Карвонсарой
Энергия

Россиянинг газ қувури билан боғлиқ можаро Туркманистон учун кутилмаган даромад келтириши мумкин

Жумагули Аннаев

Суратда: «Сибирь кучи» газ қувурининг қурилиши, 2016 йил, 26 октябр. [Газпром]

Суратда: «Сибирь кучи» газ қувурининг қурилиши, 2016 йил, 26 октябр. [Газпром]

АШХОБОД – «Сибир кучи» газ қувури билан боғлиқ техник қоидабузарликларни яшириш ва рақамларнинг сохталаштирилиши ортидан Россиянинг «Газпром» компаниясида келиб чиққан можаро Туркманистон учун фойдали бўлиши мумкин, дейди таҳлилчилар.

2014 йилда «Газпром» ва Хитой миллий нефтгаз корпорацияси (CNPC) ўтган йилнинг декабр ойида фойдаланишга топширилган газ қувури орқали йилига 38 миллиард куб метр газ етказиб бериш бўйича 30 йиллик шартнома имзолаган эдилар.

Lenta.ru нашри 28 май куни чоп этилган ҳисоботда «Газпром» тарафидан Россиянинг Саха республикаси Чаяндин конидаги газ ҳажмига берилган баҳога ва унинг «Сибир кучи»ни газ билан таъминлай олиш қобилиятига шубҳа билдирган.

Эндиликда «Газпром» Хитой билан тузилган шартнома доирасида «ўйламай-нетмай амалга оширилган геологик қидирув ишлари, тизимли совуққонлик ва компания раҳбарияти томонидан йўл қўйилган жиноий фирибгарлик» натижасида 1,5 трлн. рубл (21,6 млрд. АҚШ доллари ёки 80,6 млрд. манат) йўқотиши мумкин, дейилади ҳисоботда.

Россия шарқидаги газ ресурслари ва қувурлар, 2016 йил 26 октябрь куни эълон қилинган харита. [Газпром]

Россия шарқидаги газ ресурслари ва қувурлар, 2016 йил 26 октябрь куни эълон қилинган харита. [Газпром]

«Сибирь кучи» газ қувурида олиб борилаётган пайвандлаш ишлари, 2016 йил 26 октябр. [Газпром]

«Сибирь кучи» газ қувурида олиб борилаётган пайвандлаш ишлари, 2016 йил 26 октябр. [Газпром]

«Газпром» компаниясининг 307-сонли департаменти топ-менежерлари – Андрей Филиппов ва Александр Громов лавозимидан озод қилинди, деб хабар беради Ura.ru 8 июнь куни.

Уларнинг ишдан олинишига ОАВда махфий маълумотларнинг тарқаб кетиши сабаб бўлгани айтилмоқда.

Бироқ, аслида Филиппов ҳам, Громов ҳам Чаяндин газ-конденсат конида кўплаб қонунбузарликларга йўл қўйишда айбдор деб топилган, деб хабар беради Lenta.ru нашри.

«Газпром»га яқин туркман манбаларига кўра, кондаги муаммолар кўплаб техник қоидабузарликлар, ўғирликлар, рақамларни сохталаштириш ва геологик қидирув ва қазиб олиш ишларини олиб борган мансабдорларнинг ноқонуний бойиши билан боғлиқ.

Қимматга тушган хатолар

Ҳисобот Хитойга йўналган «Сибир кучи-2» газ қувурининг қурилиши бўйича техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқилаётгани ҳақидаги хабарлар ортидан пайдо бўлган.

«Газпром» афтидан, Чаяндин кони ва биринчи «Сибир кучи» қувури билан боғлиқ муаммоларни яшириш учун шундай баёнот билан чиққан.

«Бу Россиянинг газ монополчиси ва шахсан унинг раҳбари Алексей Миллер томонидан амалга оширилган ҳийла эди», дейди «Туркмангаз» компаниясининг исми сир қолишини сўраган газ транспортировкаси бўйича мутахассиси.

«У Хитойга иккинчи газ қувурини қуриш ҳақида эълон қилганида, биз унинг бу сўзларига ишондик, аммо энди ҳаммаси аён бўлди. Россиянинг Хитойга газ экспорт қилишимизга тўсқинлик қилиши хавфи бир неча йилларга сурилгани аниқ», деди мутахассис.

Ишдан олинган менежерларнинг совуққонлиги, талон-тарожлари ва лаёқатсизлиги «Газпром» учун катта йўқотиш ва жарималарга олиб келиши мумкин.

«Агар бу [ОАВдаги хабар] тўғри бўлиб чиқса, бизни бозордан сиқиб чиқаришга уринган «Газпром» яқин бир неча йил давомида Хитой газ бозорида биз билан рақобатлаша олмайди», деди «Марыгаздобыча» корхонасининг газни сотувга тайёрлаш бўйича технологи Ҳақназар Б.

Россия «Сибир кучи» қувурини газ билан тўлдириш учун бошқа кондан кўп километрлик янги газ қувури барпо этиши керак, деди у.

«Буни амалга ошириш осон бўлмайди», деди у.

Унинг айтишича, бу бир йиллик иш эмас ва унга 1 млрд. доллардан (3,5 млрд. манат) кўпроқ пул керак.

Янги истиқболлар

Ўтган йили Россия уч ярим йилдан ортиқроқ давом этган танаффусдан сўнг, оз миқдорда яна туркман газини сотиб ола бошлаган ва Туркманистонни ҳақоратомуз паст нархларга кўнишга мажбур қилган эди.

2019 йилда бу нарх 1000 куб метр учун 76 долларга (266 манат) тенг бўлди, дейилади «Газпром»нинг ўша йилги баёнотида.

Ашхободлик иқтисодчи Маиса Агаевага кўра, «Сибир кучи» газ қувурининг ишдан тўхтаб қолгани Туркманистон газ экспорти учун янги имкониятларни пайдо қилиши мумкин.

Унинг сўзларига кўра, Туркманистон йилига қарийб 40 миллиард куб метр газ экспорт қилади. Туркманистоннинг икки мижози бор – Хитой ва Россия. Хитой – йирикроқ харидор.

«Россия Хитой олдидаги шартномавий мажбуриятларини бажара олмаслиги туфайли, энди «Газпром» Туркманистондан сотиб оладиган газ миқдорини ошириши мумкин», деди Агаева.

Унинг сўзларига кўра, Туркманистон ҳукумати «ўзининг катта оғаларига (Россия ва Хитойга) нисбатан сохта ҳурмати сабабли» газ экспорти бўйича оммавий баёнот бермаяпти.

Шундай бўлса-да, Ашхобод Пекиннинг туркман газини сотиб олиш билан газ танқислигини қоплашидан ва Марказий Осиё мамлакатларидан сотиб олинадиган газ ҳажмини камайтиришга оид аввалги қарорларини бекор қилишидан умидвор.

Агаеванинг сўзларига кўра, Марказий Осиё-Хитой газ қувурининг қуввати йилига 55 миллиард куб метрни ташкил этади, шундан 33,3 миллиард куб метр газ 2019 йилда Туркманистон ҳиссасига тўғри келган. Ушбу қувур орқали Хитойга Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам газ экспорт қилади.

«Юзага келган шароитда мамлакатимиз раҳбарияти Хитойнинг Марказий Осиё газ қувурининг тўхтаб қолган тўртинчи тармоғи қурилишини давом эттиришига умид қилмоқда», деди у.

«Туркманистон янги тармоқ орқали йилига 25 миллиард кубометр газ етказиб бериши ва бундан 4 миллиард доллар (14 миллиард манат) даромад қилиши мумкин», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

«Москваликлар жавдар экиб, ўзи ёлғонда яшайди» – Иван Хворостинин

Жавоб бериш

Ватник-камбағал деҳқонлар империяси ўз интиҳосига ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ турибди, чунки уни шахсан Ёлғон императори, ботокс фанати ва буюк маразматик, жаноби олийлари Куя Лилипутин жарликка олиб кетмоқда.

Жавоб бериш

«Сибир кучи» руслардаги ўғирликлар ва коррупция сабабли тўхтаб қолди. Хитой бунга айбдор Россияни жазолашга ҳақли.

Жавоб бериш