Карвонсарой
Саломатлик

Қозоқ ҳарбийлари COVID-19 пандемияси шароитига мослашмоқда

Айдар Ашимов

Қозоғистонда коронавирусдан вафот этганларни хотирлаш учун эълон қилинган умуммиллий мотам куни сукут сақлаётган ҳарбийлар. 13 июл, Нур-Султон. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

Қозоғистонда коронавирусдан вафот этганларни хотирлаш учун эълон қилинган умуммиллий мотам куни сукут сақлаётган ҳарбийлар. 13 июл, Нур-Султон. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

НУР-СУЛТОН - Қозоғистон армияси COVID-19 пандемияси шароитида аскарлар ва ҳарбий хизматчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўз иш услубини ўзгартирмоқда, шунингдек, ҳалокатли вирусга қарши курашга ҳисса қўшмоқда.

Ҳукумат март ойида карантин эълон қилганидан бери Қозоғистонда йирик ҳарбий ўқув машқлари ўтказилгани йўқ.

Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, қўшинларнинг жанговар тайёргарлиги юзага келган эпидемиологик вазиятга мослаб қайта кўриб чиқилади.

14 июл куни вазирлик раҳбарияти йиғилиш ўтказиб, аскарларнинг жанговар тайёргарлиги, уларнинг коронавирусга қарши курашдаги иштироки ва муддатли ҳарбий хизматга чақирув жараёнини муҳокама қилди.

Ўқув машғулотларида қатнашаётган десантчилар, санасиз сурат. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

Ўқув машғулотларида қатнашаётган десантчилар, санасиз сурат. [Қозоғистон мудофаа вазирлиги]

Қўмондонлар ўтказилаётган ўқув машғулотлари юзасидан мудофаа вазири Нурлан Ермекбаевга ҳисобот бердилар.

Июл ойида ҳаво десантчи қўшинлари махсус тактик ўқув машқларини ўтказдилар, улар давомида ҳарбий хизматчилар 800 дан кўпроқ марта парашютдан сакрадилар.

Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари сафидаги учувчилар мунтазам равишда ўқув-машқ парвозларини амалга ошириб келмоқда.

Учрашув давомида ҳарбий машқларни тасдиқланган режага кўра тўлиқ ҳажмда давом эттиришга, аммо карантин чораларини ўз кучида қолдиришга қарор қилинди.

Ермекбаев машқларни ўтказиш тартибини ўзгартириш, йиғинларни полигонларга чиқмасдан, ҳарбий қисмлар яқинида ташкил этиш ҳақида қўмондонларга кўрсатма берди.

Қозоғистонда йигитларни муддатли ҳарбий хизматга чақирув жараёни олиб борилмоқда. Чақирилувчиларни хизмат жойига юборишда вирусга чалиниш хавфини камайтириш учун махсус ажратилган темирйўл вагонларидан фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлигини таъминлаган ҳолда, ҳарбий хизматчиларнинг салмоқли қисми масофавий ишлаш тартибига ўтказилди.

Июн ойида Қозоғистон ўз қуролли кучларини модернизация қилиб, автоматлаштирилган қўмондонлик ва бошқарув тизимини жорий қилгани ҳақида хабар берган эди.

Коронавирусга қарши курашга кўмаклашиш

Айни пайтда ҳарбийлар ўз ватандошларига пандемияни енгишда ёрдам бермоқда.

«Қозоғистон республикаси қуролли кучлари пандемиянинг илк кунлариданоқ ушбу касаллик ва унинг оқибатларига қарши курашга жалб қилинган бўлиб, улар ўз ватандошларига ёрдам бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланмоқдалар» дейилади Мудофаа вазирлиги сайтида.

Апрел ойида Қозоғистонда ҳарбий хизматга чақирув бошланган бўлиб, чақирилувчилар COVID-19га қарши кураш ишларга жалб қилинган.

Қуролли кучлар дезинфекциялаш ишларига кўмаклашмоқда. Улар Атирау, Жамбил, Оқмола, Туркистон ва Қизилўрда вилоятларидаги санитария-дезинфекция ишларида қатнашади, деб хабар беради Мудофаа вазирлиги.

Бундан ташқари, ҳарбий тиббий ходимлар фуқаролар сафтидаги мутахассислар билан биргаликда коронавирусга чалинган беморларни даволаш билан шуғулланмоқда.

«Ҳар бир қозоғистонлик бу маккор вирусга чалиниш хавфи остида турган пайтда, армия бир чеккада қараб тура олмайди. Биз хавфсизлик чораларига риоя қилган ҳолда хизмат қилиб, қутқарувчилар ва тиббиёт ходимларига кўмаклашишга уриняпмиз», дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган чимкентлик Досбол Айтбаев.

«Коронавирус пандемиясига қарши бутун жамият – тиббиёт ходимлари, ҳарбийлар ва оддий фуқаролар курашмоқда. Энг муҳими, ваҳимага берилмаслик ва таслим бўлмаслик. Биз буни биргаликда енгишимиз керак», дейди туркистонлик шифокор Мира Ахметова.

Жонс Хопкинс унивеситетининг маълумотларига кўра, чоршанба, 22 июл ҳолатига кўра Қозоғистонда COVID-19 билан касалланганлар сони 75153 тага етган, 585 киши ҳаётдан кўз юмган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500