Ливияда Россия ва суриялик жангарилар мавжудлигини тасдиқловчи БМТ баёнотидан сўнг, Британия ва АҚШ сешанба (19 май) куни Россияни Ливиядаги низога ёлланма аскарлар юборишни тўхтатишга чақирди.
Ўз навбатида, Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг видео-анжуманида Ливияда россиялик жангарилар мавжудлигида Москванинг қўли борлигини рад этди.
«Биз ташқи кучлар тарафидан қурол-аслаҳа, техника ва ёлланма аскарлар етказиб берилаётгани ҳақидаги давомли хабарлардан хавотирдамиз», деб айтган Британия элчиси Жонатан Аллен.
У президент Владимир Путинга яқин эканлиги айтиладиган Россиянинг хусусий қўриқчилик компанияси – «Вагнер» гуруҳини алоҳида тилга олган.
«Вагнер» гуруҳининг хатти-ҳаракатлари низони янада кучайтирар экан, Ливия халқи азият чекишда давом этмоқда, дейди Британия элчиси.
У шу билан биргаликда 2011 йилдан бери амалдаги БМТнинг Ливияга қарши курол эмбаргосига мурожаат қилди. «Хавфсизлик кенгаши аъзоларини ўзлари овоз берган бу Кенгашнинг қарорларига риоя қилишга чақираман», деб қўшимча қилди у.
«Ливиядаги низонинг барча иштирокчилари зудлик билан ҳарбий операцияларни тўхтатишлари керак», деди АҚШ элчиси Келли Крафт.
«Ливияга ҳарбий техника ва аскарлар, жумладан Буюк Британия тилга олган «Вагнер гуруҳи» ёлланма аскарларининг олиб ўтилишини тўхтатиш лозим», деди у.
Ливияда Россиянинг ёлланма аскарлари борлиги тасдиқланган
Россия элчиси Василий Небензя ҳисоботлар «Россиянинг Ливиядаги сиёсатига путур етказишга» қаратилганини таъкидлаб, бу иддаоларни рад этган. «Ливияда россиялик аскарлар йўқ» деб таъкидлади у.
БМТнинг махфий ҳисоботи қурол-яроғ эмбаргосини кузатаётган БМТ экспертлари томонидан тайёрланган.
Бу ҳужжат Ливияда «Вагнер гуруҳи» ёлланма аскарлари ва фельдмаршал Халифа Ҳафтарни қўллаб-қувватловчи Дамашқдан келган суриялик жангарилар борлигини тасдиқлайди.
Ливия шарқидаг қатор ҳудудларни назоратига олган Ҳафтар ўтган йили апрел ойида БМТ томонидан тан олинган миллий келишув ҳукумати (МКҲ) жойлашган пойтахт Триполига қарши ҳужум бошлаган эди.
Ҳужжат, шунингдек Ливияда 2019 йил охиридан бери Туркия қўлловидаги Миллий келишув ҳукуматини қўллаб-қувватловчи Сурия мухолифати ҳам жанг қилаётганини тасдиқлайди.
Аввалроқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливиядаги элчиси вазифасини бажарувчи Стефани Уильямс кенгашдаги чиқиши чоғида «БМТ хорижий ҳомийларнинг янада такомиллашган ва ҳалокатлироқ қуролларни етказиб бериши, бундан ташқари, иккала томон учун ҳам тўхтовсиз равишда кўплаб аскарлар ёллаётгани сабаб, ҳарбий салоҳиятнинг кучайиб бораётганидан хавотир билдираётганини» айтганди.
Дунё давлатларни яшашини щз ҳолига қўйиши керак,ички ишларига бошқа давлатлар аралашмаслиги лозим.
Жавоб беришФикрлар 4
Россия, Хитой ва Шимолий Корея терроризм ва ўз халқини хорлагани, шунингдек, тажовузкор ҳарбийлардан азият чекаётган бошқа халқлар олдида тиз чўкиши керак.
Жавоб беришФикрлар 4
Россия қадимга Баалбек устидан назорат ўрнатишга шошилмоқда
Жавоб беришФикрлар 4
Мен АҚШ ва Англияни буткул қўллаб-қувватлайман.
Жавоб беришФикрлар 4