ОЛМАОТА – Юқумли касалликлар дунё бўйлаб «ҳар қачонгидан ҳам тезроқ» суръатда тарқалар экан, Қўшма Штатлар коронавирусга қарши кураш йўлида Марказий Осиё мамлакатларига кўрсатилаётган ёрдамни «бутун дунё учун сармоя» деб ҳисобламоқда, дейди АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказларининг (CDC) минтақавий раҳбари.
Бу ҳақда CDCнинг Марказий Осиё бўйича раҳбари Даниэл Сингер чоршанба (6 май) куни Марказий Осиё мамлакатлари журналистлари билан телефон орқали мулоқоти чоғида айтиб ўтган, дейилади АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси баёнотида.
Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистондаги журналистлар саволларига жавоб берар экан, Сингер Қўшма Штатларнинг COVID-19га қарши курашдаги роли ва бу борада АҚШ ҳукуматининг Марказий Осиё аҳолисини қўллаб-қувватлашга оид режалари ҳақида сўзлаган.
Ҳозирги кунга қадар CDC Марказий Осиё мамлакатлари учун пандемияга қарши кураш бўйича 6,8 миллион долларлик ёрдам ажратишга ваъда қилган.
«Келгуси икки йил давомида тақдим этиладиган 6,8 миллион доллар маблағ ускуналар сотиб олиш, ўқитишни ташкил этиш, касалликни тушунишдаги ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақадаги соғлиқни сақлаш вазирликларига фуқароларни ҳимоялаш бўйича барча зарурий чораларни кўриши учун йўналтирилади», деди у Олмаотадаги журналистларга.
АҚШ кўмаги, шунингдек миллий лабораторияларнинг COVID-19 тестларини ўтказиш имкониятларини кенгайтириш учун миллионлаб долларлик ускуналар ва материаллар сотиб олишни ўз ичига олади, деди у.
«Биз январ ойидан бери Марказий Осиёда COVID-19 билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатиб келмоқдамиз ва минтақадаги барча ҳукуматларнинг пандемияга қарши чораларини қўллаб-қувватлаш учун техник ёрдам таклиф қилдик», деди Сингер.
CDC Марказий Осиёда 25 йиллик иш тажрибасига эга. Унинг 50 дан ортиқ мамлакатларда, жумладан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда ваколатхоналари бор, деди у. Шунингдек, CDC Туркманистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг илтимосига биноан бу мамлакатга ҳам ўз ёрдамини таклиф қилмоқда.
«Биз чегаралар ва мамлакатга кириш нуқталарига келаётган одамларнинг саломатлигини мониторинг қилиш учун зарурий жиҳозлар ва малака ошириш курсларини тақдим этишга тайёрмиз», деди Сингер.
CDC эпидемиологлари, лаборатория ва соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари соғлиқни сақлаш вазирликлари билан аҳоли саломатлигига доир фанларини ривожлантириш ва касалликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга қарши чора кўриш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш юзасидан ҳамкорлик қилмоқда, деди Сингер.
«АҚШ нима учун бу ёрдамни муносиб инвестиция сифатида кўраётгани сир эмас, сабаби касалликлар, айниқса юқумли касалликлар дунё бўйлаб ҳар қачонгидан ҳам тезроқ тарқалмоқда», деди у. «Бизнинг Марказий Осиёга кўмагимиз – нафақат бу мамлакатлар, балки Америка ва бутун дунё саломатлигига йўналтирилган сармоядир.»
«Соғлиқни сақлаш хавфсизлигини яхшилашга қаратилган CDC инвестициялари юзага келаётган таҳдидлар, жумладан ҳозирги коронавирус пандемиясига қарши тез ва самарали тайёргарлик учун замин ҳозирлайди. Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорлигимиз ҳозир ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ», деб қўшимча қилди у.
Ўзбекистон ва Тожикистоннинг шошилинч эҳтиёжларини қондириш
Сингер ёрдам дастурига оид тафсилотларини сўзлаб берар экан, 6 май куни Тошкентдаги АҚШ элчихонаси ўз веб-сайтида Ўзбекистонга COVID-19 пандемиясига қарши кураш учун CDCнинг 2,07 миллион долларлик ёрдами ажратилишини эълон қилган.
Ушбу маблағлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган энг зарурий эҳтиёжларни қондиришга йўналтирилади.
У коронавирус инфекциялари диагностикасини яхшилаш ва тестлар натижаларини қайта ишлашни тезлаштириш мақсадида COVID-19 синовлари учун лаборатория ускуналари ва материалларини харид қилишни ўз ичига олади.
Шунингдек, ажратилган маблағ CDC Атлантада очганига ўхшаш Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида шошилинч тиббий операциялар марказини ташкил этиш учун тегишли жиҳозларни харид қилиш ва тренинг ўтказишга сарфланади.
Душанбедаги АҚШ элчихонасининг 6 май кунги хабарига кўра, COVID-19 тарқалишига қарши чораларни қўллаб-қувватлаш учун Тожикистонга ажратиладиган ёрдам ҳажми ҳам оширилган.
Мамлакат АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан ажратилган 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ёрдамга қўшимча равишда CDC томонидан 1,69 миллион АҚШ доллари олади.
«Бу ёрдам тожикистонликлар ва қаҳрамонларча ишлаётган тиббий ходимларнинг бутун дунёни қамраб олган бу инқирозни енгиб ўтишига ёрдам беради», деб айтган АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Марк Поммершейм.
«Ўтган 20 йил давомида АҚШ элчихонаси Тожикистоннинг шу каби инқирозларга қарши чора кўриш салоҳиятини кучайтириш мақсадида 125 миллион АҚШ долларига яқин тиббий кўмак тақдим этган», деб қўшимча қилди у.
Мигрантлар Қирғизистон элчихонасини қамал қилишди. Одамлар ғазабда, консул ҳужумдан хавфсирамоқда. Мигрантлар Москвадаги Қирғизистон элчихонаси олдида навбатга туришмоқда. Одамлар қийин аҳволга тушиб қолдилар: бир ойдан ошибдики, улар ватанларига қайтиб кетишга уринмоқда, аммо карантин туфайли бунинг имкони бўлмаяпти. Вазият шунга бориб етдики, консул полициядан ёрдам сўрашга мажбур бўлди: ОАВга кўра, у одамлар аччиқ устида элчихонага ҳужум қилишидан қўрқмоқда. Мана иккинчи ойдирки, улар WhatsApp гуруҳлари орқали алоқада бўлиб туришибди, бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, ўзаро маълумот алмашмоқда. Яқинда «Аэрофлот» компанияси 17 май куни Бишкекдан Россия фуқароларини ватанига қайтариш учун рейс ташкил этилиши маълум бўлган эди. Одамлар Москвадан Бишкекка учаётган самолётга ўтириб уйларига қайтишга умид қилган эдилар. Қирғизистон консули Аликбек Жекшенкулов элчихона олдида йиғилганлардан кимдир унга ҳужум қилиши мумкинлигидан хавотирда. Унинг таъкидлашича, сўнгги кунларда қирғизистонлик мигрантларнинг WhatsApp гуруҳларида айрим фитначилар пайдо бўлган ва одамларни элчихона деразаларни синдиришга ва ҳатто дипломатик ваколатхона раҳбарини осишга чақирган. Шунинг учун Жекшенкулов полициядан бинони қўриқлашни кучайтиришни сўраган.
Жавоб беришФикрлар 3
Аҳоли орасида COVID билан боғлиқ турли хил бўлмағур фитна назариялари билан қўшиб-чатилган ўзгача фикрлаш авж олиб бормоқда. Шахсан мен, энг самарали ёрдам – бу вируснинг мавжудлигини исботлаш ва кўрсатиш деб биламан! Кимдир қуйида ёзганидек, бир неча миллион кишининг оддий одамларга етиб бориши даргумон!
Жавоб беришФикрлар 3
Ёрдамнинг 80 фоизи амалдорларнинг чўнтагига, қолгани манзилга етиб боряпти
Жавоб беришФикрлар 3