Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Facebook Россия ва Эронга алоқадор юзлаб дезинформация ҳисобларини ўчирди

Карвонсарой

Facebook коронавирус пандемиясидан аввал очилган, аммо «қулай вазиятдан фойдаланиб» кейинчалик ўз контентини тақдим этиш мақсадида коронавирусга оид постлар билан аудитория йиғаётган юзлаб ижтимоий тармоқ ҳисобларини ўчириб ташлади. (Оливье Доули/AFP)

Facebook коронавирус пандемиясидан аввал очилган, аммо «қулай вазиятдан фойдаланиб» кейинчалик ўз контентини тақдим этиш мақсадида коронавирусга оид постлар билан аудитория йиғаётган юзлаб ижтимоий тармоқ ҳисобларини ўчириб ташлади. (Оливье Доули/AFP)

Россия ва Эронга алоқадор кўплаб ижтимоий тармоқ аккаунтлари Facebook саҳифаларида ҳорижий манипуляция ва дезинформацига қарши кураш чоралари доирасида компания томонидан ўчириб ташланган.

Сешанба (5 май) куни Facebook апрель ойида ўз платформасини сайловлар ва жамиятга путур етказадиган чалғитувчи маълумотлар ва сохта аккаунтлардан тозалаш мақсадида уларни ўчиргани ҳақида ўз веб-сайтида хабар берди.

Facebook баёнотига кўра, ўчирилган юзлаб аккаунтлар компанияга тегишли Facebook ва Instagram саҳифаларида фаол иш олиб борган ва саккиз тармоқ билан алоқадор бўлган.

Ўз контенини халқаро миқёсда ёйинлаган Россия ва Эрон аккаунтлари фаолиятини тўхтатиш билан бирга, компания Грузия республикасидаги иккита ва Қўшма Штатлардаги иккита тармоқ фаолиятига ҳам чек қўйган.

5 май куни Facebook Россия ва Эронга алоқадор юзлаб тролль аккаунтларни ўчиргани ҳақида хабар берган. (Pexels.com)

5 май куни Facebook Россия ва Эронга алоқадор юзлаб тролль аккаунтларни ўчиргани ҳақида хабар берган. (Pexels.com)

Facebook компаниясига кўра, бу тармоқлар пандемиядан олдин яратилган бўлса-да, бу хатти-ҳаракатлар ортида турганлар коронавирусга оид материаллар жойлаш билан «қулай вазиятдан фойдаланиб», кейинчалик ўз контентини тақдим этиш мақсадида аудитория йиққан.

«Фишинг, фирибгарлик ёки таъсир чоралари орқали бошқаларни адаштиришни истаганлар инқироздан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиши маълум, коронавирус пандемияси ҳам бундан мустасно эмас», дейилади Facebook баёнотида.

«Шубҳали хатти-ҳаракатлар»

Facebook Россияда 46 та саҳифа, 91 та Facebook аккаунти, иккита гуруҳ ва битта Instagram аккаунтини ўчирган. Бу тармоқ дунё бўйлаб турли минтақаларни нишонга олган ҳолда рус, инглиз, немис, испан, француз, венгер, серб, грузин, индонез ва форс тилларида постлар қолдирган.

«Тергов давомида бу фаолият Россия, Украинанинг Донбасс ҳудуди, Қримдаги NewsFront ва SouthFront – иккита ОАВ ташкилоти билан боғлиқ экани маълум бўлди», деб хабар берган АҚШ компанияси. «Бу тармоқ минтақадаги мувофиқлаштирилган шубҳали хатти-ҳаракатларнинг ички текшируви доирасида аниқланди.»

Эронда 118 та саҳифа, 389 та Facebook аккаунти, 27 гуруҳ ва олтита Instagram аккаунтлари ўчирилган.

Материаллар Эрондан туриб тарқатилган ва Жазоир, Бангладеш, Босния, Миср, Гана, Ливия, Мавритания, Марокаш, Нигерия, Сенегал, Сиерра Леоне, Сомали, Судан, Танзания, Тунис, Қўшма Штатлар, Бирлашган Қироллик ва Зимбабве давлатларини нишонга олган, деб хабар беради Facebook.

«Тергов натижасида бу фаолиятнинг Эрон ислом республикаси телерадиоузатиш корпорацияси билан алоқадор экани ойдинлашган», дейилади Facebook баёнотида.

Давомли чоралар

Бу Facebook томонидан кўрилган сўнгги чоралардан бири бўлиб, хорижий манипуляция, шу жумладан, муайян сиёсий хабарлар, кўп ҳолларда дезинформацион маълумотларни сунъий равишда тарғиб қилишга қарши курашни кўзда тутади.

Февраль ойида Facebook компанияси ижтимоий тармоқдаги манипуляция ва дезинформацияга барҳам бериш чоралари доирасида Россия ҳарбий разведкасига алоқадор ўнлаб аккаунтларни ўчирганини маълум қилганди.

78 та Facebook ва тўртта Instagram аккаунтидан иборат Россиядаги тармоқ асосан Украина ва қўшни давлатларга қаратилган бўлиб, Суриядаги можаро, Қримдаги этник зиддиятлар ва 2014 йилда Украинада Малайзия авиакомпаниясига қарашли самолет ҳалокати ҳақидаги хабарларни чоп этган.

Ўтган йил октябрь ойида компания Россияга алоқадор бир нечта аккаунтни ўчириб ташлаганини маълум қилган эди. Бу аккаунтлар эгалари АҚШда 2020 йилда бўладиган сайловларга аралашишга уринган.

2019 йил май ойида ижтимоий тармоқларда қатор минтақалар, жумладан Марказий Осиёга қаратилган, Россиядан туриб олиб борилаётган зарарли таъсир чоралари давом этар экан, Facebook компанияси Россия тарафидан очилган саҳифалар, гуруҳлар ва аккаунтлардан яна бир қанчасини ўчириб ташлаган эди.

2019 йил март ойида компания Instagram ва Facebook тармоқларида зарарли таъсир билан шуғулланган Россиядаги 2600 дан ортиқ саҳифа, гуруҳ ва аккаунтлар фаолиятига чек қўйган.

2018 йил апрель ойида эса Facebook ижтимоий тармоғи дунё бўйлаб жамоатчилик фикрига таъсир ўтказишга уринишда айбланган Россиянинг «троллар фабрикаси»га алоқадор юзлаб Facebook ва Instagram аккаунтлари ёпилганини эълон қилган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ахлатдан тозалашмоқда

Жавоб бериш