НУР-СУЛТОН – Қозоғистон армияси онлайн хизматлар, автоматлашган қўмондонлик ва назорат тизимларини жорий этиш билан рақамлаштириш устида ишламоқда.
Онлайн таълим модуллари ва ҳарбийлар учун мўлжалланган амалий ишланмалар синовдан ўтмоқда, дейилади мудофаа вазирлигининг 10 июнь кунги баёнотида.
Бундай форматдаги илк онлайн дарс Оқмола, Қарағанда, Қустанай ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида хизматни ўтаётган ҳарбий қисмларни ўз ичига олувчи «Остона» минтақавий қўмондонлиги базасида бўлиб ўтди.
Армия қўмондони, полковник Мереке Кучекбаев зобитлар билан онлайн дарс ўтказди.
«Ўқув модуллари – қозоғистонлик аскарларни ўқитишда инновацион ечим. Улар уч тоифадаги хизматчилар: офицерлар, шартнома асосидаги ва муддатли ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган маърузалар, тақдимотлар ва амалий машғулотлар кўринишида тақдим этилган», дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.
Ушбу тизим ҳарбий тайёргарлик билан бир қаторда, ҳарбий хизмат хавфсизлиги, молиявий саводхонлик, ҳарбий этика ва етакчилик, шу билан бирга турли тоифадаги қўшинлар учун мўлжалланган махсус модулларни ҳам ўз ичига олади, дейилади баёнотда.
Вазирлик хабарига кўра, ўқув модулларига иштирокчилар реал ҳаётда юз берган турли вазиятларни таҳлил қилиши учун турли мавзудаги суратли намуналар ҳам илова қилинган. Ҳар бир мавзули тадқиқот танқидий ва мантиқий фикрлашни, бошқарув кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Рақамли армия
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 25 май куни бўлиб ўтган учрашувда мудофаа вазири Нурлан Ермекбаевга «мажбурий хизмат даврида ҳарбийларга қўшимча билим ва кўникмалар бериш имкониятларини ўрганиб чиқиш» ҳақида кўрсатма берди.
3 июнь куни Нур-Султонда қуролли кучларни рақамлаштиришга бағишланган муҳокама бўлиб ўтди. Унда президент маслаҳатчиси Багдат Мусин, мудофаа вазирлиги раҳбарияти, турли тоифадаги қўшинлар бош қўмондонлари ва минтақавий қўмондонлик раҳбарлари иштирок этдилар.
«Биз армияни рақамли модернизация қилиш масаласида ижобий натижага эришишга улгурдик. Рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича тажриба орттирилиб, зарур куч ва воситалар яратилмоқда», деди Ермекбаев йиғилиш давомида.
Армияни рақамлаштирилиш жараёни муваффақиятли ўтиши учун «етарли даражадаги молиялаштириш ва қўмондонлар манфаатдорлиги зарур» , деди у.
Қозоғистон армиясини рақамлаштириш уч йўналишда олиб борилмоқда: «рақамли Қозоғистон» давлат дастурининг ижросида қатнашиш, «Электрон ҳукумат» портали орқали хизматлар кўрсатиш, бошқарув тизимларини автоматлаштириш ва ҳарбий мақсадлар учун мўлжалланган ахборот тизимларни жорий қилиш, деб хабар беради мудофаа вазирлиги.
Қозоғистон ҳаво кучларида аллақачон автоматлаштирилган қўмондонлик ва бошқарув тизими фаолият кўрсатмоқда. Ҳаводаги вазиятни кўрсатиш, жанговар воситалари шайлигини назорат қилиш, мақсадларни тақсимлаш ва навигация муаммоларини ҳал қилиш учун компьютер тизимларидан фойдаланилмоқда.
Жорий йилда Мудофаа вазирлиги рақамли картографик маълумотлар, аэрокосмик ахборот, инфратузилма маълумотлари ва терроризм хавфи олдида заиф бўлган объектлар тўғрисидаги маълумотларни бирлаштирадиган махсус гео-ахборот тизими (ГИС) платформасини ишга туширмоқда.
Қуролли кучлар Рақамли тараққиёт, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги билан ҳамкорликда компьютерлаштирилмоқда.
Кўплаб хизматлар аллақачон электрон форматга ўтказилган. Ҳарбий хизматга чақирилганлар, зобитлар, муддатли ва шартнома асосида ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар энди гувоҳномалар ва маълумотномаларни онлайн тарзда олишлари мумкин.
Хавфсизликни такомиллаштириш
«Қозоғистон армияси замонавий ва жанговар тайёргарликка эга бўлишга интилмоқда. Рақамли технологиялар ҳаётимизга кириб келмоқда ва ҳозирнинг ўзида шахсий таркиб иштирокида онлайн дарслар ўтказилмоқда, электрон ҳукумат портали орқали хизматлар кўрсатилмоқда. Ҳарбийлар замонавий технологияларни ва рақамли хавфсизлик асосларини ўрганишмоқда», дейди Туркистон вилоятидан келиб шартнома бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган Арман Башимов.
«Рақамлаштириш сезиларли молиявий харажатлар ва вақтни талаб қилади», дейди Нур-Султонлик сиёсатшунос Болатбек Исаев.
«Шундай бўлса-да, ўтган йилдан бери армия фаоллик билан автоматлаштирилган қўмондонлик ва назорат тизимларини жорий қилиб, қўшинларни замонавий жиҳозлар билан таъминламоқда», деди Исаев.
Қозоғистон қуролли кучлари жорий йилни «хавфсизлик йили» деб эълон қилдилар, деди у.
« Арис шаҳридаги ўқ-дори омборларида юз берган портлашлар биз учун хавотирли белги бўлди», деди у 2019 йил июнь ойида икки кишининг ҳаётига зомин бўлган ва 165 киши жароҳатлаган ҳодисани назарда тутиб. «Фикримча, компьютерлаштирилган мониторинг тизимларидан фойдаланиш ҳарбий объектлардаги хавфсизликни оширади».
«Айниқса, террорчилик таҳдиди эҳтимолини инобатга олган ҳолда бунга диққат қаратиш лозим», деб қўшимча қилди Исаев.
Нимага ўқ-дори омборлари хавфли ва ҳимоясиз ҳудудларда жойлашган? Бошқа жой йўқми уларга?
Жавоб беришФикрлар 1