Карвонсарой
Саломатлик

Кремлнинг ўз соғлиқни сақлаш тизимига нисбатан дезинформация қўллагани россияликларни ғазабга солди

Карвонсарой ва AFP

Москвадаги Спасокукоцкий шифохонасида тиббий ходимлар коронавирус беморларини даволаш учун сменага тайёрланмоқда, 22 апрель. Президент Владимир Путин коронавирусга қарши курашда иштирок этган шифокорлар ва ҳайдовчиларга қўшимча маош ва ойлик пул мукофотлари тўланишига ваъда берган эди. Аммо меъёрдан ортиқча ишлаган шифоркорлар апрель ойи тўловларини текширганларида бундай саховатли маблағлар асарини топа олишмаган. (Юрий Кадобнов/AFP)

Москвадаги Спасокукоцкий шифохонасида тиббий ходимлар коронавирус беморларини даволаш учун сменага тайёрланмоқда, 22 апрель. Президент Владимир Путин коронавирусга қарши курашда иштирок этган шифокорлар ва ҳайдовчиларга қўшимча маош ва ойлик пул мукофотлари тўланишига ваъда берган эди. Аммо меъёрдан ортиқча ишлаган шифоркорлар апрель ойи тўловларини текширганларида бундай саховатли маблағлар асарини топа олишмаган. (Юрий Кадобнов/AFP)

МОСКВА – Москва Ғарб давлатлари соғлиқни сақлаш тизими обрўсига путур етказиш мақсадида янги коронавирус пандемияси ҳақида дезинформация тарқатишга оид саъй-ҳаракатларни кучайтирар экан, Россия президенти Владимир Путин ўз мамлакати соғлиқни сақлаш тизимида ҳам тартибсизлик ва саросима тактикаларини қўллаяпти. Бундай ҳолатлар россиялик тиббиёт ходимлари орасида норозилик келтириб чиқарган.

Москва яқинида ишловчи 24 яшар шифокор Мариянинг беморларидан бирида коронавирус касали аниқланса, устама тўлов олишини кутганди. Аммо, қайтанга унинг маоши камайди.

У пойтахтдан 200 км узоқликдаги шаҳарчада беморларни уйига бориб текширади, одатда бир кунда учтагача чақирув бўлади. Аммо апрель ойида Россияда пандемия кучайиши билан бундай чақирувлар сони 30 тага етган.

Президент Владимир Путин апрелда телевидение орқали чиқиш қилиб, вирус билан оғриган беморларни даволаган шифокорларга ҳар ойда 80 минг рубль (1078 АҚШ доллари) мукофот пули берилишини эълон қилганди. Мария буни хавф ва ортиқча иш учун компенсация пули деб ўйлаган.

Бемор эркакни COVID-19 янги коронавируси билан касалланганлар сақланадиган Москва яқинидаги Коммунарка аҳоли пунктига олиб кетаётган тиббий ходимлар, 28 апрель. (Александр Неменов/AFP)

Бемор эркакни COVID-19 янги коронавируси билан касалланганлар сақланадиган Москва яқинидаги Коммунарка аҳоли пунктига олиб кетаётган тиббий ходимлар, 28 апрель. (Александр Неменов/AFP)

«Агар инфекцияга чалинганлар билан алоқа қилишга тўғри келса, менга ҳам пул тўланади деб умид қилгандим», деб айтган Мария анонимлик шарти билан AFP нашрига келажакда карьерасига путур етишидан қўрқиб.

Аммо бунинг тамоман акси юз берди.

Беморлардан бирини текширганидан кейин Марияда касаллик аниқланиши ортидан, унга икки ҳафта давомида ўзини яккалаш талаби қўйилди. Апрель ойида унинг маоши камайган ва атиги 14 минг рублни (189 АҚШ доллари) ташкил этган.

Унинг ойлик маоши ойдан ойга турлича бўлган, аммо иккита жойда ва қўшимча тарзда ишлашини ҳисобга олганда, кўпи билан 35 минг рубль (486 АҚШ доллари) маош олган.

«Менга вирус юқиши мумкин эди, аммо мукофот пули ўрнига одатдагидан кам маош олдим», деди Мария. Унга ҳар бир смена учун битта тиббий ниқоб ва қўлқоп берилган.

Россиядаги соғлиқни сақлаш ходимлари Путиннинг коронавирусга қарши курашда иштирок этган шифокорлар ва ҳайдовчилар учун қўшимча маош ва 25 минг рублдан 80 минг рублгача (337 дан 1078 АҚШ доллари) ойлик пул мукофотлари тўланиши ҳақидаги ваъдасига ишонган эдилар.

Аммо қўшимча равишда меҳнат қилган шифокорлар апрель ойи маошини олар экан, бу саховатли мукофотлардан асар ҳам кўрмаганлар.

Шифокорлар ҳафсаласи пир бўлган

Кўпчилик маош чекларининг расмини интернетга жойлаган, уларга кўра устама тўлов 10 АҚШ доллари ва ундан кам бўлган ёки умуман ҳисобланмаган.

Чоршанба (13 май) куни бош вазир Михаил Мишустин муаммони тан олди.

Ҳукумат соғлиқни сақлаш тизимига мукофор пуллари учун 27,5 миллиард рубль (365 миллион АҚШ доллари) ўтказган, аммо ҳудудий ҳокимликлар 4,5 миллиардлик (60 миллион АҚШ доллари) тўлов амалга оширганлар, деди у.

«Хатто янги инфекция энг кўп тарқаган ва шифокорлар учун юклама энг кўп бўлган ҳудудларда ҳам тўлов муаммоси мавжуд», деб эътироф этди у.

Путиннинг буйруғи соғлиқни сақлаш тизими бюрократиясидан ўтиш жараёнида ўз кучини йўқотди, дейди «Action» тиббий ходимлар касаба уюшмаси ҳамраиси Андрей Коновал.

Айрим шифохоналар «коронавирус жамоасига» муайян ходимларнигина қўшган, Марияга ўхшаганлар эса вирус билан юзма-юз келган бўлса ҳам мукофот пули олмаган.

Баъзи ҳудудларда шифохоналар пулни тежаш учун инфекция билан алоқада бўлинган вақтни дақиқасигача ҳисоблаганлар.

Баъзи шифохоналардаги тез ёрдам жамоаларига эса тасдиқланган касалланиш ҳолатларидагина қўшимча пул ҳисобланган.

Коновалга кўра, «аслида юқори қон босими чақирувига борган тез ёрдам ходимларининг касалликка чалиниш эҳтимоли катта, сабаби улар яхши ҳимояланмаган ва бемор ўзида инфекция бор ёки йўқлигини билмайди».

Путиннинг мукофот пули ҳақидаги ваъдалари қулоққа жуда «ёқимли» эшитилган эди, деди у. «Аммо шифокорларнинг ундан ҳафсаласи пир бўлган».

Арзимаган пул учун ишлаш

Яқинда ўтказилган «оптималлаштириш» ислоҳотлари натижасида минглаб клиникалар ёпилар экан, тиббий ходимларни қадрламаслик ҳолатлари соҳа ходимлари орасидаги норозиликни кучайтирди.

Буларнинг бари берилган ваъдаларнинг бажарилмаслигига кўниккан «тиббиёт ходимларининг устидан кулишдек кўринмоқда», дейилади ўтган ҳафта «Action» касаба уюшмаси томонидан эълон қилинган петицияда. Улар мукофот пулларининг тўлиқ берилишини талаб қилмоқдалар.

Қўшимча тўловлар олиш ҳуқуқини кенгайтиришга чақирувчи бу петиция 100 мингдан ортиқ имзо тўплади.

Россияликлар иқтисодий қийинчиликларга дуч келган бир пайтда, шифокорларга қўшимча пул тўлаш ҳақидаги Кремлнинг ваъдаси тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик орасида тангликни келтириб чиқарган эди, деди Коновал.

«Пандемия вақтида катта пул оладиган шифокорлар ҳақидаги миш-мишлар сариқ чақа учун ишлаётган шифокорларга ёқмайди», деди у.

Шифокорлик касби – муносиб иш ҳақи талаби ўрнига, хизмат сифатида қабул қилинадиган бу мамлакатда соҳа ходимларининг кўпчилиги қўшимча маош талаб қилишни истамайдилар.

«Беморлар кўп ишлаганимиз учун катта пул олишимиз кераклигини айтадилар», дейди Москва яқинидаги клиникада шифокор бўлиб ишлайдиган Мария.

«Аммо ҳеч ким шикоят қилмайди, чунки уларга фарқи йўқ», деди у. «Мен фақат адолат қарор топишини хоҳлайман, ҳеч қандай уруш бошламоқчи эмасман.»

Москва рақамларни сохталаштиряптими?

Россияда илғор ўринларда пандемияга қарши кураш учун шифокорлар етишмаётган бир пайтда, айрим кузатувчилар коронавирус билан боғлиқ касалланиш ва ўлим ҳолатларининг расмий сонига шубҳа билан қарамоқдалар.

Жума, 15 май ҳолатига кўра, Россияда COVID-19 билан боғлиқ 262843 та ҳолат тасдиқланиб, бу борада мамлакат дунёда иккинчи ўринга чиққан. Вирусдан 2418 нафар россиялик ўлди, бу Буюк Британия, Франция, Италия ва Испаниядагидан 10 баробар кам.

Танқидчиларнинг эътирозича, Россия маъмурлари инқироз кўламини кичрайтириш учун ўлимлар сонини камайтириб ҳисоблаяпти. Соғлиқни сақлаш тизими етарлича молияланмайдиган мамлакат вирусга қарши курашни Қўшма Штатлар ва Ғарбий Европа мамлакатларидан яхшироқ эплаётганига ишониш қийин, дейди улар.

Шу ҳафтада эълон қилинган рақамларга кўра, Москвада апрел ойидаги ўлим кўрсаткичи вирус билан касалланиш ҳолатларидан ошиб кетгани қайд этилгач, айримлар бу маълумотларнинг ишончлилигига шубҳа билдиришган.

Рақамларга кўра, ўтган ойда Москвада 11846 ўлим қайд этилган, бу 2019 йилнинг апрель ойига нисбатан 1841 тага кўп, аммо коронавирусдан ўлган одамлар сони 639 тани ташкил этган.

13 май куни шаҳар соғлиқни сақлаш идоралари рақамлар сохталаштирилганини рад этдилар. «Ўлим кўрсаткичларини ҳар ойда таққослаш мақсадга мувофиқ эмас. Бу ҳеч қандай тенденциянинг аниқ далили бўла олмайди», деди Москва соғлиқни сақлаш бошқармаси ўз баёнотида.

Айрим мамлакатларда инфекция туфайли вафот этганлар ўлганларнинг умумий сонига қўшиб ҳисобланмоқда, бошқа мамлакатлар эса ўлимида вирус гумони бўлганларни ҳам бу рақамга қўшмоқда, айримлар эса бевосита вирус асоратлари туфайли ўлганларнигина ҳисобламоқда.

Россия бу масалага консерватив ёндошган ҳолда, ўлим билан бевосита алоқадорлик (кўп ҳолларда пневмония билан боғлиқ) бўлган ҳолатларнигина коронавирусга оид ўлим ҳолати деб ҳисоблаяпти.

«Кимдир юрак хуружидан вафот этса-ю, унга COVID-19 ташхиси қўйилган бўлса, юрак хуружи ўлимнинг расмий сабаби деб қайд этилади», деди Москва олий иқтисодиёт мактаби демографи Сергей Тимонин.

«Бошқача қилиб айтганда, коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг ҳаммаси ҳам коронавирус туфайли юз берган ўлим деб малакаланмайди», деди у AFP агентлигига.

Дезинформация тарқатиш

Бу орада, Россиядан ташқарида Европа соғлиқни сақлаш тизимини обрўсизлантириш орқали Ғарбдаги инқирозни кучайтиришни кўзлаган кремлпараст ОАВ COVID-19 ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатмоқда, дейилади март ойида AFP ихтиёрига келиб тушган ЕИ ички ҳужжатида.

Кузатувчилар 22 январдан 1 апрелга қадар кремлпараст ОАВнинг COVID-19 борасидаги 150 дан ортиқ дезинформация ҳолатларини қайд этганлар, деб хабар беради Европа ташқи алоқалар хизмати (EEAS).

Масалан, Sputnik Deutschland сайтининг Facebook ва Twitter ижтимоий тармоқларида вирусга қарши «қўлларни ювиш фойдасиз» эканлиги ҳақидаги иддаолар тарғиб қилинган, дейилади ЕИ ҳисоботида.

Дезинформация ҳаракатларининг давом этаётганини НАТОга аъзо мамлакатлар ҳам очиқ эътироф этганлар.

Дезинформациядан мақсад – ўнлаб турли хил, айрим ҳолларда бир-бирига зид хабарлар тарқатиб, тартибсизлик ва ваҳима келтириб чиқариш.

Бунга «коронавирус Хитой, АҚШ ёки Буюк Британия томонидан ишлаб чиқилган биологик қурол бўлиб, у дастлаб Хитойда эмас, балки АҚШда пайдо бўлган ёки вирус тоталитар ҳукмронлик ўрнатиш воситасидир» деган иддаоларни мисол ўлароқ келтириш мумкин.

Кремлпараст манбалар Хитой ва Эрон каби бошқа мамлакатларда пайдо бўлган фитна назарияларини ушлаб олиб, уларни кучайтирмоқда, дейди Россия дезинформациясига оид масала билан шуғулланаётган ЕИнинг Stratcom East ишчи гуруҳи.

Кремлнинг бошқа ташвиқотларида Москванинг COVID-19га қарши курашдаги муваффақиятлари мадҳ қилинади, аслида эса Россия ҳукумати мамлакатни ўзи кечикиб тан олган пандемиядан ҳимоялаш учун дарҳол ёпиб қўйишга мажбур бўлди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 8

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хитойда коронавируснинг янги тарқалиши қайди этилди; оммавий карантинни жорий этишмоқда. Бу ҳолат Россия билан чегара ҳудудда юз бермоқда. Вирус Россиядан ўтмоқда. Россияда кенг миқёсли эпидемиологик фожеа юз бераётганидан далолат беради.

Жавоб бериш

Россиянинг соғлиқни сақлаш тизими йўқ бўлган. Путин ҳукмронлигининг натижаси. СССРдан қолган тамом бўлган нарсага тегиш керак эмас эди.

Жавоб бериш

Сурбетларча қилинган бўҳтон! Россия COVID билан курашишда яхшироқ тайёрланган, АҚШ эса қайд этилган ҳолатлар билан биринчи ўринда чиқиб олган!

Жавоб бериш

АҚШ биринчи ўринда эканлигининг сабаби уларнинг маълумотлари шаффоф, Россия эса маълумотларни яширяпти ва ҳаммасини ҳисобламаяпти. Хатто Москва мери Сергей Собянинга кўра, касалланганларнинг ҳақиқий сони статистикадагига кўра икки марта кўп.

Жавоб бериш

Кремль ўғриларидан нима кутган эдингиз? Бутун давлатни ўмариб бўлишган.

Жавоб бериш

Коронавирус ҳолати билан Россия иккинчи ўринга чиқиб олди.

Жавоб бериш

Ортиқча чет эл газеталарини ўқиб олганмисиз? АҚШ биринчи ўринда, кейин Буюк Британия, кейин Европа. Россия иккинчи ўринда эканлиги ҳақида у ерда ҳеч нима ёзилмаган.

Жавоб бериш

Кўзларингни ишқалаб яна бир марта ўқиб чиқ. Россия иккинчи ўринда

Жавоб бериш