https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2020/05/01/feature-02
| Терроризм

Албанияда ИДнинг Германиядаги ячейкасига алоқадор тожик жангариси қўлга олинди

Карвонсарой

image

Суратда: Германиянинг Карлсруэ шаҳридаги Федерал олий суд биносида турган ниқоб таққан полиция ходимлари, 15 апрел. Мамлакатда ИД террорчилик ячейкасига аъзоликда гумон қилинган беш тожикистонлик ҳибсга олинган. [Thomas Lohnes/AFP]

ТИРАНА, Албания – Албания ҳуқуқ-тартибот органлари Германия томонидан қидирувда бўлган ва «Ислом давлати» (ИД) террорчилик гуруҳига аъзоликда гумон қилинган тожикистонлик фуқарони ҳибсга олди, дея хабар беради пайшанба (30 апрел) куни Озод Европа/Озодлик радиоси.

Мамлакат терроризмга қарши кураш бошқармасининг Интерпол билан ҳамкорликда олиб борилган операцияси давомида тожик миллатига мансуб 24 яшар К. З. исмли шахс қўлга олинган, дейилади Албания полициясининг 30 апрел кунги баёнотида.

Германиянинг Карлсруэ шаҳар федерал суди 21 апрел куни мамлакатда ИД номидан зўравонлик ҳаракатлари содир этиш учун тузилган террорчи тўдага аъзоликда айбланаётган гумондорни ҳибсга олиш учун халқаро ордер берган, дейилади полиция хабарида.

Бу иш гумондорни Германияга экстрадиция қилиш мақсадида Тирана прокурорасига топширилган.

Албаниянинг Top Channel янгиликлар сайти бу шахс Комром Зуҳуров эканлиги ва у чоршанба (29 апрел) куни Тиранада ҳибсга олинганини ёзди.

Аввалроқ Германия бошқа беш кишини ҳибсга олган

Бу воқеадан икки ҳафта аввал немис ҳуқуқ-тартибот идоралари Германия ҳудудида теракт уюштириш мақсадида ИД ячейкаси тузишда гумон қилинган беш нафар тожикистонликни ҳибсга олган эди.

Бу гуруҳ АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг мамлакатдаги базалари ва Ислом танқидчиси деб кўрилган номаълум шахсга ҳужум қилишни режалаштирган.

Немис прокурорларининг айтишича, гумондорларнинг тўрт нафари (ҳаммаси Тожикистон фуқаролари) 15 апрел куни Шимолий Рейн-Вестфалия штатидаги Зиген, Хайнсберг ва Вердол шаҳарларида ҳибсга олинган.

Террорчилик ячейкасининг раҳбари ҳисобланган бешинчи гумондор (у ҳам Тожикистон фуқароси) эса 2019 йил март ойидан бери ҳибсда сақланмоқда. 24 дан 32 ёшгача бўлган эркаклар Германияга қочқин сифатида келишган.

Прокуратура маълумотига кўра, улар 2019 йил январ ойида гуруҳ сафига қўшилиб, ИДдан Германияда ячейка тузиш тўғрисида кўрсатма олганлар.

Гумондорларда қуроллар ва ўқ-дорилар бўлган.

Прокурорларга кўра, ҳужумларнинг содир этилиши муқаррар бўлмаса-да, гумондорлар аллақачон қурол ва ўқ-дориларни қўлга киритиб, бомба ясаш бўйича онлайн кўрсатмаларни юклаб олганлар.

Гуруҳ етакчиси ҳисобланган Равшан Б. террорчилик режаси учун пул тўплаш мақсадида бошқа бир гумондор билан 40 минг долларлик қотилликни амалга ошириш учун Албанияга борган, дейди прокурорлар.

Аммо, немисларнинг айтишича, операция муваффақиятсизликка учраган ва икки эркак Германияга қайтиб келган.

Улар Сурияда ва Афғонистонда ИДнинг икки юқори мартабали етакчиси билан алоқада бўлгани тахмин қилинмоқда.

Сўнгги йилларда ИД Германияда бир нечта террористик ҳужумлари содир этганини даъво қилган. Жумладан, 2016 йил декабр ойида Берлиндаги Рождество бозорида юк машинасининг оломон устига юриб бориши натижасида 12 киши ҳалок бўлган эди.

Сизга мақола ёқдими?

2
Фикрлар 0
Сиёсат
Каптча *