КОБУЛ – Толибонларнинг барча террорчи ташкилотлардан воз кечиши – Афғонистондаги ички музокаралар томон йўл очувчи Толибон ва АҚШ музокарачилари ўртасидаги тинчлик келишувининг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади.
29 февралда имзоланган келишувдаги АҚШ қўшинларининг Афғонистон ҳудудидан чиқиши ва махбусларнинг озод этилиши каби айрим шартлар бажарилаётганига қарамай, Толибонлар Ал-Қоида билан алоқалардан воз кечишни рад этмоқда.
«Толибонларнинг Ал-Қоида билан муносабатлари жуда мустаҳкам, узоқ ва чуқур тарихга эга ва уларни узиш осон бўлмайди», дейди ҳиротлик сиёсий таҳлилчи Муҳаммад Рафиқ Шаҳир.
«2001 йилда Қўшма Штатлар Толибонлардан Усома бин Ладенни топширишни сўраганида, улар бу сўровни рад этишган. Ҳозир эса бу муносабатлар аввалгидан ҳам яқин», деди у.
Террорчилик гуруҳининг ўзи Толибонлар назоратидаги ҳудуддан туриб ҳужумларни амалга оширганини тан олиб турган бир вақтда, Толибон етакчилари 2001 йил 11 сентябрда Қўшма Штатларга қарши ҳужумларда Ал-Қоиданинг ўрнини рад этишда давом этмоқдалар.
«Толибон етакчилари Ал-Қоида билан алоқани узишга ваъда берган, аммо бунга қодир эмас. Чунки, турли Толибон гуруҳлари, шу билан бирга, у кўп молиявий ёрдам оладиган араб мамлакатлари орасида «Ал-Қоида»нинг таъсири кучли», деди Шаҳир.
Афғонистон ҳукуматининг кўкнори экинзорларини йўқ қилиши, хавфсизлик кучлари тарафидан Толибонлар блокпостларининг олиб ташланиши ва фуқароларнинг жангари гуруҳга адолатсиз «солиқларни» тўлашдан бош тортиши ортидан Толибонларнинг молиявий манбалари қуриб бораётгани сабабли, улар яқин орада Ал-Қоида билан муносабатларни узиши даргумон.
«Ал-Қоида Толибонларнинг асосий молиявий қувватловини амалга оширади», деди Шаҳир.
Шу билан бирга, Толибонлар молиялаштириш, қурол-яроғ етказиб бериш ва ҳарбий тайёргарлик борасида Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусига (ИИПК) таянади.
Толибонлар Ал-Қоиданинг «содиқ тарафдори»
27 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига (БМТ) топширилган ҳисоботда Толибонларнинг Ал-Қоида билан кенг қамровли ва доимий алоқалари ҳақида батафсил маълумот берилган.
«Толибонларнинг, айниқса Ҳаққоний тармоғи ва Ал-Қоида билан дўстлик, биргаликдаги кураш тарихи, мафкуравий хайрихоҳлик ва никоҳ ришталарига асосланган муносабатлари яқинлигича қолмоқда», дейилади ҳисоботда.
«Толибонлар Қўшма Штатлар билан олиб борилаётган музокаралар вақтида Ал-Қоида билан маслаҳатлашган ва улар билан тарихий алоқаларига риоя қилишга кафиллик берган», деди у.
Далиллар шуни кўрсатмоқдаки, толиблар террорчилик гуруҳидан юз ўгиришга ваъда берганига қарамай, «Ал-Қоида»га ўз ҳимоялари остида куч тўплашга имкон беришган, дейди БМТ кузатувчилари.
«Ал-Қоида ва Толибон 2019 йил давомида ва 2020 йил бошида учрашувлар ўтказиб, тезкор режалаштириш, жангариларни тайёргарликдан ўтказиш ва Афғонистон ичкарисида Ал-Қоида «аъзоларига хавфсиз бошпана тақдим этиш билан боғлиқ ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилганлар», дейилади хабарда.
«Ал-Қоида» Афғонистоннинг 12 вилоятида яширин фаолият олиб боради ва БМТ кузатувчиларига кўра, «400 дан 600 нафаргача қуролли жангариларга эга».
Толибон ва «Ал-Қоида» мафкураси кўп жиҳатдан ўхшаш бўлгани учун, уларнинг бир-биридан ажралиши мушкул, дейди кобуллик сиёсий таҳлилчи Муҳаммад Иброҳим Масоан.
«Толибон ва ал-Қоидани бир-биридан ажратишнинг ягона йўли – бу уларнинг мафкурасини ўзгартириш, аммо кўриб турганимиздек, Толибон мафкураси ва хатти-ҳаракатларида ҳеч қандай ўзгариш юз бермаган ва гуруҳ «Ал-Қоида»нинг қатъий тарафдори бўлиб қолмоқда», деди у.
«Ал-Қоида ва Толибон ўртасида яқин алоқалар борлигини Толибоннинг «Ал-Қоидани» ҳеч қачон очиқ танқид қилмаганидан ҳам биламиз», деди у. «Толибон АҚШ билан келишувда белгиланган талаб – «Ал-Қоида» «билан алоқаларни узиш бўйича ўз мажбуриятларини бажармади».
Сўзда эмас, амалда
Толибон «Ислом давлати»га (ИД) «дўст эмас», аммо Вашингтон уларнинг Ал-Қоидага қаршилигини «сўзда эмас, амалда» кўришни хоҳлайди, деб баёнот берди АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Кеннет Маккензи 18 июнь куни.
Қўшма Штатлар Афғонистондаги АҚШ қўшинлари сонини 8600 нафаргача камайтириш билан битим тарафдорини қўллаб-қувватлади, деди Маккензи.
Аммо бу «шартларга асосланган ёндашув», деди у келаси йилга қадар қўшинларнинг тўлиқ олиб чиқилиши учун шартларга риоя қилиниши кераклигини таъкидлаб.
«Биз уларнинг Ал-Қоидага қарши нима қилмоқчи эканликларини кўриш истагидамиз», деди у.
Президент Ашраф Ғани исёнчилар ва Вашингтон ўртасидаги келишувга мувофиқ, Толибон асирларини озод қилиш жараёнини якунлашга ваъда берган.
Афғонистон ҳукумати ҳозиргача ҳибсдаги толибонлардан 3000 га яқинини озод қилган. Афғонистондаги ички музокараларни бошлашга оид шартномада келишилганидек, яна 2000 маҳбусни озод қилиш режалаштирилмоқда.
19 июнь куни Толибон ҳаракати феврал ойида имзоланган, «айниқса, АҚШ ва Ғарбнинг Афғонистондан чиқувчи таҳдиддан хавотирда экани таъкидланган» келишувга содиқ қолишини билдирган.
«Мамлакатимиздан кимгадир қарши кураш йўлида фойдаланишларига йўл қўймаймиз. Хотиржам бўлишсин», деб баёнот берган «Толибон» ҳаракати вакили Забиулло Мужоҳид AFPга.
Давомли зўравонликлар
Aфғон расмийлари ва хавфсизлик таҳлилчиларига кўра, тинчлик битими имзоланганидан кейин ҳам Толибонлар зўравонлигининг кучайиши – гуруҳнинг ваъдалари пуч эканига мисолдир.
«Далиллар шуни кўрсатмоқдаки, АҚШ билан тинчлик битими имзоланганига қарамай, Толибоннинг «Ал-Қоида» билан алоқалари аввалги йиллардаги каби барқарорлигича қолмоқда, дейди Кобулдаги маҳаллий полиция бош бошқармаси раҳбарининг собиқ ўринбосари ва ҳарбий таҳлилчи, истеъфодаги генерал Сикандер Асғарий.
Толибонлар тинчлик келишувидан фойдаланиб, ўз минтақавий тарафдорларининг кўмаги билан ҳокимиятни қайтариб олишни истайдилар, деди у.
«Ал-Қоида билан алоқаларнинг сақланиб қолаётгани – Толибонлар Афғонистонга тинчлик ва барқарорлик олиб келадиган ҳар қандай келишувга содиқ эмаслигини кўрсатади», дейди собиқ «Волеси Жирға» аъзоси, кобуллик Довуд Калаконий.
Ўтган ҳафта давомида Толибонлар афғон хавфсизлик кучларига қарши 222 та ҳужумни амалга оширди, натижада 422 одам жароҳатланган ва ўлган. Бу ҳақда 14 июнь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Тариқ Ариан маълум қилди.
Шунингдек, у Толибонни афғон ҳукуматига «руҳий босим» ўтказиш учун диний уламоларни нишонга олишда айблади.
Шу ойда исёнчилар томонидан Кобул масжидларида содир этилган портлашлар туфайли икки имом ҳаётдан кўз юмди, деб айтган Ариан жангариларни «бошқа террорчилик тармоқлари учун соябон» вазифасини ўтаётганликда айблаб.
Афғонистон Миллий хавфсизлик кенгашининг 22 июнь кунги хабарига кўра, ўтган ҳафта Толибон афғон хавфсизлик хизматининг 291 нафар ходимини ўлдириб, буни 19 йиллик можаронинг энг қонли ҳафтаси деб атаган.
Толибон бошлаган зўравонлик «тинчликка мойиллик руҳига зиддир», деди Ғани 22 июнь куни Вазирлар маҳкамаси йиғилишида.
[Ушбу мақолани тайёрлашга Ҳиротдан Умар кўмаклашди.]
Орзуга айб йўқ
Жавоб беришОрзу қилишда давом эт
Жавоб беришФикрлар 2