https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2020/05/15/feature-02
| Жиноят ва адолат

Меркель: кибер-адаштирув ва фактларни бузиб кўрсатиш – Кремль стратегиясининг бир қисмидир

Карвонсарой ва AFP

image

Германия канцлери Ангела Меркел 13 май куни Берлинда парламент қуйи палатаси – Бундестаг аъзолари олдида нутқ сўзлади. [Жон Макдугалл/AFP]

БЕРЛИН – Чоршанба (13 май) куни Германия канцлери Ангела Меркел Кремль томонидан унинг шахсий ҳисобларини бузиш ва етакчи сиёсатчилар ортидан жосуслик қилиш уринишларидан ҳафсаласи пир бўлганини айтди.

«Очиғини айтсам, бу мени ранжитди. Кун сайин Россия билан муносабатларни яхшилашга уриниб келмоқдаман. Бошқа томондан, бу ишлар Россия кучлари тарафидан қилинаётганига рад этиб бўлмайдиган далиллар бор», деди у парламентдаги чиқишида.

Бу каби киберҳужумларни «ўта қўпол» деб атаган Меркель, агар бундай фирибгарлик ҳаракатларига барҳам берилмаса, санкциялар қўлланиши мумкинлигини истисно этмаган.

Германия разведка хизмати россиялик хакерларнинг парламент аъзолари ёки етакчи сиёсат арбоблари ортидан жосуслик қилишга уринаётгани ҳақида бир неча бор огоҳлантирган эди.

2015 йилда хакерлар томонидан қўлга киритилган маълумотлар орасида Меркелнинг электрон почтасига оид ахборот ҳам бўлган, деб хабар беради немис ОАВ. Бу ҳужум парламент қуйи палатаси – Бундестагни ҳам нишонга олган.

Терговчилар 2015 йилги хакерлик ҳужуми бўйича гумондорни аниқладилар, деди Меркел.

«Бахтга қарши, бу ҳолат янгилик эмас, деган хулосага келдим», деди у «кибер-адаштириш, фактларни бузиб кўрсатиш» кабилар «Россия стратегияси»нинг бир қисми бўлганини таъкидлар экан.

Янгилик эмас

Кремлнинг жаҳон етакчилари ҳисобларини бузиб кириш ва дезинформация тарқатишга қаратилган давомли уринишларига етарли далиллар бор.

Хитой ва Россия режимлари коронавирус пандемияси ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатишда ҳамкорликни кучайтирмоқда. Май ойи бошида кузатувчилар Пекин Москва қўллаган усуллардан тобора кенгроқ фойдаланаётганини қайд этган эдилар.

Бутун дунё COVID-19 пандемиясига қарши курашиб турган ва Россия ундан жиддий азият чекаётган бир вақтда, Кремль ҳалокатли вирус ҳақида бузғунчи маълумотлар тарқатишда давом этиб, дунё бўйлаб одамлар ҳаётини хавфга қўймоқда, дейилади яқинда Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан ўтказилган тадқиқотда.

Март ойида қўрқув кучайган вақтда ижтимоий тармоқлардаги Россияга алоқадор минглаб аккаунтлар уюшган ҳолда коронавирус ҳақидаги фитна назарияларини ёйинлаш билан машғул бўлдилар.

Қизиғи шундаки, Россия парламенти март ойи охирида мамлакатда COVID-19 ҳақида ёлғон маълумот тарқатишда айбланганлар учун жазони қатъийлаштирувчи қонунни маъқуллаган эди. Шундай бўлса-да, Кремлпараст ОАВ Ғарбдаги инқирозни кучайтиришга қаратилган маълумотларни ёйинлаш билан одамлар ҳаётини хавф остига қўйишда давом этмоқда.

Мамлакатингиз учун Россиянинг таъсири яхшими?
Фикрлар 2
Сиёсат
Каптча *

Россия ёлғончи чала давлат

Жавоб бериш

Россияга нисбатан янги санкциялар қўлланилиши керак

Жавоб бериш