Карвонсарой
Хавфсизлик

Денгиздаги ҳалокат Эрон ҳарбийларида профессионализм етишмаслигини кўрсатди

Карвонсарой

Кунаркдаги фалокат қурбонларининг жасадлари Эрон ҳарбий аэропортига олиб келинмоқда, 12 май. (Эрон мудофаа вазирлиги)

Кунаркдаги фалокат қурбонларининг жасадлари Эрон ҳарбий аэропортига олиб келинмоқда, 12 май. (Эрон мудофаа вазирлиги)

ТЕҲРОН – Ўмон кўрфазидаги 19 нафар эронлик денгиз ҳарбийлари ўлимига сабаб бўлган «ўзиникиларга қарата бехосдан ўт очиш» хатоси Эрон режими ва хавфсизлик кучларининг устувор йўналишларни адаштириш ва профессионалликнинг етишмаслиги каби асосий заифликларига мисол бўлди.

10 май куни Эроннинг жанубий соҳилидаги Бандари Жаск шаҳри яқинида ўтказилаётган ҳарбий машғулотлар чоғида Эроннинг «Жамаран» фрегати «Кунарк» ёрдамчи кемасига қарата ўт очган, натижада 19 киши ўлган ва 15 киши жароҳатланган. Бу ҳақда Эрон денгиз кучлари душанба (11 май) куни хабар берган.

«Кема машғулот нишони манзилига олиб келинганидан сўнг, ўзи ва нишон ўртасида етарли масофа ҳосил қилмагани сабабли зарба остида қолган», дейилади давлат телеканалининг веб-сайти хабарида.

Ҳарбийлар баёнотига кўра, кемани соҳил бўйига «техник текширув» учун олиб келишган. Жамоатчилик батафсил маълумот очиқлангунига қадар «миш-мишларга» ишонмасликка чақирилган.

Кунаркдаги бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлган яқинлари учун мотам тутаётган эронлик аёллар, Эрон ҳарбий аэропорти, 12 май. (Эрон мудофаа вазирлиги)

Кунаркдаги бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлган яқинлари учун мотам тутаётган эронлик аёллар, Эрон ҳарбий аэропорти, 12 май. (Эрон мудофаа вазирлиги)

Видеолавҳадан олинган кадрда 10 май куни камида 19 одамнинг ўлими ва 15 кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган Эрондаги денгиз ҳалокати оқибатлари акс этган. (Jam-e-Jam Daily)

Видеолавҳадан олинган кадрда 10 май куни камида 19 одамнинг ўлими ва 15 кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган Эрондаги денгиз ҳалокати оқибатлари акс этган. (Jam-e-Jam Daily)

«Jam-e-Jam Daily» нашри томонидан тарқатилган видеолавҳада Кунарк кемаси қисман сув остида қолгани ва тутаб тургани акс этган.

Ҳалокатли оқибатлар

10 май куни содир бўлган «бахтсиз ҳодиса» шу йилнинг ўзида Эрон ҳарбийлари томонидан янглиш ўқ отиш натижасида одамлар ўлимига олиб келган иккинчи ҳолатдир.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИПК) 8 январь куни Украина халқаро авиакомпаниясининг йўловчи самолётига қарата ўт очган, натижада 176 йўловчи ва борт ходимлари, жумладан 146 та эронлик ҳалок бўлган.

Уч кун давомида ҳалокатга алоқадорликни рад этар экан, бу ҳолатни «инсон хатоси» билан юз берган «мудҳиш хато» деб эътироф этган Теҳрон самолётни уриб туширганлигини тан олган.

Денгиздаги ҳалокатдан сўнг, Теҳрон Кунаркда «бахтсиз ҳодиса содир бўлгани ва қатор денгизчилар шаҳид бўлишгани»ни айтиш билан кифояланган.

Эрон денгиз кучлари «ҳодиса тергов қилинаётгани» ҳақида хабар бердилар.

Ҳарбий таҳлилчиларнинг New York Times нашрига маълум қилишларича, ракета отилишига масъул зобит «Кунарк» хавфсиз масофага етиб олмасидан аввал ўт очган ёки ракета «Кунарк»ни каттароқ кема деб билиб, уни бевосита хавф деб малакалаган.

«Жамоатчиликни хабардор қилишда яна шаффофлик етишмаётгани кузатилмоқда, бу ҳолат Украина самолётининг уриб туширилиши билан боғлиқ аччиқ хотираларни ёдга солади», деб ёзган эронлик диний арбоб, собиқ вице-президент Муҳаммад Али Абтаний 11 май куни ўз Instagram саҳифасида.

Янглиш устуворликлар

Бир неча ой ичида юз берган иккита мудҳиш хато Теҳроннинг ҳарбий стратегияси салоҳиятини ва Эрон ҳарбий кучларининг тайёргарлигини сўроқ остида қолдирмоқда, дейди таҳлилчилар.

«Эрон давлатини ҳимоя қилишга қодир бўлган армияга эътибор қаратиш ўрнига, ҳукумат кўнгиллилар армияси, дронлар ва баллистик ҳамда қанотли ракеталарни ишлаб чиқаришга зўр бермоқда», деди Вашингтондаги «Gulf State Analytics» компаниясининг катта маслаҳатчиси Теодор Карасик Arab News нашрига.

Охирги хато шунчаки «пала-партишлик» бўлиб қолмай, Эрон армиясининг тажрибасизлиги ва нопрофессионаллигини фош этди, деди Калифорния штати Монтерей шаҳридаги ҳарбий денгиз мактабининг миллий хавфсизлик муносабатлари кафедраси доценти Афшон Остовар.

«Ўзаро тушунмовчилик юз берган ёки кимдир протоколларга умуман риоя қилмаган. Эҳтимол, иккала ҳолат ҳам юз берган бўлиши мумкин», деб айтган у New York Times нашрига.

«Эрон армияси ўзини қай даражада кучли деб билмасин, у қимматга тушаётган жиддий хатолар қилишда давом этмоқда», деди у.

«Эрон ҳарбий кучларида, улар хоҳ ҳаво ёки денгиз кучлари, хоҳ Инқилоб қўриқчилари ёки армия бўлсин, координация, қўмондонлик ва назоратга оид доимий муаммолар бор», дейди Эроннинг Форс кўрфазидаги ҳарбий ва денгиз операциялари бўйича Вашингтон институтининг Яқин Шарқ сиёсати бўйича таҳлилчиси Фарзин Надими New York Times нашрига.

Проксиларга таяниш

523 мингта мунтазам ва 350 мингта заҳирадаги кучларни ҳисобга олганда, Эрон армияси Яқин Шарқдаги энг йирик ва фаол ҳарбий хизматчиларига кўра дунёда саккизинчи ўринда турувчи армиядир.

Эскириб бораётган ускуналар, халқаро санкциялар, қуроллар импортига чеклов ва эндиликда бу икки кенг миқёсли мудҳиш воқеадан сўнг, Эрон армияси бевосита жанговар ҳолатларга тайёр эмаслиги аниқ бўлиб улгурган, дейди таҳлилчилар.

Теҳроннинг ҳарбий харажатлари рақиблар билан солиштирилса, масалан 2018 йилда Саудия Арабистонининг 70 миллиард долларлик ва АҚШнинг 700 миллиард долларлик харажатлари билан таққослаганда бор йўғи 13 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади. Шу билан бирга унинг иттифоқчилари ҳам саноқли.

«Эроннинг Россия билан муносабатлари яхши, шунингдек Хитой билан ҳам, аммо мустаҳкам ва қудратли иттифоқчилари йўқ», деб хабар берган The Atlantic нашри 4 январь куни. «Умуман, дунёнинг энг ёпиқ давлати ўлароқ, унинг иттифоқчилари ҳам кўп эмас.»

Шу боис Теҳрон минтақада проксилардан фойдаланган ҳолда носимметрик уруш олиб бориш стратегиясини илгари сурмоқда.

Мисол учун, Сурияда афғонистонлик ва покистонлик жангарилардан иборат ИИПК қўлловидаги Фотимиюн дивизияси ва Зайнабиюн гуруҳи кўнгиллилари президент Башар ал-Асад режимини қўллаб-қувватлашга кўмак бермоқда.

Ливандаги Ҳизбуллоҳ Эрон режими мақсадларига хизмат қилади, Яманда эса хусийлар Теҳрон номидан қонуний ҳукуматга қарши жанг қилмоқда.

Айниқса, ИИПКнинг Қудс кучлари қўмондони Қосим Сулаймоний ва Оммавий сафарбарлик кучлари (ОСК) қўмондони ўринбосари Абу Маҳдий ал-Муҳандис 3 январь куни Бағдод аэропортида АҚШ дрони ёрдамида ўлдирилганидан сўнг, Ироқдаги нотинчликлар ортида ҳам Эрон қўлловидаги жангарилар турибди.

Сохта савлат

Сулаймонийнинг ўлимидан кейин Эроннинг сиёсий арбоблари ва ИИПК етакчилари «мудҳиш ва шафқатсиз қасос» олиб билан қўрқитиб, минтақадан АҚШ ҳарбий кучларини чиқариб юбориш билан таҳдид қилишди.

«Аммо шу кунгача Эрон шафқатсиз қасос ҳам олмади, америкаликларни минтақадан чиқариб ҳам юбормади», деди Кобулда жойлашган ҳарбий таҳлилчи Азиз Аҳмад Вардак. «Бундай баёнотлар минтақадаги давлатларни қўрқитиш учунгина берилади.»

«Эрон армияси, айниқса ИИПК ёлғон сўзламоқда ва ўзи ҳақидаги маълумотларни бўрттириб кўрсатмоқда», деди у. «Ҳақиқатда эса, Эрон ўзи даъво қилаётган ҳарбий ва жанговар салоҳиятга эга эмас.»

Февраль ойида Эрон ҳукумати ракета технологияларига оид бир қатор тасдиқланмаган иддаолар билан чиққан, аммо вақт ўтиб, узоқ кутилган сунъий йўлдош парвози муваффақиятсизликка учраган.

9 февраль куни ИИПК қисқа масофага учувчи баллистик ракеталарни тақдим қилиб, улар «янги авлод» двигателлари билан жиҳозлангани ва сунъий йўлдошларни ер орбитасига олиб чиқишга қодирлигини айтган эди.

Аммо, бир неча соатдан сўнг давлат телевидениеси орқали чиқиш қилган Мудофаа вазирлиги вакили «Зафар» сунъий йўлдош орбитага чиқиш учун етарли тезликка эриша олмаганлигини билдирди.

2019 йил январда яна бир сунъий йўлдош орбитага чиқа олмаган эди.

Шубҳали даъволар

Бу каби қимматга тушган хатоларга қарамай, Теҳрон ҳали ҳам ўз космик дастурини ривожлантириш устида ишламоқда. Халқаро ҳамжамият аъзоларининг фикрича, бу дастур ракета ишланмалари учун ниқоб бўлиб хизмат қилади.

22 апрель куни Эронга тегишли илк ҳарбий сунъий йўлдошнинг орбитага учирилиши режим устуворликларидаги хатоларни юзага чиқарди, зеро мамлакат заифлашиб бораётган иқтисодиёт ва COVID-19 коронавирус пандемиясининг вайронкор оқибатлари билан курашмоқда.

Қимматга тушган бу парвоз ортидан АҚШ Давлат котиби Майк Помпео вирусга қарши кураш учун Халқаро валюта жамғармасидан 5 миллиард долларлик фавқулодда кредит сўраган режимнинг иккиюзламачилигини тилга олган.

«Умид қиламанки, Эрон режими глобал террорчилик кампаниясини давом эттиришдан кўра, Эрон халқининг саломатлиги ва хавфсизлигига эътибор қаратиб, унинг бу соҳаларни устувор деб белгилаш ҳақидаги талабларини қондиради», деди у Вашингтонда журналистларга.

Парвоз 15 апрел куни ИИПК COVID-19 детекторини тақдим этиб, навбатдаги шубҳали технологик ютуқни эълон қилганидан бир ҳафта ўтиб амалга оширилган.

«Бу турли шифохоналарда синаб кўрилган ажойиб илмий техника», деб айтган ИИПК қўмондони, генерал Ҳусайн Саламий қурилманинг ТВдаги тақдимот маросимида.

У инфекцияланган юзаларни аниқлаш ва 100 метр радиусдаги вирус ташувчиларини атиги беш сония ичида ташхислаш имконини беради, деди у.

Аммо Твиттерга жойланган видеолавҳада бу қурилма тиббий муассасада синовдан ўтаётгани ва у вирусни бир метрдан камроқ масофада ҳам аниқлай олмаётгани сабабли одамларнинг гангиб тургани акс этган, деб хабар беради Фарда радиоси.

«ИИПК йўловчи самолётни ракетадан фарқлай олмаса, нанометр ўлчамдаги вирусни беш сония ичида аниқлай олишига қандай ишониш мумкин?», дейди Twitter фойдаланувчиларидан бири қурилмани «термометр устига қўйилган антенна» деб мазах қилиб.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ўхў

Жавоб бериш