Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Россия ва Хитойдан таралаётган коронавирус дезинформацияси хорижда кенг қулоч ёймоқда

Карвонсарой ва AFP

1 июль куни «Алдов» сўзи ёзилган ниқоб тақиб олган эркак Москвадаги Пушкин майдонида Конституцияга киритилажак ўзгартиришларга қарши норозилик билдирмоқда. Шу куни президент Владимир Путинга 2036 йилга қадар ҳукумат тепасига қолишга имкон берувчи конституциявий ислоҳотлар бўйича овоз бериш жараёни ўз ниҳоясига етган. (Кирилл Кудрявцев/AFP)

1 июль куни «Алдов» сўзи ёзилган ниқоб тақиб олган эркак Москвадаги Пушкин майдонида Конституцияга киритилажак ўзгартиришларга қарши норозилик билдирмоқда. Шу куни президент Владимир Путинга 2036 йилга қадар ҳукумат тепасига қолишга имкон берувчи конституциявий ислоҳотлар бўйича овоз бериш жараёни ўз ниҳоясига етган. (Кирилл Кудрявцев/AFP)

Дунё бўйлаб етакчи оммавий ахборот воситаларига мансуб хабарлардан кўра, Россия ва хитойлик журналистлар томонидан тарқатилган коронавирус дезинформацияси ижтимоий тармоқларда каттароқ аудиторияга эга бўлмоқда, дейилади янги тадқиқотда.

Воқеликни бузиб ёритиш ёки очиқ фитна назариялари бўлишидан қатъий назар, чет эл оммавий ахборот воситалари томонидан француз ва немис тилларида ёзилган мақолалар Facebook ва Twitter тармоқларида тарқалмоқда. Кўп ҳолларда уларнинг манбалари ноаниқ, дейилади душанба (29 июнь) куни Оксфорд интернет институти томонидан чоп этилган ҳисоботда.

Оксфорд университети таркибига кирувчи бу институт Россия ва Хитой, шунингдек Эрон ва Туркиянинг давлат назоратидаги ёки ҳукуматга яқин етакчи оммавий ахборот воситалари томонидан яратилган контентни ўрганиб чиққан.

Оммавий ахборот воситалари ўзларининг француз, немис, испан тилидаги саҳифаларида «Ғарб давлатларни танқид қилганлар, ўз мамлакатларини олқишлаганлар ва вирус келиб чиқиши ҳақидаги фитна назарияларини тарғиб қилиш билан коронавирусни сиёсийлаштирганлар», деб хабар беради институт.

«Спутник» ахборот агентлигини ўз ичига олувчи «Россия сегодня» давлат медиа корпорациясининг бош офиси, Москва, 2017 йил, 12 ноябрь. (Кирилл Кудрявцев/AFP)

«Спутник» ахборот агентлигини ўз ичига олувчи «Россия сегодня» давлат медиа корпорациясининг бош офиси, Москва, 2017 йил, 12 ноябрь. (Кирилл Кудрявцев/AFP)

«Бу нашрлардаги аксар контент фактларга асосланган. Аммо улардаги нарсалар, айниқса Россия оммавий ахборот воситалари демократик мамлакатларни обрўсизлантиришга қаратилган», дейди Оксфорд тадқиқотчиси Жонатан Брайт AFP нашрига.

«Баён қилинаётган нозик масала – демократиянинг инқироз ёқасида турганлигидир», деб қўшимча қилди у.

Институт Россиянинг «RT» ва «Спутник» нашрларига, Хитойнинг Глобал телевизион тармоғи (CGTN), Хитой халқаро радиоси (CRI) ва «Xinhua» ахборот агентликлари, шу билан бирга Эрон ва Туркия тармоқларини ўрганиб чиқди.

Аксил-Америка кайфиятини тарғиб қилиш

У битта мақолага билдирилган ўртача муносабатни – фойдаланувчи мақолани неча марта Facebook орқали бошқалар билан улашгани, унга «ёқди» тугмасини босгани ёки ретвит қилганини ҳисоблаб чиққан.

Тадқиқотда ҳар бир ОАВнинг 18 майдан 5 июнга қадар чоп этилган 20 та машҳур мақоласи қамраб олинган.

Институтнинг апрель ойидаги тадқиқотида айтилишича, фойдаланувчилар худди шу ОАВларга тегишли инглиз тилидаги, ўта сиёсийлашган мақолаларига BBC каби мўътадил манбалардаги контентга қараганда 10 баравар кўпроқ муносабат билдиришган.

«Ижтимоий тармоқларнинг аксарияти хорижий ҳукуматлар томонидан тўғридан-тўғри молиялаштирилган маълумотларни ўқиб борадиган одамлардир, ўқувчи эса буни тушунмайди», деб қўшимча қилди Брайт.

Худди шундай муносабат билдириш даражаси испан тилидаги материалларда ҳам кузатилган, жумладан Эрон давлат телекомпаниясининг «HispanTV» хизмати Россия ОАВларининг «аксил-Америка ғояларини» Лотин Америкасига тарқатади, дейилади тадқиқотда.

Француз ва немис тилидаги мисоллар Россия ОАВнинг Франциядаги «gilets jaunes» норозилик ҳаракати, COVID-19 ва Европадаги инқирозларнинг қизғин ёритилишини ўз ичига олади.

Шу билан бирга, ҳисобот Туркияга қарашли TRT тармоғининг немис, француз ва испан тилидаги хизматларини ўрганиб чиққан, уларда Туркия ҳукуматининг пандемияга қарши ҳаракатлари ижобий ёритилишга кўпроқ диққат қаратилган.

Бундан фарқли ўлароқ, Россия, Хитой ва Эрон оммавий ахборот воситалари асоссиз, жумладан ўтган йили Хитойнинг Ухань шаҳрида келиб чиққан коронавирус АҚШ ҳарбийлари томонидан тарқатилгани ҳақидаги назарияларни ёйинлаган.

Тилга олинган ОАВ янгиликларга ноғарбий ёндашувни ифодалайди ва ўзларининг тарғиботчи эканлигини рад этади.

Оксфорд ҳисоботига йўллаган жавоб баёнотида «RT-Франция» хизмати «бу айбловларга қатъий қарши эканлигини» ва глобал пандемияни қолган француз нашрлари каби ёритганлигини таъкидлаган.

«Ғарбий демократик ҳукуматлар танқиди ва демократик давлатларнинг обрўсини тўкиш айбловларига ҳеч қандай дахлимиз йўқ», деб баёнот берган нашр.

Президент Эммануэль Макрон «RT»ни 2017 йил сайловлар чоғида Францияда «ёлғон тарғибот» олиб борганликда айблаган.

Россия медиа-тармоғи оммавий ахборот воситаларининг холислиги қоидаларини бузгани учун Британияда жаримага тортилган эди.

Ўтган йили Хитойнинг яна тўртта медиа-компанияси Қўшма Штатлардаги «хориж миссияси» сифатида қайта малакангани ортидан Пекин жавоб чоралари кўриш билан таҳдид қилган.

Тўртлик сафида CGTN, CRI ва «Xinhua» каби компаниялар бор. Вашингтон уларни оммавий ахборот воситаларидан кўра, давлат томонидан молиялаштириладиган ижрочилар деб номлаган.

«Гибрид урушлари»

Хитой ва Россия ҳукуматлари коронавирус пандемиясига оид уйдирма гап-сўзларни тарқатишдаги ҳамкорликни кучайтириб борар экан, Пекин Москва қўллаётган усулларни ўзлаштирмоқда, деб айтган ижтимоий тармоқлардаги кузатувчилар май ойида.

Жума (12 июнь) куни Twitter тармоғи Хитой олиб бораётган дезинформация кампаниясига алоқадор 170 мингдан ортиқ ҳисобни ўчириб ташлаган. Сешанба (9 июнь) куни эса Европа Иттифоқи (ЕИ) Хитой ва Россияни Европа демократиясига путур етказишга қаратилган мақсадли коронавирус дезинформациясида айблади.

Бишкеклик сиёсатшунос Аскат Дукенбаевга кўра, Россиянинг дезинформация кампаниялари Владимир Путин режимининг Ғарб мамлакатларига қарши янги «гибрид» ҳарбий доктринасининг бир қисмидир.

Москва «Совуқ урушдаги мағлубият учун улардан қасос олишга ҳаракат қилмоқда. Бу сиёсат, шунингдек собиқ мустамлакачи таъсиридан чиқишга уринаётган постсовет мамлакатларга қарши қаратилган», деб айтган эди у июнь ойида.

«Марказий Осиёдаги русийзабон аҳолига эга мамлакатлар Совет Иттифоқидан мустақил бўлганидан бери Россиянинг дезинформацион хуружларига учраб келмоқда. 2014 йилда Путиннинг Украинага қарши тажовузи ортидан бу ҳолатлар янада авж олди», деди Дукенбаев.

«Масалан, Қирғизистондаги либерал ва демократияни қўллаб-қувватловчи фуқаролик жамияти фаоллари Қирғизистонда кенг тарқалган кремлпараст ва ҳукуматга қарашли газеталар ва интернет-нашрлари саҳифаларида «чет эл агентлари», «мамлакатга душман унсурлар» сифатида доимий равишда ҳужумга учраб келадилар», деди у.

У «Ғарб ва халқаро ҳамжамият Россия таҳдидининг жиддийлиги ва унга қарши чора кўриш зарурлигини англаб етганидан» мамнун эканлигини билдирди.

«Россиялик блоггерлар «Россия – қардош мамлакат ва Ғарбдан фарқли ўлароқ, оғир кунда ёрдам беради» деган ғояни фаол равишда илгари сурмоқдалар», деб айтган эди халқаро масалалар бўйича Нур-султонлик олим Руслан Назаров июнь ойида.

«Бироқ, кундалик муносабатлар – сиёсий, иқтисодий ва айниқса [Россия ҳукмронлик қиладиган] Евросиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги муносабатларда Россия бир неча бор бунинг аксини намойиш этган. Ташқи сиёсатда, жумладан Марказий Осиёда ҳам Москва мутлақо ғаразли манфаатларга эга ва шунга мувофиқ ҳаракат қилади», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бошқалардан кескин фарқланувчи анъаналар бор бизда

Жавоб бериш

Илтимос, кўпроқ янгиликлар беринг. Бошқа интернет-нашрлар билан ҳамкорлик ўрнатинг. Одамлар ҳақиқатни билиши керак.

Жавоб бериш

Ғарб давлатлари Россия билан ади-бади айтишмай, уни қатъий жазолаши керак

Жавоб бериш