Карвонсарой
Технология

Хитой «кибержиноятчилар учун бошпанага» айланмоқда

Карвонсарой ва AFP

Кундалик брифинг чоғида сўзлаётган Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Чжао Лицзянь, Пекин, 8 апрель. Вазирлик Пекиннинг дунё бўйлаб дезинформация тарқатишга оид фаолияти марказига айланган. (ГРЕГ БЕЙКЕР/AFP)

Кундалик брифинг чоғида сўзлаётган Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Чжао Лицзянь, Пекин, 8 апрель. Вазирлик Пекиннинг дунё бўйлаб дезинформация тарқатишга оид фаолияти марказига айланган. (ГРЕГ БЕЙКЕР/AFP)

ВАШИНГТОН – Хитой кибержиноятчилар учун бошпанага айланди, деб хабар беради АҚШ расмийлари сешанба (12 июль) куни. Бу хабар икки хитойликнинг COVID-19 вакцинасига оид тадқиқотларни ўғирлашга урингани ва дунё бўйлаб юзлаб компанияларга хакерлик ҳужуми уюштиришда айбланиши ортидан пайдо бўлди.

«Хитой ҳам шармандали тарзда кибержиноятчилар учун бошпана бўлиб хизмат қилаётган давлатлар – Россия, Эрон ва Шимолий Корея сафига қўшилди», деб айтган АҚШ бош прокурори ёрдамчиси Жон Демерс АҚШ адлия вазирлиги баёнотида.

Вазирликнинг маълум қилишича, Чендудаги электротехника коллежида бирга таълим олган 34 яшар Ли Сяою ва 33 яшар Донг Цзяжи сўнгги ўн йил давомида компьютер хакерлиги билан шуғулланган.

Ҳужжатга кўра, «улар юқори технологиялар ишлаб чиқариш, тиббий жиҳозлар, фуқаролик ва саноат инжиниринги, бизнес, таълим, компьютер ўйинлари, қуёш энергияси, фармацевтика, мудофаа каби соҳаларни нишонга олганлар».

«Айбланувчилар COVID-19 вакцинаси, тест олиш технологияси ва даволаш усулларини ишлаб чиқаётган қатор компанияларнинг заифликларини текширишган», дейилади ҳужжатда.

«Хитойда яширинган»

Уларнинг иккови ҳам Хитойда экани ва Пекин томонидан ҳимоя қилинаётгани айтилади.

Ли ва Донг биотехнологик компанияларни нишонга олган, бироқ, афтидан COVID-19 тадқиқотларига путур етказмаган, дейди адлия вазирлиги расмийлари.

Шунингдек, улар «нодавлат ташкилотлар, муайян диссидентлар, диний арбоблар, демократия ва инсон ҳуқуқлари фаолларини» ҳам нишонга олишган, дейилади адлия вазирлиги баёнотида.

Айблов хулосасига кўра, Ли ва Донг Пекинга керакли одамларнинг шахсий электрон почталари паролларини давлат хавфсизлик вазирлигига топширган.

Жуфтлик софтвер компанияларидан манба кодлари, фармацевтик компаниялардан дориларга оид маълумотлар, мудофаа пудратчиларидан қурол-аслаҳа ишланмалари ва синов ахборотини ўғирлашда айбланган.

Ли ва Донг мудофаа пудратчиларидан ҳарбий сунъий йўлдошлар дастурлари, ҳарбий симсиз алоқа тармоқлари, коммуникация тизимлари, микротўлқин ва лазер тизимларига оид маълумотларни ўғирлашда ҳам гумон қилинмоқда.

Май ойида АҚШ раҳбарияти Хитой қўлловидаги хакерларнинг COVID-19 вакцинаси ва даволаш усулларига оид тадқиқотларни ҳамда интеллектуал мулкни ўғирлашга уринаётгани ҳақида огоҳлантирган эди.

Пекиннинг буюртмаси билан содир этилган кибержиноятлар тарихи узун бўлишига қарамай, Хитой ташқи ишлар вазирлиги воизи Ванг Венбин «Хитой ҳукумати киберхавфсизликнинг ашаддий ҳимоячиси экани ҳамда барча турдаги кибержиноятлар ва киберҳужумларга қарши курашиб, уларни фош қилиб келганини» айтган эди.

Киберҳужумлар ва дезинформация

Хитой томонидан амалган оширилган янги хакерлик ҳужуми Эрон, Шимолий Корея, Россия ва Хитой ҳукумати қўлловидаги хакерларнинг сохта хабарлар ёйинлашидан тортиб, ишчилар ва олимларни нишонга олиш каби коронавирус пандемияси билан боғлиқ зарарли фаолиятда айбловчи бир қатор хавотирли воқеалар ва хабарларнинг давоми бўлди.

Май ойида Буюк Британия ва АҚШ «кўп ҳолларда бошқа давлат субъектлари билан алоқадор» уюшган жиноятчилар томонидан соғлиқни сақлаш соҳасидаги мутахассисларга қарши киберҳужумлар сони кўпайгани ҳақида огоҳлантирган эди.

CISA ва Британия миллий киберхавфсизлик маркази кенг миқёсли «паролларни пуркаш» усули қўлланганини аниқладилар – бу соғлиқни сақлаш идоралари ва тиббий тадқиқот ташкилотларига қаратилган, кенг тарқалган пароллар ёрдамида ҳисобга киришга уринишдир.

Бу орада Хитой ва Россия режимлари коронавирус пандемияси ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатиш бўйича ҳамкорликни жадаллаштирганлар.

«Биз COVID-19 инқирози бошланмасидан аввал ҳам Россия ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида ташвиқот соҳасидаги ўзаро мувофиқлаштириш чораларини аниқлаган эдик», деди АҚШ Давлат департаментининг Глобал ҳамжиҳатлик маркази координатори Леа Габриэль.

«Пекин воқеликка мослашиб, Москва анчадан бери қўллаб келаётган усуллардан кенг фойдаланмоқда», деди Габриэль.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500