Карвонсарой
Иқтисодиёт

Тожикистон коронавирус пандемияси даврида тиббий ниқоблар ишлаб чиқаришни жадаллаштирди

Неъматулло Мирсаидов

Хўжанддаги «Зиннат» корхонаси ва «Нассочии Хўжанд» йигирув фабрикаси ишчилари буюртмаларни биргаликда бажармоқдалар, 17 апрел. [Неъматулло Мирсаидов]

Хўжанддаги «Зиннат» корхонаси ва «Нассочии Хўжанд» йигирув фабрикаси ишчилари буюртмаларни биргаликда бажармоқдалар, 17 апрел. [Неъматулло Мирсаидов]

ХЎЖАНД – Тожикистондаги йирик тикув фабрикалари коронавирус пандемияси шароитида халқаро ва ички талабни қондириш мақсадида шахсий ҳимоя воситалари, жумладан ниқоб ва комбинезонлар ишлаб чиқаришга ўтмоқда.

Ҳукумат маълумотларига кўра, Тожикистондаги мавжуд корхоналар кунига 300 минг дона тиббий ниқоб ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, тиббий муассасаларнинг ҳимоя комбинезонларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондира олади.

Апрел ойида Душанбедаги учта йирик тикув фабрикаси – «Ёқут-2000», «Тожтекс», «Гулистони Душанбе» ва бошқалар Италияга экспорт учун маҳсулот ишлаб чиқара бошлади. Биргина «Тожтекс»нинг ўзи кунига 10000 дона ниқоб ишлаб чиқариши мумкин.

Бу корхоналар Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазирлигининг тавсияси билан май ойи бошидан ички бозор учун маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтди. Мамлакатда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат апрел ойи охирида қайд этилган эди.

Хўжандда ҳимоя комбинезонлари тикаётган ишчилар, 5 май. [Неъматулло Мирсаидов]

Хўжандда ҳимоя комбинезонлари тикаётган ишчилар, 5 май. [Неъматулло Мирсаидов]

Суратда: Хўжанддаги «Жавони» Тожикистон-Италия қўшма корхонаси ишчилари, 1 апрел. [Неъматулло Мирсаидов]

Суратда: Хўжанддаги «Жавони» Тожикистон-Италия қўшма корхонаси ишчилари, 1 апрел. [Неъматулло Мирсаидов]

Шу билан бирга, Сўғд вилоятидаги кийим-кечак ишлаб чиқаришга ихтисослашган, «Жавони» Тожикистон-Италия қўшма корхонаси Италиянинг тиббий ниқобларга бўлган талабини қондирмоқда ва кунига 50 минг дона маҳсулот ишлаб чиқариши мумкин.

Саноат ва янги технологиялар вазирининг ўринбосари Содиқжон Абдукаримзода Рустамийга кўра, ҳозирги кунда 23 та тикув корхонаси ниқоблар ишлаб чиқармоқда, шулардан 15 таси бир вақтнинг ўзида ҳимоя комбинезонлари ҳам тайёрламоқда.

Мамлакатда ҳар куни 258 минг дона тиббий ниқоб ва 3900 та комбинезон ишлаб чиқарилади. Тожикистонда зарур ҳолларда ишга тушириш мумкин бўлган қўшимча қувватлар ҳам бор, дейди Рустамий.

«Пандемиянинг дастлабки кунларида ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришда айрим қийинчиликларга дуч келдик. Янги маҳсулотларни ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришни қайта дастурлаш учун вақт керак эди, аммо биз бу ишни қисқа муддатда амалга оширдик», деди у.

Италия билан ҳамкорлик

Апрел ойида Тожикистон Италиянинг «Каррера» компанияси инвестицияларини жалб этган ҳолда «Жавони» қўшма корхонасини тиббий ниқоблар ишлаб чиқаришга мослаш таклифини қабул қилди.

Апрел ойида Тожикистоннинг «Somon Air» авиакомпанияси самолёти уч марта Верона шаҳрига парвоз қилиб, Тожикистон-Италия қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган 3 миллионга яқин тиббий ниқобларни Италияга етказиб берди.

Пахта толасини тўлиқ қайта ишлай оладиган «Жавони» корхонаси 10 минг кишини иш билан таъминлаган ва СССР парчаланиши ортидан ўз фаолиятини тўхтатган Хўжанд ипакчилик фабрикаси негизида ташкил этилган.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида «Каррера» компаниясининг сармояси билан Италия бренди учун кийим-кечак ишлаб чиқарадиган замонавий тўқимачилик корхонаси барпо этилди, натижада, 1700 нафар тожикистонлик, асосан аёллар иш билан таъминланди.

Апрел ойида, директорлар кенгашининг қарори билан Италияда юзага келган ўткир эҳтиёж туфайли, компания зудлик билан ишлаб чиқаришни тиббий ниқоблар тайёрлашга йўналтирди.

«Саноат ва янги технологиялар вазирлиги раҳбариятининг рухсати билан Хўжанд ва Душанбедаги экспорт маҳсулотлар ишлаб чиқара оладиган бир нечта йирик саноат корхоналари Италия буюртмасини бажариш учун бирлашди», дейди Сўғд вилояти саноат ва янги технологиялар вазирлигининг вакили Наргиса Шамсиева.

Сўғд вилояти ҳокимлигининг маълум қилишича, вилоят Италияга умумий қиймати 11 млн. евролик (12,2 млн. доллар) 11 миллион дона тиббий ниқоб етказиб бериш режасини бажармоқда.

«Бизнинг маҳсулотлар Хитой ва Туркияникидан фарқли ўлароқ, бугунги кунда Европада қадрланадиган соф ипак ва табиий пахтадан тайёрланган», деб қўшимча қилди Шамсиева.

Янги имкониятлар

«Тиббий маҳсулотлар, хусусан, тиббий ниқоблар бугунги кунда дунёдаги энг талабгир маҳсулотлардан биридир. Шу сабабли, Тожикистондаги ишламай турган ва бир маромда ишламаётган кийим-кечак фабрикалари Европа буюртмаларини қўлдан чиқармаслиги керак, дейди Сўғд вилояти ҳокимлигининг саноат департаменти раҳбари Осифхон Шарифзода.

«Бизда европалик истеъмолчига ҳар томонлама мос келадиган хомашё, табиий пахта толаси бор. Биз фақат тайёр маҳсулот сифатини босқичма-босқич ошириб боришимиз керак, холос», деб қўшимча қилди Шарифзода.

«Энг муҳими – бандлик, айниқса кўпчилик ишламаётган аёлларни иш билан таъминлашдир», деди у.

«Янги имконият пайдо бўлди ва биз уни қўлдан чиқармоқчи эмасмиз», дейди буюртмаларни бажариш учун «Нассочии Хўжанд» компанияси билан биргаликда ишлаётган «Зиннат» компанияси бош директори Мақсуд Зиёбоев.

17 йилдан бери тикув саноатида ишлаб келаётган Ҳамрохон Мустафоева «Зиннат» корхонасидаги фаолиятини бундан 4 йил аввал бошлаган.

Апрел ойида катта буюртма олингач, «уйда ўтирган барча чевар аёлларни ишга чақиришди. Улар янги маҳсулотларни тезда ўзлаштирдилар», деди у.

«Ҳар бир тикувчи кунига 200 тагача ниқоб тикади. Бир сменада 3500-4000 дона ниқоб тайёрланади. Биринчи ойда улар яхши маош олишди», дейди Мустафоева.

«Айни пайтда мактабимиз мажбурий таътилга чиқарилган», дейди «Зиннат»га ишга келган 18 ёшли Мижгона Неъматова. «Мен тожик аёлларига хос бўлган тикувчилик касбини танладим. Корхонада қўшимча иш ўрганяпман. Шу ерда қолиш ниятидаман.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Баракалла тожиклар! Ўзбеклар ҳам қолишмаяпти, кунига 11 млн. дона ниқоб чиқаришяпти.

Жавоб бериш