Инсон ҳуқуқлари

АҚШ Қозоғистонда одам савдосига қарши курашда нодавлат ташкилотлар ва полицияга кўмаклашмоқда

Айдар Ашимов

image

2019 йил 15 август куни Нур-Султон аҳолисига ахборот брошюралари тарқатаётган ҳуқуқ-тартибот ходимлари. [Қозоғистон ИИВ]

НУР-СУЛТОН – Қозоғистон ҳукумати ва нодавлат ташкилотлари АҚШ кўмагида одам савдосига қарши курашни давом эттирмоқда.

Қозоғистон ички ишлар вазирлигининг (ИИВ) хабар беришича, 12-19 июнь кунлари бутун мамлакат бўйлаб ўтказилган «STOP трафик» операцияси доирасида одам савдоси билан боғлиқ 50 та ҳолат аниқланган.

Вазирлик маълумотига кўра, полиция ходимлари кўнгилочар масканлар, сауналар, меҳмонхоналар, ижара хонадонлари, фермер хўжаликлари ва қурилиш майдонларида рейдлар ўтказиб, одам савдоси, мажбурий меҳнат ва жинсий қуллик ҳолатларини фош этганлар.

Жумладан, Ақтўбе вилоятида қулликда сақланиб, чорва молларини боқиш ва уй юмушларини бажаришга мажбурланган 49 ёшли аёл топилган.

image

АҚШ Давлат департаментининг одам савдоси билан боғлиқ сўнгги ҳисоботи шуни кўрсатмоқдаки, Марказий Осиёнинг аксар давлатлари бу муаммога қарши жиддий кураш олиб бормоқда. [АҚШ Давлат департаменти]

image

Қизларни баъзида дўқ-пўписа ва таҳдидлар билан фоҳишалик қилишга мажбурлашади. Туркистон вилояти, 25 июнь. [Қозоғистон ИИВ]

Шунингдек, Ғарбий Қозоғистон вилоятида 40 ёшли эркак ҳам худди шундай ҳолатга тушган, уни зўрлик билан ушлаб, подачилик қилишга мажбурлашган.

Операция давомида вояга етмаганлар орасида одам савдоси, меҳнат ва фоҳишаликка мажбурлаш мақсадида одамларни тутқунликда ушлаш ҳоллари аниқланган.

17 нафар жабрланувчи озод қилинган ва ҳозирда уларга нодавлат ташкилотлар томонидан ёрдам кўрсатилмоқда, бир нечта киши одам савдоси қурбонлари учун мўлжалланган инқироз марказига юборилган.

Жамбил вилоятилик адвокат Айдос Оторбековга кўра, «STOP трафик» тадбири доирасида аниқланган жиноятлар юзасидан судгача тергов жараёни олиб борилмоқда.

Қозоғистон Жиноят кодексининг 128-моддасига кўра, одам савдосида айбдор деб топилганларнинг мол-мулки мусодара қилиниб, 15 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин, деди у.

Одам савдоси қурбонлари «қўрқув ва жиноятчилар ўз жазосини олишига ишонмагани сабабли» камдан-кам ҳолларда ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қиладилар, дейди Оторбеков.

Марказий Осиёда одам савдоси

Марказий Осиёда мавжуд бўлган одам савдоси қўшимча саъй-ҳаракатларни тақозо этмоқда.

АҚШ Давлат департаментининг июнь ойида эълон қилинган одам савдосига оид йиллик ҳисоботида мамлакатларнинг одам савдосига қарши кураш стандартларини бажариш йўлидаги саъй-ҳаракатлари баҳоланган. Унда Тожикистон 2-даражали, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон 2-даражали кузатув рўйхатига, Туркманистон эса 3-даражага киритилган.

2-даражадаги мамлакатлар минимал стандартларга тўлиқ жавоб бермаса-да, мувофиқликни таъминлаш учун «сезиларли чоралар» кўрмоқда. 2-даражали кузатув рўйхатига киритилган давлатлардаги ҳолат бир-бирига ўхшаш, аммо уларда эҳтимолий қурбонлар сони кўп ёки кураш чоралари кучайтирилгани ҳақидаги далилларга эга эмас.

3-даражали рўйхатга ҳукуматлари минимал стандартларга тўлиқ жавоб бермайдиган ва бу борада жиддий чоралар кўрмаётган давлатлар киради.

Қозоғистондаги АҚШ элчихонаси 24 июнь куни одам савдосидан жабрланиб, бошдан кечирганларини сўзлаб берган Розиянинг ҳикоясини чоп этган.

Розиянинг машаққатлари унинг интернетда иш тўғрисида эълон топган кундан бошланди.

Корхона эгаси биринчи кундаёқ унинг ҳужжатларини олиб қўйган ва қайтариб бермаган. Унга олис ҳудуддаги меҳмонхона, ресторан ва бардан иборат мажмуада ошпаз ва официант бўлиб ишлаш буюрилган.

Муассаса хўжайини унга ҳеч қандай ҳақ тўламаган. Розия қаттиқ қўрққани учун унга қарши бора олмаган.

Ресторанга бир неча полиция ходими келган вақтда у қутқаришларига умид қилиб, билагини кесган. Бироқ, полициячилар хўжайинга қиз билан ҳисоб-китоб қилишни айтиб, кетиб қолишган.

Ўша кечада корхона эгаси уни дўппослаб, сотиб юбораман, деб қўрқитган.

Бу воқеадан бир неча кун ўтиб, қиз қочиб кетган.

«Атроф қоронғу, ҳаво совуқ, қўрқинчли эди, аммо қола олмасдим», дейди Розия.

Розия тун бўйи йўл босиб, энг яқин шаҳаргача етиб келди. Охир-оқибат, иш ҳам топди: кекса аёлнинг уйида қолиб, унга қарай бошлади. Аёлнинг ўғли уни 2001 йилдан бери аёллар, болалар ва ёшларни эксплуатация ва зўравонликдан ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаётган «Родник» («Чашма») нодавлат ташкилотига юборган.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) 2006 йилдан бери жабрдийдалар учун марказ очиб, одам савдоси қурбонларини қўллаб-қувватлаб келаётган «Родник» нодавлат ташкилотини молиявий ёрдам билан таъминлаб келмоқда.

Розия ўзининг собиқ хўжайинини жиноий жавобгарликка тортишига интилмаган – бу одам савдоси қурбонларига хос, дейди ташкилот координаторларидан бири. Улар ё қўрқадилар ёки узоққа чўзиладиган суд жараёнларидан ўтишни истамайдилар.

Одамлар, айниқса ёшлар, одамфурушларнинг ўз қурбонларини қулликка қандай жалб қилишидан огоҳ бўлишлари лозим, дейди Розия.

«Деярли ҳар ким одам савдоси қурбонига айланиши мумкин», деди у. «Айниқса, қишлоқ ёшлари тажрибасиз эканликларни сабабли ҳимояга муҳтож, чунки улар пул келтирадиган ҳар қандай иш таклифини қабул қилишлари мумкин.»

АҚШ кўмаги

2019 йил сентябр ойида USAID Марказий Осиёнинг беш мамлакатида хавфсиз миграцияга оид лойиҳани амалга оширишни бошлади, деб хабар беради Нур-Султондаги АҚШ элчихонаси Розиянинг ҳикоясида.

«Лойиҳадан кўзланган мақсад – жабрдийдаларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, хизматлар самарасини таъминлаш, маълумотлар ва сиёсатни такомиллаштириш ва хавф остидаги гуруҳларни ҳимоя қилувчи тизимлар яратиш орқали одам савдосига қарши курашишдан иборат», дейилади хабарда.

Шунингдек, 2019 йилда АҚШ Давлат департаменти Қозоғистонда одам савдосига қарши курашиш учун «Сана Сезим» қозоқ нодавлат нотижорат ташкилотига 750 минг АҚШ доллари (303,9 млн. тенге) миқдорида грант ажратди. 3 йилга мўлжалланган ушбу лойиҳа доирасида одам савдосидан жабрланганларга ёрдам берадиган ташкилотлар тармоғи яратилган.

«COVID-19 пандемияси туфайли хавфлар янада кучайди... Одам савдоси билан шуғулланувчилар пандемия сабабли юзага келган мураккаб шароитда кўпчиликнинг бехабарлигидан фойдаланмоқда. USAID томонидан молиялаштирилган «Марказий Осиёда хавфсиз миграция» лойиҳаси ўз-ўзини ҳимоя қилиши ва эҳтимолий эксплуатацияга тушиб қолмаслик учун мигрантларни зарурий маълумотлар бериш билан шуғулланмоқда», дейилади элчихона хабарида.

Бир вақтнинг ўзида Марказий Осиёнинг бир неча мамлакати иштирокидаги ташаббуслар самарали бўлиши мумкин, дейди чимкентлик сиёсатшунос Раян Дауталиев.

«Одам савдоси бутун Марказий Осиё учун долзарб муаммодир», деди Дауталиев. «Ўтган йилларда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўшма тадбирлар ўтказилиб, бир вақтнинг ўзида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда рейдлар амалга оширилди.»

«Қуллик тушиб қолган одамлар савдоси кўпинча бир давлатдан бошқасига кўчади, шу сабабли бундай халқаро операциялар яхши самарали бериши мумкин», деб қўшимча қилди Дауталиев.

Унинг таъкидлашича, USAID ва халқаро ташкилотлар кўмаги билан ишлайдиган нодавлат ташкилотлар лойиҳалари одам савдосига қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга.

«Одам савдоси жабрдийдалари бошпана бера оладиган ва ҳуқуқ-тартибот идораларига чиқишга кўмаклашадиган жамоат ташкилотларига кўпроқ ишонадилар», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1
Сиёсат * Мажбурий 1500 та белги қолди (1500 max)

Ундан кўра вирусга қарши курашсанглар бўларди, дорилар етишмаяпти. Одам савдосига қарши курашларингга ҳали анча бор.

Жавоб бериш