Карвонсарой
Саломатлик

ЕИ Марказий Осиёда COVID-19га қарши кураш учун 3 млн. евро ажратди

Айдар Ашимов

ЕИ тақдим этган ҳимоя кийимларидаги эркак ва икки аёл, 17 июл, Нур-Султон. [Қозоғистондаги ЕИ ваколатхонаси]

ЕИ тақдим этган ҳимоя кийимларидаги эркак ва икки аёл, 17 июл, Нур-Султон. [Қозоғистондаги ЕИ ваколатхонаси]

НУР-СУЛТОН – Душанба (20 июл) куни Европа Иттифоқи (ЕИ) «Марказий Осиёда COVID-19 инқирозига қарши жавоб чоралари» кенг қамровли ҳамжиҳатлик ёрдамини (CACCR) амалга оширишга киришди. Бу ҳақда ЕИнинг Қозоғистондаги ваколатхонаси хабар берди.

Май ойида карантин чекловлари юмшатилиши ортидан Марказий Осиёда ҳалокатли вирус қайта авж олган эди.

Қиймати 3 миллион еврони (1,4 миллиард тенге) ташкил этувчи ушбу ёрдам дастури «асосий эътиборни Қозоғистонга қаратган ҳолда» Марказий Осиё мамлакатларининг эҳтиёжларини таъминлашга йўналтирилган ва 2 йил давомида амалга оширилади.

«COVID-19 пандемиясининг авж олиши миллий соғлиқни сақлаш тизимимиз қанчалик заиф эканлигини ва аҳоли саломатлиги билан боғлиқ фавқулодда вазиятларга ёндашувимизни қайта кўриб чиқиш муҳимлигини кўрсатди», дейди ЕИнинг Қозоғистондаги элчиси Свен-Олов Карлссон.

«Дастур бугунги кунда зарур бўлган тиббий воситалар ва ускуналар билан таъминлашдан ташқари, лабораториялар ва касалхоналарга келажакда шу каби пандемияларга тайёр туришга ёрдам беради» деди у.

Ишончли жиҳозлар

Ёрдам дастури доирасида 400 минг тўплам шахсий ҳимоя воситалари ва 1000 дона COVID-19 диагностикаси учун синов тизимлари етказиб берилади. Қозоғистонда умумий ҳисобда жами 2 миллионта ПЗР (полимер занжирли реакция) тестлари олиниши кўзда тутилган.

ПЗР-тестлари аввалги касалланишдан келиб чиққан антитаначаларни топиш учун эмас, балки айни вақтда инфекция бор-йўқлигини аниқлаш учун мўлжалланган.

Апрел ойида Хитойда ишлаб чиқарилган шу турдаги маҳсулотлар нуқсонли бўлиб чиққанидан сўнг, Қозоғистон ўзининг COVID-19 тест тўпламларини ишлаб чиқишга киришган эди.

Дастур доирасида 5000 нафар тиббий ходим вируслар профилактикаси ва уларни назорат қилиш бўйича минимал талаблар (IPCR), 400 нафар лаборатория ходими эса ПЗР-тестларини қўллаш ва биологик хавфсизлик бўйича қайта тайёргарликдан ўтказилади.

«Коронавирус инфекциясига қарши кураш давом этаётган ва ғалабача ҳали узоқ бўлган шундай оғир даврда, бу Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари учун бебаҳо ёрдамдир», дейди чимкентлик шифокор Меруерт Абдуалиева.

«Синов тўпламлари, ҳимоя воситалари ва хорижлик ҳамкасблар тажрибаси ҳозирда шифокорлар учун жуда катта ёрдам», деди у.

Қозоғистоннинг пандемияга қарши курашига кўмаклашиш мақсадида, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) июнь ойида лаборатория ускунлари ва воситаларини етказиб берган эди.

АҚШ ва Европа мамлакатлари шундай оғир паллада Марказий Осиёга бевосита ёрдам кўрсатаётган бир пайтда, Россия ва Хитой коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятни чалкаштириш мақсадида дезинформация тарқатиш билан машғул бўлган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500