Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

АҚШ COVID-19 вирусидан жабрланган Марказий осиёлик мигрантларга 2 млн. доллар ёрдам пули ажратди

Ксения Бондаль

Олмаотага кираверишдаги назорат-ўтказиш пунктида қўриқчилик қилаётган ниқобдаги ҳуқуқ-тартибот ходими одамлар билан гаплашмоқда, 2020 йил, 19 март. COVID-19 коронавируси тарқалишининг олдини олиш мақсадида шаҳарга кириш ёпилган. Пандемия туфайли кўплаб Марказий осиёлик мигрантларнинг ҳаракати жиддий чекланди. [Руслан Пряников/AFP]

Олмаотага кираверишдаги назорат-ўтказиш пунктида қўриқчилик қилаётган ниқобдаги ҳуқуқ-тартибот ходими одамлар билан гаплашмоқда, 2020 йил, 19 март. COVID-19 коронавируси тарқалишининг олдини олиш мақсадида шаҳарга кириш ёпилган. Пандемия туфайли кўплаб Марказий осиёлик мигрантларнинг ҳаракати жиддий чекланди. [Руслан Пряников/AFP]

ОЛМАОТА – АҚШ ҳукумати коронавирус пандемияси даврида Марказий Осиёдаги мигрантларни ҳимоя қилиш учун 2 миллион доллар ажратди.

«COVID-19 пандемияси Марказий осиёлик миллионлаб мигрантлар учун гуманитар ва молиявий инқироз келтириб чиқарди, уларнинг аксарияти Марказий Осиё бўйлаб транзит манзиллар ва бегона давлатларда қолиб кетдилар», дейилади Марказий Осиёнинг беш давлатидаги АҚШ элчихоналари қўшма баёнотида.

Инқироз туфайли иш жойларини йўқотган мигрантлар ўз оилалаларига пул юбора олмаяпти. Айни вақтда улар ҳуқуқий ҳимояга ва вирусдан қандай сақланиш бўйича маълумотга эга эмаслар, деб қўшимча қилинади 26 май кунги ҳужжатда.

Элчихона хабарига кўра, USAID уларга зарурий ахборот, хизматлар бўйича тавсиялар, муқобил тирикчилик манбалари ва кўникма ошириш бўйича муҳим ресурсларни тақдим этмоқда.

Ушбу ташаббус мигрантларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам бериш билан уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Энг зарурий кўмак

Ўз-ўзини яккалаш ҳолатида мигрантлар учун молиявий ёрдам жуда муҳим, дейди Германиянинг «Rosa Luxemburg Stiftung» нодавлат ташкилоти ходимаси, асли олмаоталик профессор Ирина Черних.

«У ёки бу давлатда мигрант сифатида меҳнат қилаётган одамда ўша мамлакатни тарк этиш имкони бўлмаслиги мумкин», деди у.

«Бундан ташқари, мигрантларнинг яшаш шароитлари ҳам бирмунча ноқулай, баъзан улар кичкина жойда кўпчилик бўлиб аксил-санитар ҳолатда кун кечирадилар», деб қўшимча қилди Черних бундай вазиятда коронавирус билан касалланиш хавфи кучайишини таъкидлар экан.

Халқаро ташкилотлар эҳтиёжманд мигрантларга ёрдам бера олади ва ёрдам бериши керак, аммо уларга молиявий кўмакни қай тарзда етказиш муҳим, деди у.

«Қайси мамлакатда бўлишидан қатъи назар, иш берувчи орқали мигрантлик мақомини олган шахсга молиявий ёрдам ажратилиши керак, чунки бу ҳолатда у рўйхатдан ўтиб, шаффоф ҳолда ишлаётган бўлади. Мигрантлар бу пулларни ўзлари истаган нарсага сарфлашлари мумкин бўлади», деди Черних.

«Рўйхатдан ўтмаган мигрант билан боғлиқ ҳолатларда эса маҳаллий нодавлат ташкилотлар ёрдамга келиши мумкин. Қозоғистонда нодавлат ташкилотлар кўп, улар ҳужжатини йўқотган ва оғир аҳволда қолган мигрантларга ёрдам беришади», деди Черних.

Улар мигрантларни нафақат ҳуқуқий, балки молиявий ёрдам билан, айрим ҳолларда эса яшаш жойи билан ҳам таъминлайди. Шу тариқа USAID коронавирус вақтида мигрантларга маҳаллий нодавлат ташкилотлар орқали ўз ёрдамини бериши мумкин, чунки бу ташкилотлар ўз ҳудудидаги мигрантлар оқимини кузатади ва улар билан ишлайди.

«Мигрантлар билан ишлайдиган нодавлат ташкилотлар Олмаота ва Нур-Султонда ўз офисларига эга Халқаро миграция ташкилотининг аъзолари ҳисобланади», деб қўшимча қилди у.

Огоҳликни кучайтириш

Бу каби оғир паллаларда мигрантларга пул ажратиш айни муддао бўларди, дейди Нур-Султондаги макроиқтисодий тадқиқотлар ва прогнозлаш маркази катта илмий ходими, остоналик Мадияр Кенжебулат.

«Ёрдамни озиқ-овқат маҳсулотлари кўринишида ҳам тақдим этиш мумкин, чунки уларни ҳақиқатда оғир шароитдаги одамлар олиб кетишади. Озиқ-овқат билан бирга, коронавирус белгиларини қандай аниқлаш ва кимдан ёрдам сўраш кераклиги тушунтирилган брошюралар ҳам тарқатиш мумкин», деди у.

«Шу билан бир қаторда, пул бериш ҳам мумкин, лекин фақат ночорлик ёқасида турган мигрантларга. Улар, айниқса ишидан айрилган ва кун кўриш учун маблағи қолмаган бир пайтда қўллаб-қувватлашга муҳтож», деб қўшимча қилди Кенжебулат.

Мигрантлар ишлайдиган мамлакатларда қурилишлар бошланса, улар яна ишга қайтадилар. Қурилишлар эса албатта бошланади, зеро улар анъанавий равишда инқирозга қарши чоралар саналади, деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ажойиб мақола

Жавоб бериш

АҚШ бу минтақага тез-тез ёрдам беради.

Жавоб бериш