Карвонсарой
Саломатлик

Пандемия муаммосига дуч келган Тожикистонга қўшнилари ва иттифоқчилар ёрдам бермоқда

Неъматулло Мирсаидов

10 апрел куни Душанбеда тасодифий иш топиш илинжида йўл ёқасида тўпланиб турган ишсиз эркаклар. Шифокорларга кўра, коронавирус ночор оилалар учун янада хавфлироқ. [Нозим Қаландаров /AFP]

10 апрел куни Душанбеда тасодифий иш топиш илинжида йўл ёқасида тўпланиб турган ишсиз эркаклар. Шифокорларга кўра, коронавирус ночор оилалар учун янада хавфлироқ. [Нозим Қаландаров /AFP]

ДУШАНБЕ – Тиббий муассасалар, шифокорларнинг етишмаслиги ва тестлар ўтказиш имкони чеклангани сабабли, коронавирус тарқалиб бораётган Тожикистондаги вазият хавотирли бўлиб турибди, дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва маҳаллий соғлиқни сақлаш мутасаддилари.

Бахтга кўра, Тожикистоннинг Марказий Осиёдаги қўшнилари, шунингдек, АҚШ COVID-19га қарши курашда мамлакатга ёрдам бера бошлади.

Май ойи бошида Тожикистонга ташриф буюрган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти делегацияси раҳбари Патрик О'Коннор 12 май куни Душанбеда телефон орқали ўтказилган брифингда касалланиш ҳали ўз чўққисига чиқмаганини айтди.

«Вазият хавотирли ва қўшимча чора-тадбирларни тақозо этади», деди у.

Хўжанд шаҳридаги 2-сонли тиббий марказ ходимлари, 12 май куни олинган сурат. Касалхона ходимлари коронавирусга чалинган беморларни даволашга тайёр. [Маъмур Юсуфзода]

Хўжанд шаҳридаги 2-сонли тиббий марказ ходимлари, 12 май куни олинган сурат. Касалхона ходимлари коронавирусга чалинган беморларни даволашга тайёр. [Маъмур Юсуфзода]

1 май куни Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат рўйхатга олингани ҳақида эълон қилган эди. Чоршанба, 20 май ҳолатига кўра, мамлакатда касалланганлар сони 1736 га етган, 41 киши ўлган.

Шу муносабат билан, душанба (18 май) куни мамлакат уламолар кенгаши бу йили Рамазон ойи якунида ҳеч қандай жамоат намозларига рухсат берилмаслигини маълум қилди, дея хабар беради Озод Европа/Озодлик радиоси.

Жаҳон банкининг апрель ойида эълон қилинган тадқиқотида COVID-19 туфайли Тожикистонда 6570 дан 21025 нафаргача одам ўлиши мумкинлиги прогноз қилинган эди.

«Тожикистондаги ўлим даражаси Марказий Осиёдаги энг яқин қўшнилари – Қирғизистон ва Ўзбекистондагидан анча юқори. Бу соғлиқни сақлаш тизимида жиддий муаммолар борлигидан дарак беради», дейди душанбелик таҳлилчи Қосим Бекмуҳаммад.

Шундай муаммолардан бири – касалликка чалинган беморларни даволай оладиган муассасаларнинг етишмаслиги. Ҳукумат маълумотларига кўра, мамлакатда фақат 30 та тиббий муассаса COVID-19 билан касалланган беморларни қабул қилмоқда.

Уларда жами 5284 та ётоқ бор. Коронавирус пандемияси сабабли, мамлакатнинг энг йирик ва энг замонавий тиббий мажмуаси –Душанбедаги «Истиқлол» касалхонаси COVID-19 беморларини қабул қилишга тўлиқ мослаштирилган.

Ҳукумат яна учта йирик шифохонани юқумли касалликларни даволаш учун қайта жиҳозлаган. «Караболо» республика клиник касалхонаси коронавирусга чалинганларни қабул қилиш учун реконструкция қилинди, деди Душанбе шаҳар ҳокимлиги вакили Абдумажид Усмонов.

«Бир неча қурилиши тугалланмаган бинолардан вақтинча фойдаланган ҳолда, беморлар учун қўшимча жойлар ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда», деди Усмонов.

Заиф минтақалар

Тожикистонда бу касалликни даволаш учун лаборатория тадқиқотлари, коронавирус учун тестлар ва малакали шифокорлар етишмайди, дейди Суғд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Маъруф Ҳожибоев.

«Бизда фақат битта ишлаб турган лаборатория бор, инфекционист-шифокорлар ва ихтисослашган касалхоналар кам», деди у бутун мамлакатни назарда тутиб. «Аммо биз қўлимиздан келган барча чораларни кўрмоқдамиз.»

«Сўғд вилоятининг энг заиф жойлари Жаббор Расулов, Бобожон Ғафуров ва Истаравшан туманлари, шунингдек, аҳоли зичлиги жуда юқори бўлган Хўжанд шаҳридир», деди Ҳожибоев.

Тожикистон ҳукумати мамлакатда пандемия тарқалганини эълон қилиши билан, мактабгача таълим муассасалари, масжидлар, мактаблар ва университетлар, бозорлар, ресторанлар ва хизмат кўрсатиш корхоналарини ёпилди.

Шунингдек, ҳарбий қисмларда ҳам карантин эълон қилинди. Ҳукумат март ойи бошида мамлакатдаги аэропортлар, шунингдек, Ўзбекистон ва Афғонистон билан чегараларни ёпган. Кейинроқ Қирғизистон билан олис чегара ҳудудларида патрул назорати кучайтирилган. Авваллари чегаранинг ушбу ҳудудлари тожик ва қирғиз фуқароларининг кесиб ўтиши учун очиқ эди.

Мамлакатда «юмшоқ» карантин жорий этилгани тўғри бўлди, дейди хўжандлик Маъруф Маҳкамов.

Маҳкамовга кўра, «юмшоқ, босқичма-босқич карантин одамларга руҳий тўсиқни енгиш ва коронавирусга қарши курашга тайёр бўлинса, у қўрқинчли эмас деган фикрга кўникишга имкон берди».

Ташқи ёрдам

Тожикистоннинг вирусга қарши курашини қўллаб-қувватлаш ишлари жадаллашган.

6 май куни АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) COVID-19 эпидемиясига қарши курашда Марказий Осиё давлатларини қўллаб-қувватлаш учун 6,8 миллион доллар (69,9 миллион сомоний) ажратганини эълон қилди. Бу маблағнинг 1,69 миллион доллари (17,4 миллион сомоний) Тожикистон учун ажратилган.

Бу шу каби эълонларнинг сўнггисидир.

Америка ҳукумати АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Тожикистоннинг тобора кучайиб бораётган COVID-19 пандемиясига қарши кураш салоҳиятини ошириш, шунингдек, тиббий муассасаларга озиқ-овқат тарқатиш учун 869 минг АҚШ долларига (8,9 миллион сомоний) тенг ёрдам ажратди, деб хабар берган 7-9 апрель куни АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси.

Элчихонага кўра, АҚШ ҳукумати Тожикистон ҳудида фаолият юритувчи «USAID ва ёрдамчи ташкилотлар, Халқаро қизил хоч жамияти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотлари орқали» ёрдам қўлларини чўзмоқда.

Жаҳон Банки ва Қўшма Штатлар мамлакатга биринчилар қаторида ёрдам қўлини чўзди.

2 апрель куни Жаҳон банки Тожикистоннинг пандемияга тайёрланиши ва унга қарши чоралар кўриши учун 11,3 миллион АҚШ доллари (115,4 миллион сомоний) ажратди, дейилади ташкилот баёнотида.

Ушбу маблағ мамлакатдаги тиббий муассасаларнинг реанимация бўлимларида 100 та янги жой ташкил этишга сарфланади ва Тожикистоннинг коронавирус билан касалланган беморларни даволаш салоҳиятини кучайтиради.

Март ойида АҚШ ҳукумати Америка халқи номидан Тожикистонга 12 минг дона жарроҳлик ниқоби, 12 минг жуфт қўлқоп, 1400 та жарроҳлик кийими ва 400 та ҳимоя кўзойнаги юборган.

Буларнинг ҳаммаси мамлакатдаги тиббий муассасаларга тарқатилган.

Қўшни давлатлар ёрдами

Коронавирус пандемиясига қарши курашда Тожикистон Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлардан ҳам ёрдам олмоқда.

Апрель бошида Қозоғистон 5000 тонна ун, Ўзбекистон эса жиҳозлар, озиқ-овқат ва мутахассислар билан ёрдам берган. Бунга қўшимча равишда апрель ойи аввалида Душанбега Ўзбекистон томонидан юборилган гуманитар ёрдамда тиббий жиҳозлар, дори-дармон ва озиқ-оқат ҳам етказилган.

Шунингдек, май ойи бошларида Ўзбекистонга тегишли ҳарбий самолёт Душанбега ҳимоя комбинезонлари ва кўзойнаклар, суюқ натрий гипохлорид, респираторлар, қўлқоп ва контактсиз термометрларни олиб келган.

Бошқа бир самолётда 10 та сунъий нафар олдириш жиҳози, дори-дармонлар, ҳимоя кийимлари, қўлқоплар ва респираторлари олиб келинган. Худди шу самолётда коронавирус билан кураш тажрибасига эга саккиз нафар ўзбекистонлик вирусолог, эпидемиолог ва анастезиологлар ҳам Душанбега етиб келишди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Тожикистонга коронавирус билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган 154 та кўчма тиббий контейнерларни юборган, дейилади Тожикистон ташқи ишлар вазирлигининг май ойидаги баёнотида.

«Соғлиқни сақлаш тизимимиз дуч келаётган муаммоларни ҳисобга олганда, қўшниларимизнинг зарурий ёрдами ва дастаги ўз вақтида кўрсатилмоқда, халқимиз бундан ўта миннатдор», деди Ҳожибоев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500