Карвонсарой
Терроризм

Қозоқ ва туркман мутахассислари пул ювиш амалиётларига қарши кураш бўйича ўқув семинарида иштирок этди

Карвонсарой

18 март куни Олмаотага кираверишда полиция ва ҳарбий хизматчилар блокпост ўрнатмоқда, ниқоб таққан полиция ходими ўз смартфонидан фойдаланиб турибди. ЕХҲТ Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари учун пул ювиш амалиётлари ва терроризмни молиялашга қарши кураш бўйича икки кунлик ўқув семинари ўтказди. [Руслан Пряников/AFP]

18 март куни Олмаотага кираверишда полиция ва ҳарбий хизматчилар блокпост ўрнатмоқда, ниқоб таққан полиция ходими ўз смартфонидан фойдаланиб турибди. ЕХҲТ Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари учун пул ювиш амалиётлари ва терроризмни молиялашга қарши кураш бўйича икки кунлик ўқув семинари ўтказди. [Руслан Пряников/AFP]

НУР-СУЛТОН – Яқинда қозоғистонлик ва туркманистонлик мутахассислар пул ювиш амалиётлари ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш усулларига бағишланган ўқув семинарида қатнашдилар.

Сешанба (23 июнь) куни Нур-Султонда ноқонуний пулларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича икки кунлик онлайн тренинг ўтказилди, деб хабар беради Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ).

Тадбирда Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот ва молиявий назорат идораларининг элликка яқин ходими иштирок этди.

Семинарни ЕХҲТнинг Нур-Султондаги дастурий идораси Молия вазирлиги ва Бош прокуратура кўмагида ташкил этди.

Грузия ва Италиядан келган экспертлар пул ювишга оид жиноий схемалар, уларнинг олдини олиш ва чора кўриш бўйича Молиявий чораларни ишлаб чиқиш гуруҳининг (FATF) тавсияларини очиқладилар.

Иштирокчилар бенефициар эгалик концепцияси, шунингдек, юридик шахслар билан боғлиқ пул ювиш хавфларини баҳолаш усуллари билан танишдилар.

FATF пул ювиш амалиётлари ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича тавсиялар ишлаб чиқадиган мустақил ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади. Молиявий разведка идоралари ушбу тавсияларни стандарт сифатида тан олади.

Тренинг Қозоғистонда пул ювиш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича ЕХҲТнинг кўп йиллик саъй-ҳаракатлари доирасида ўтказилди.

Туркманистонда террорни молиялашга қарши кураш тренинги

Шундай семинар ўтган ҳафта Туркманистонда ҳам ўтказилган эди.

Молия ва иқтисодиёт вазирлиги, жумладан унинг Молиявий мониторинг хизмати, Ички ишлар ва миллий хавфсизлик, шунингдек Бош прокуратуранинг 24 ходими 17-19 июнь кунлари Туркманистоннинг терроризмни молиялашга қарши кураш салоҳиятини оширишга бағишланган онлайн семинарда иштирок этди.

Семинар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ НЖБ) ва ЕХҲТ томонидан 1-3 июнь кунги бошланғич курсларидан сўнг ўтказилди.

Ушбу дастур Туркманистоннинг халқаро стандартларга мувофиқлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Унда идоралараро ва халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти, шунингдек таҳлилий кўникмалар ва услубларни такомиллаштириш зарурлиги таъкидланган.

Иштирокчилар ҳақиқий ҳаётдан олинган мисолларни машқ қилдилар.

ЕХҲТ ва БМТ НЖБ терроризмни молиялаштиришга қарши янада самаралироқ кураш мақсадида ҳукумат идораларига техник ёрдамини таклиф этади ва энг илғор тажрибалар билан ўртоқлашади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500