Карвонсарой
Терроризм

Ашхобод марказининг радикаллашув ва терроризмни молиялашга қарши кураши юқори баҳоланмоқда

Жумагули Аннаев

27 май куни ЕХҲТнинг Ашхободдаги марказида пул ювиш амалиётлари ва терроризмни молиялашга қарши кураш бўйича онлайн-маслаҳатлашувлар ўтказилди.

27 май куни ЕХҲТнинг Ашхободдаги марказида пул ювиш амалиётлари ва терроризмни молиялашга қарши кураш бўйича онлайн-маслаҳатлашувлар ўтказилди.

АШХОБОД – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти радикаллашув, пул ювиш амалиётлари ва терроризмни молиялашга қарши курашда Ашхобод шаҳридаги идорасининг Туркманистонга ёрдамини юқори баҳолади.

4 июнь куни ЕХҲТнинг Ашхободдаги маркази раҳбари, элчи Наталья Дрозд Австрия пойтахти Венада бўлиб ўтган ЕХҲТ Доимий кенгашининг онлайн мажлисида Туркманистонда амалга оширилган ишлар борасида ҳисобот берди.

Дрозднинг ҳисоботини муҳокама қилган дипломатлар Ашхобод шаҳридаги ваколатхона саъй-ҳаракатларига юқори баҳо бердилар.

Хусусан, АҚШнинг ЕХҲТдаги элчиси Жеймс С. Гилмор III ЕХҲТнинг Туркманистондаги ваколатхонаси эришган ютуқларни алоҳида қайд этди.

У марказнинг экстремизмга қарши кураш, шунингдек мамлакатда омбудсман институтини ривожлантириш борасида ҳукумат билан ҳамкорликда олиб бораётган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини айтди. Туркманистон 2017 йилда ўзининг илк омбудсманини тайинлаган.

Тажриба алмашинуви: қимматли ресурс

Ашхобод шаҳридаги ЕХҲТ марказининг тренинг ва семинарларида қатнашган Туркманистон хавфсизлик идоралари вакиллари бугунги кун таҳдид ва хавф-хатарларига қарши курашда халқаро тажриба ва амалиётни ўрганиш муҳимлигини таъкидладилар.

«ЕХҲТ семинарлари туфайли биз том маънода янги билимларга эга бўляпмиз. Бошқа мамлакатларнинг синалган ва самарали иш услубларини ўзлаштириб, уларни ўзимиздаги вазиятга мослаштиряпмиз», дейди Туркманистон ички ишлар вазирлиги (ИИВ) расмий вакили Бегенч А.

Бегенчнинг айтишича, у Ашхободдаги ЕХҲТ маркази томонидан ташкил этилган «Терроризмни молиялашга қарши кураш: ЕХҲТ минтақасидаги илғор тажриба» семинарида Туркманистон номидан иштирок этган.

2018 йил сентябр ойида бўлиб ўтган ушбу семинарда Марказий Осиёнинг барча мамлакатларидан келган юқори малакали мутахассислар иштирок этганлар.

«Орадан анча вақт ўтганига қарамай, халқаро экспертлардан олинган тажриба йиллар давомида биз билан қолади, деган умиддаман», деди у.

Туркман ҳукумати, шунингдек, бошқа йўналишлар, жумладан Туркманистоннинг қуруқликдаги чегаралари ва чегарани кесиб ўтишда хавфсизликни таъминлаш бўйича тренингларни ҳам юқори баҳолаган.

Туркманистон-Эрон чегарасидаги «Гаудан-Бажигирон» назорат-ўтказиш пунктида ишловчи божхона ходими Мейлис С. Марказий Осиё давлатларининг чегаралари яқинида трансмиллий таҳдидлар кучайгани сабабли ЕХҲТ билан ҳамкорлик муҳим эканлигини таъкидлади.

«Афғонистон ва Эрондан гиёҳванд моддалар оқимини тўхтатишда бизга тренингларда олинган билимлар қўл келди», деди Мейлис.

Бу тренинглар натижаси ўлароқ, қўшни давлатлардан ноқонуний олиб кириладиган гиёҳванд моддалар ҳажмини сезиларли даражада пасайтиришга эришилди, деди у.

Эътибор қаратиш керак бўлган янги соҳалар

ЕХҲТ Доимий кенгашининг Вена шаҳрида ўтган онлайн мажлисида сўзга чиққанлар ЕХҲТнинг Ашхободдаги маркази саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берар эканлар, ўз таклифларини ҳам билдирдилар.

АҚШнинг ЕХҲТдаги элчиси Гилмор ташкилотнинг Ашхободдаги ваколатхонаси раҳбари Дроздни алоҳида хавотирга молик муаммоларни ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирди.

Дин соҳаси ва Туркманистоннинг жазони ижро этиш тизимида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек фуқаролик жамияти ва мустақил оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш масалалари диққат марказида бўлиши керак, деди Гилмор.

Ашхободлик фаоллардан бири Галина М. Гилморнинг фикр-мулоҳазаларини мутлақо ўринли деб ҳисоблайди.

Унинг фикрича, ЕХҲТнинг Туркманистондаги маркази мамлакат мутахассисларига чегаралар хавфсизлиги, коррупция, пул ювиш амалиётлари ва терроризмни молиялашга қарши кураш каби долзарб масалалар бўйича халқаро стандартлар ва тажрибани ўргатишда яхши натижа кўрсатган.

Унинг сўзларига кўра, қонун устуворлигини таъминлашда инсон ҳуқуқларига қатъий амал қилиш, суд ҳокимияти, ОАВ ва омбудсманнинг мустақиллигига эришиш мамлакатда радикаллашувнинг олдини олишда энг самарали воситалардан биридир.

«Ҳуқуқ ҳимоячилари Ашхободдаги ЕХҲТ марказининг раҳбари сифатида Наталья Дрозд бу йўналишда Туркманистон ҳукумати билан ҳамкорликни мустаҳкамлашига умид қилмоқдалар», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500