой тестлари ва маҳсулотларига унча ишонмайдилар, айниқса интернетда хитойлик «ишлаб чиқарувчилар»нинг антисанитария шароитларида тиббий ниқоблар тикаётгани акс этган видеолар тарқалганидан кейин бу кучайган.
Коронавирусни аниқлайдиган Хитой тестларининг сифати кўплаб мамлакатларда саволлар келтириб чиқарган.
Хитой режими март ойидан бери хорижий давлатларга ниқоблар ва бошқа ҳимоя воситаларини сотишдан миллиардлаб доллар даромад қилаётган бир пайтда, унинг сифатсиз ёки носоз тиббий маҳсулотларидан шикоят қилаётган мамлакатлар сони ошган.
22 апрел куни DTRA Қозоғистонга тиббий маҳсулотлар, жумладан кўп марта ишлатиладиган шахсий ҳимоя воситалари тўпламлари – комбинезонлар, ниқоблар, қўлқоплар ва кўзойнаклар етказиб берган, дейилади Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Шу куннинг ўзида, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Қозоғистонда COVID-19 вирусига қарши кураш учун қўшимча 800 минг АҚШ доллари (343,8 миллион тенге) ажратган, бундан бир ой олдин ҳам ташкилот худди шунча ёрдам пули тақдим этган эди.
Минимал пенсия билан 42500 ёрдам пули берилаётгани ёлғон.
Жавоб беришФикрлар 1