ЛОНДОН – Хитой ҳукумати Шинжон минтақасидаги мусулмон озчиликларни коронавирус пандемиясидан жабрланган мамлакатларга сотиш учун мўлжалланган ниқоблар (каби шахсий ҳимоя воситаларини) ишлаб чиқарадиган заводларда ишлашга мажбурламоқда. Бу ҳақда «Нью-Йорк Таймс» видеоҳисоботида маълум қилинган бўлиб, нашр юзлаб видео, фотосуратлар ва расмий ҳужжатларни далил ўлароқ келтирган.
Мақолада ёзилишича, пандемиядан олдин Шинжонда бу каби воситаларини фақат тўртта компания ишлаб чиқарган. Бутун дунё бўйлаб тарқалишда давом этаётган пандемия сабаб бундай маҳсулотларга талаб ортиб бориши билан уларнинг сони 51 тага етган ва шулардан камида 17 таси асосан мусулмон озчиликка мансуб ишчилар меҳнатидан фойдаланган, дейилади 19 июль кунги мақолада.
Хитой ҳукуматининг расмий баёнотлари ва тарғибот видеолавҳаларида айтилишича, Шинжонда ҳимоя воситаларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ бандлик дастури «маҳаллий аҳолига камбағалликни енгиб, тўкис ҳаёт кечиришига» ёрдам берадиган «ишчилар алмашинуви дастури» доирасида амалга оширилмоқда, дейилади мақолада.
Аслида эса ҳолат умуман бошқача. Бу Пекиннинг сўнгги бир неча йил ичида бир миллиондан ортиқ мусулмон, жумладан этник қозоқ ва қирғизларни қайта тарбиялаш лагерларига жойлаштириш ва кейинчалик уларни жамиятга қайтаришга оид саъй-ҳаракатларининг бир қисми ҳисобланади.
«Таймс» нашрининг видеолавҳасида уйғурлар учун ажратилган заводдаги турар жой биноларининг сунъий йўлдошдан олинган суратлари акс этган. Нашрга кўра, уйғур ишчилари муассаса ичида ҳар ҳафта мафкуравий дарслар, шунингдек, мандарин тили курсларига қатнашга мажбур.
Мухбирлардан бирининг айтишича, бу заводлар ишчилари «ўз ихтиёри билан меҳнат қилаётгани йўқ». Пекин уларга нисбатан мажбурий чоралар қўлламоқда ва халқаро ҳуқуққа кўра, бу мажбурий меҳнатнинг бир тури ҳисобланади.
«Инсон ҳуқуқларининг номақбул ва қўпол тарзда бузилиши»
Якшанба (19 июль) куни Буюк Британия ҳукумати Шинжон минтақасидаги этник ва диний озчиликлар, жумладан этник қозоқлар ва қирғизларга нисбатан «ўта хавотирли» муносабати учун Хитой режимини «инсон ҳуқуқларини номақбул ва қўпол тарзда бузишда» айблаб чиққан.
Бундан ташқари, душанба (20 июл) куни АҚШ Савдо вазирлиги уйғур озчиликларининг инсон ҳуқуқларини поймол қилишга алоқадор 11 Хитой корхонасини қора рўйхатга киритиб, уларга Америка маҳсулотларидан фойдаланишни тақиқлади.
Аҳолисининг аксари мусулмон бўлган минтақаларда оммавий ҳибслар ва аёлларни мажбурий бичиш билан боғлиқ ҳолатлар халқаро даражадаги эътиборни тақозо қилмоқда, деди Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб.
«Шуниси аниқки, инсон ҳуқуқларининг номақбул ва қўпол тарзда бузилиши юз бермоқда ва бу ўта хавотирли», деди у Би-би-сига.
«Ҳисоботлар ва улардаги инсонлар билан боғлиқ жиҳатлар биз узоқ вақт давомида гувоҳи бўлмаган нарсаларни эслатмоқда. Ва булар ўзини жиддий қабул қилишларини истайдиган халқаро ҳамжамиятнинг етакчи аъзоси томонидан содир этилмоқда», деди у.
Шу ой бошида Қўшма Штатлар Хитойнинг юқори лавозимли амалдорларидан «мудҳиш» қонунбузарликларга чек қўйишни талаб қилиб, уларга нисбатан санкциялар жорий қилганди.
Яроқсиз жиҳозларни пуллаш
Масалан, Хитойдан келтирилган сифатсиз ҳимоя воситалари Афғонистондаги кўплаб шифокорлар ҳаётини хавф остида қолдирган, дейди расмийлар. Покистонда COVID-19 беморларини даволаётган тиббиёт ходимларининг касалликни юқтириши ва вафоти билан боғлиқ бир қанча ҳолатлар ортидан касалхоналар Хитойда ишлаб чиқарилган ҳимоя воситаларини қўллашдан воз кечган.
Хитойдан келган шу турдаги маҳсулотлар нуқсонли экани аниқланганидан сўнг, Марказий Осиё мамлакатлари COVID-19 учун тест тўпламларини ўзларида ишлаб чиқаришга ҳаракат қилмоқдалар.
Хитой инсон ҳуқуқларини поймол қилмоқда...
Жавоб беришФикрлар 2
Шинжон нима бўпти, Россияда ҳар куни калтаклар ва таҳқирланишга дучор бўлаётган Марказий Осиёлик миллионлаб қуллар бор, бунга бутун дунё жим турибди
Жавоб беришФикрлар 2