Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Россия ва Хитой дезинформацияси Қозоғистонда пандемик ваҳима келтириб чиқармоқда

Канат Алтинбаев

Олмаотадаги COVID-19 тест маркази, 1 июнь. (Канат Алтинбаев)

Олмаотадаги COVID-19 тест маркази, 1 июнь. (Канат Алтинбаев)

ОЛМАОТА – Россия ва Хитой оммавий ахборот воситалари минтақада кучайиб бораётган пандемия ва унинг ҳалокатли оқибатларидан фойдаланиб, Марказий Осиёда ваҳима ва саросима қўзғаш мақсадида коронавирус пандемиясига оид сохта хабарлар тарқатишда давом этмоқда.

Коронавирус пандемияси ҳақида ёлғон хабарлар тарқатишда ўзаро ҳамкорликни жадаллаштирганбу икки режим яқинда Қозоғистонда ҳам тил бириктирган.

9 июль куни Россиянинг «Взгляд» интернет-нашри Россия ҳукуматига қарашли ТАСС ахборот агентлиги хабарига асосланиб, Қозоғистонда коронавирусдан кўпроқ одамни олиб кетаётган «номаълум инфекция» тарқалаётгани ҳақида мақола чоп этган.

Хабарнинг асосий манбаи Нур-Султондаги Хитой элчихонаси бўлган.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги Нур-Султондаги Хитой элчихонаси томонидан «сохта хабарлар» тарқатилаётгани ҳақида огоҳлантирди. (Facebook/Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги)

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги Нур-Султондаги Хитой элчихонаси томонидан «сохта хабарлар» тарқатилаётгани ҳақида огоҳлантирди. (Facebook/Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги)

«Дипломатик миссия Қозоғистон фуқароларини янги хавф ҳақида огоҳлантирган. Номаълум вирус Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари томонидан ўрганилмоқда», дейилади мақолада.

«Мазкур касаллик сабабларини янги коронавирус билан солиштириш бўйича тадқиқот олиб борилмоқда. Ўлим ҳолатлари янги коронавирусдан анча кўп», деб ёзади «Взгляд».

Шунингдек, ТАСС ва «Взгляд» Хитой элчихонасининг гўёки «Қозоғистондан олинган маълумотлар асосидаги» баёнотига таяниб, Атирау ва Ақтўбе вилоятлари ва Чимкент шаҳрида «июн ойида пневмония ҳолатлари сезиларли юқорилагани, аммо улар янги коронавирус туфайли келиб чиқмаганини» ёзган.

Шу куннинг ўзида «South China Morning Post» нашрида «Хитой элчихонаси Қозоғистонда коронавирусдан ҳалокатлироқ номаълум пневмония тарқагани хақида огоҳлантирмоқда» номли худди шундай мақола чоп этилган.

AFP агентлигига кўра, Хитой элчихонаси баёнотида даставвал «Қозоғистон пневмонияси» ҳақида гап борган. Кейинроқ бу жумла «COVID бўлмаган пневмония» деб ўзгартирилган.

Саросима ва ваҳима қўзғаш

ТАСС ва «Взгляд» мақолалари Қозоғистонда саросима келтириб чиқарди.

Хавотирли янгиликлар хабар алмашиш иловалари орқали тарқатилиб, ижтимоий тармоқларда улашилди, бунинг ортидан янги ҳалокатли вирус бўйича қизғин баҳслар бошланган.

Хабарни ўқиганларнинг кўпчилиги депрессия ва тушкунликка тушиб қолганини айтган. Айримлар ҳукуматни танқид қилиб, мамлакатдаги ўлимлар сони ортишининг ҳақиқий сабабини яшириш ва ҳаракатсизликда айблаганлар.

«Взгляд» сайти ташрифчилари Қозоғистон ҳақида Кремль «троллар фабрикаси» услубига ўхшаш истеҳзоли фикр-мулоҳазалар қолдиришган. Уларнинг аксари «янги вирус» Қўшма Штатларнинг молиявий кўмагида ишга туширилган Олмаотадаги Марказий референс лабораториясидан тарқалди, деб иддао қилган.

«Қозоғистонда биолаборатория очган ва у ердан вирусларни чиқариб юборган Қўшма Штатларга Қозоғистон раҳмат айтиши керак», деб ёзган Сергей Александрович исмли шахс.

«Ҳеч кимга мустақил Қозоғистон керак эмас. Қозоғистонни бизники деб тан олишни таклиф қиламан. Қозоқлар рус тилини ўргансин», дея изоҳ қолдирган Макс Кёрли.

Эртасига, 10 июль куни мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Қозоғистондаги «номаълум вирус» ҳақидаги хабарлар сохта эканини айтди.

10 июль куни Женевада ўтган матбуот анжуманида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар дастури ижрочи директори Майкл Райан «Қозоғистондаги пневмония коронавирус туфайли келиб чиққани эҳтимоли катта», дея миш-мишларни рад этган.

Эътиборни чалғитиш

Қозоғистондаги шифокорлар ЖССТ тарафини олишмоқда.

Россия ва Хитой оммавий ахборот воситалари томонидан тилга олинган «номаълум пневмонияга» коронавирус инфекцияси сабаб бўлган. Бундан ташқари, тестлар сохта салбий натижа кўрсатиши ҳам мумкин, деди Олмаотадаги марказий клиник шифохонаси бош нейрожарроҳи Минжилки Бердихўжаев.

«Уй шароитида даволанаётган беморлар бу каби хабарлардан кейин таҳликага тушиб, 4-5 та антибиотик қабул қила бошлаганликлари ҳақида менга ёзишди», дейди Бердихўжаев. «Бу билан улар ўз саломатликларига зарар етказишяпти, чунки ўзларини шифокор назоратисиз даволашяпти.»

Пандемия вақтидаги дезинформация коронавирусга қарши курашни қийинлаштиради, дейди шифокорлар.

«Хавотир ва руҳий тушкунликка тушиш ҳолати билан бирга, негатив хабарлар оқими иммунитетни пасайтириши ва касал одамни янада оғирроқ ҳолатга тушириши мумкин», дейди баҳорда Нур-Султонда ишга тушган COVID-19 касалхонаси шифокори Асель Исалеева.

Россия оммавий ахборот воситаларидаги дезинформация пневмония билан оғриган юзлаб қозоғистонлик беморларни даволаётган шифокорларнинг ишларини йўққа чиқармоқда ва саъй-ҳаракатларига путур етказмоқда, дея қўшимча қилди у.

Айрим таҳлилчиларга кўра, Хитой ҳукумати сохта хабарлардан фойдаланиб, Қозоғистонга пандемия манбаси деган тамға ёпиштириш ва ўзидан эътиборни чалғитишга уринмоқда.

«Глобал пандемияда COVID-19 манбаи бўлгани боис, Хитойнинг салбий обрўси унга оғир ботмоқда», деди Олмаотадаги маркетинг бўйича таҳлилчи Болат Сакеев. «Шу тариқа Хитой Қозоғистонда янги вирус «яратишга» ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин.»

Бу Россия ва Хитой режимларининг коронавирус ҳақида дезинформация тарқатаётгани билан боғлиқ илк ҳолат эмас. Июнда Европа Иттифоқи ва Twitter Пекин ва Москвани коронавирус пандемиясига оид дезинформация «оқимини» яратишда айблаган эди.

12 июнь куни Twitter Хитой ҳукумати томонидан олиб борилган дезинформацияга алоқадор 170 мингдан ортиқ аккаунтни ўчириб ташлаган. Ундан аввал, 9 июнь куни Европа Иттифоқи (ЕИ) Хитой ва Россия ҳукуматлари Европа демократиясига путур етказишга қаратилган мақсадли халқаро дезинформация кампанияси олиб боришда айблаган эди.

Бундан ташқари, ЕИнинг дезинформацияга қарши кураш бўйича ишчи гуруҳи апрель ойидаёқ вирус манбаи бўлган Хитойнинг пандемия билан боғлиқ айбни ўзидан соқит қилиш мақсадида «расмий Хитой манбалари ёрдамида мувофиқлашган чоралар кўргани» ҳақида хабар берган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 7

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Дунё ақлдан озганга ўхшайди, қозоқ давлатининг бошига балолар келмоқда. Бундай бўлмаслиги керак!!!

Жавоб бериш

Россия ва Хитой – Қозоғистоннинг душманлари; Айниқса Россия, бу тарихда исботланган!!!

Жавоб бериш

Ҳурматли Олмаотадаги маркетинг бўйича таҳлилчи Болат Сакеев, ваҳима қўзғаманг ва вазиятни кескинлаштирманг: Ҳамдўстлик душманлари куни билан тиним билмаяпти, Россия ва Хитой каби мамлакатларга нисбатан ишончсизлик уйғотиш мақсадида сизга ўхшаганлар учун пул қилишяпти. Сиз ҳам улардан бири эмасмисиз мабодо?

Жавоб бериш

Бутун дунё руслардан фақат зарар кўрмоқда

Жавоб бериш

Вирус ростан бўлсачи??

Жавоб бериш

Бу сассиқ Россияга қарши санкциялар жорий қилиш керак.

Жавоб бериш

Bibliyada Shimoliy tsar (Rossiya) yoʻqlikka yuz tutadi deyilgan.

Жавоб бериш