Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Марказий Осиёлик журналистлар россиялик ҳамкасбларининг «давлатга хиёнати»га оид иддаоларни шубҳа остига олмоқда

Канат Алтинбаев

Собиқ журналист ва Россиянинг «Роскосмос» космик агентлиги бош директорининг ёрдамчиси Иван Сафронов 7 июль куни Москвада бўлиб ўтган суд жараёнида темир панжара ортида турибди. (Василий Максимов/AFP)

Собиқ журналист ва Россиянинг «Роскосмос» космик агентлиги бош директорининг ёрдамчиси Иван Сафронов 7 июль куни Москвада бўлиб ўтган суд жараёнида темир панжара ортида турибди. (Василий Максимов/AFP)

ОЛМАОТА – Марказий Осиёдаги журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари москвалик журналист Иван Сафроновнинг ҳибсга олинганини қоралаб, бу ҳолатни Кремлнинг сўз эркинлигига раҳна солиш ва ОАВни назоратга олиш уринишларининг сўнгги ёрқин намунаси ўлароқ баҳоладилар.

7 июль куни Москвада Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари Сафроновни давлатга хиёнатда айблаб ҳибсга олишди. Сафронов ўн йилча Россиянинг «Коммерсант» газетасида ҳарбий журналист бўлиб ишлаган, май ойида эса Россиянинг космик соҳадаги давлат корпорацияси – «Роскосмос» бош директори Дмитрий Рогозиннинг маслаҳатчисига айланган эди.

ФСБ Сафроновни 2017 йилда мухбир бўлиб ишлаётган вақтида Чехия разведкасига Россия мудофаа саноатига оид махфий маълумотларни берганликда айбламоқда, деб хабар қилган ОАВ унинг адвокатларига таяниб.

Суд Сафроновни икки ойга – 6 сентябрга қадар қамоққа олишга буйруқ берган.

Кремлга мухолиф россиялик журналист Аркадий Бабченко (ўнгда) ва Украина хавфсизлик хизмати (СБУ) бошлиғи Васил Грицак (чапда) Киевдаги матбуот анжуманида нутқ сўзламоқда, 2018 йил. Украина Россия томонидан журналист ҳаётига суиқасднинг олдини олиш учун Бабченконинг қотиллигини саҳналаштирганини тан олган. [Сергей Супинский/AFP]

Кремлга мухолиф россиялик журналист Аркадий Бабченко (ўнгда) ва Украина хавфсизлик хизмати (СБУ) бошлиғи Васил Грицак (чапда) Киевдаги матбуот анжуманида нутқ сўзламоқда, 2018 йил. Украина Россия томонидан журналист ҳаётига суиқасднинг олдини олиш учун Бабченконинг қотиллигини саҳналаштирганини тан олган. [Сергей Супинский/AFP]

ФСБ Сафроновга қўйилган айблов тафсилотларини очиқламаган. Россияда амалда бўлган тартибга кўра, ўта махфий маълумотлар билан боғлиқ ишлар ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

«Жамоатчилик билан боғлиқ йўналишда ишловчи ҳар қандай Россия фуқароси – у ҳуқуқ ҳимоячиси бўладими, олим, журналист ёки давлат корпорацияси ходимими – исталган вақтда жиддий айбловларга учраши мумкин», дейилади «Коммерсант» баёнотида.

«Жамоатчилик фақат махсус хизматларнинг сўзларига таянишга мажбур, уларнинг фаолияти эса йилдан-йилга янада кўпроқ саволларни пайдо қилмоқда. Бу саволларни бераётган журналистларнинг ўзлари хавф остида қолмоқдалар», деб ёзади «Коммерсант».

Шубҳали айбловлар

Сафроновнинг ҳибсга олиниши унинг «Роскосмос»да эгаллаган лавозими билан боғлиқ, дейди Европада истиқомат қиладиган тожик журналисти, ASIA-Plus ва Deutsche Welle сайтларида ишлаган Хайрулло Мирсаидов.

«Россиядаги коррупция даражаси инобатга олинса, бу мамлакат фазовий соҳага жуда катта миқдордаги пул ажратаётган бир пайтда журналист мислсиз миқёсдаги ўғриликлар ҳақида фош этувчи маълумот тўплаган бўлиши мумкин. Шунинг учун улар уни йўқотишмоқчи», деди Мирсаидов.

Сафронов кимгадир махфий маълумотларни топширгани ҳақидаги иддаолар эса ҳеч қандай асосга эга эмас, деди Мирсаидов.

«Россия контрразведка хизмати ўз ишини бир неча йилга кечикиб бажараётган экан, уни тугатиш вақти келган, чунки ундан фойда йўқ», деди Мирсаидов Сафроновнинг 2017 йилда давлатга хиёнат қилишда айблангани ҳақидаги иддаоларни назарда тутиб.

Ўшлик журналист Кубан Бердибаевга кўра, вақт ўтиши билан Россия президенти Владимир Путин режими Россия оммавий ахборот воситаларига тобора кўпроқ босим ўтказмоқда.

«Шубҳа йўқки, Сафроновга қарши иш аввал ҳам Кремль учун номақбул репортажлар тайёрлаган россиялик журналистларга қарши очилган ишлар каби сохталаштирилган», деди у.

Россия ҳукуматининг сўз эркинлиги ҳақида ўзига хос тушунчаси бор ва Қирғизистон ундан ўрнак олмаслиги керак, деди Бердибаев.

Россия ҳукумати анъанавий равишда мустақил журналистларни жазолаб келган, дейди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) нодавлат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё дастури координатори Гулноза Саид.

«Россия ҳукумати конституциявий ислоҳотларга келганда танқид ва ўзгача фикрга тоқат қилолмайди. У Кремль учун номақбул репортажлар тайёрлаган журналистларни жазоламоқда», деди у шу ойда Путинга 2036 йилга қадар ҳукумат тепасида қолиш имконини берган конституциявий референдумни назарда тутиб.

«ОАВ Россия тарихий референдум деб атаётган жараён ҳақида ҳақиқатни айтиш ҳуқуқига эга бўлиши керак», деб қўшимча қилди Саид.

Бундан ташқари, Кремль коронавирус пандемияси борасида мустақил текширув олиб бораётган журналистларни ҳам таъқиб қилмоқда ва бу билан жамоатчиликнинг вирус ҳақида холис маълумот олиш имкониятини чекламоқда, деди Саид бундай ҳолатларга мисол келтирмай.

Кремль томонидан амалга оширилаётган чораларга «ҳибслар, журналистлар ва ОАВга қарши янги суд жараёнлари, қўрқитиш, сайтларни блоклаш ва ҳоказолар» киради, деб таъкидлади Саид.

«Россиядаги бюрократлар том маънода одамлар ҳаётини хавф остида қолдирмоқда», деб қўшимча қилди у.

Қонли тарих

Ўтмишда Кремлга қарши чиққан бир нечта журналист ҳаётдан кўз юмган.

2018 йилда шубҳали тарзда Екатеринбурдаги хонадони балконидан йиқилиб тушган Максим Бородин ва 2016 йил Украинанинг Киев шаҳрида машинаси портлаб кетган Павло Шеремет шулар жумласидандир.

Омади келиб, Кремль билан тўқнашувдан омон қолган мухбирлар ҳам йўқ эмас.

2019 йилда Россия ҳукумати Иван Голуновни коррупцияни ёритишдан тўхтатишга уринган эди. Халқаро миқёсдаги норозилик туфайли унга қўйилган наркотиклар билан боғлиқ асоссиз айбловлар бекор қилинган.

2018 йилда Россия томонидан журналист ҳаётига суиқасднинг олдини олиш мақсадида Украина ҳукумати Аркадий Бабченкога суиқасдни саҳналаштирганди.

Сафроновнинг аянчли аҳволи ўз эркинликлари учун курашишдан бошқа чораси қолмаган ва постсовет ҳукуматлари собиқ мустамлака кучлари таъсирида бўлган Марказий Осиё минтақасидаги журналистларни хавотирга солмоқда.

Журналистларни суд қилишдан уларни қўрқитиш мақсади кўзланган, дейди Олмаотадаги «Ҳуқуқий медиа маркази» нодавлат ташкилоти раҳбари Диана Окремова.

Россия ҳукумати қозоғистонлик ҳамкасблари учун ёмон ўрнак бўлишмоқда, деб қўшимча қилди у.

«Россия расмийлари журналистлар фаолиятини назорат қилиш ваколатига эгамиз деб ўйлайдилар ва афсуски бундай фикр Қозоғистон воқелигига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда», деди у.

Кремлнинг хатти-ҳаракатлари Қозоғистондаги сўз эркинлиги равнақига хавф солиши мумкин.

«Қозоғистон ҳукумати туҳмат борасида муҳим қонунчилик ислоҳотларини амалга оширмоқда», дейди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси вакили Саид.

У яқинда Қозоғистонда қабул қилинган туҳматга оид қонунни назарда тутган бўлиб, унга кўра туҳмат Жиноят кодексидан олиб ташланган ва бу йўналишдаги жарималар миқдори сезиларли камайтирилган.

Саидга кўра, Қозоғистон ҳақоратга нисбатан ҳам жиноий жавобгарликни олиб ташлаб, бу борадаги ислоҳотларни давом эттириши керак.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500