Хавфсизлик

Беларусда вазиятни беқарорлаштиришга уринган Россиянинг ёлланма жангарилари қўлга олинди

Карвонсарой ва AFP

image

Беларус давлат телевидениесида эфирга узатилган видеолавҳада 25 июл куни Беларусга кириб келган «Вагнер» гуруҳининг ўнлаб ёлланма аскарлари акс этган. [Файл]

МИНСК, Беларус – Пайшанба (30 июл) куни келаси ой Беларусда ўтказиладиган президент сайловлари арафасида мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишда айбланиб қўлга олинган россиялик ёлланма жангариларга қарши жиноий иш қўзғатилди. Умумий ҳисобда яна ўнлаб бошқа ёлланма аскарлар қидирилаётгани маълум қилинган.

33 нафар «Вагнер» ёлланма жангарисининг ҳибсга олиниши ортидан президент Александр Лукашенко чоршанба (29 июл) куни фавқулодда мажлис чақириб, ушбу фитнани қоралаган ва Кремлдан изоҳ талаб қилган.

«Белта» давлат ахборот агентлигига кўра, ҳуқуқ-тартибот идораларига «сайлов кампанияси чоғида вазиятни издан чиқариш учун» Беларусга 200 нафар жангари келгани ҳақида маълумот келиб тушган.

Улар ҳарбийча услубдаги кийимларда бўлишган ва учта оғир чамадонни автомашинага ортаётиб қўлга олинган, дейилади хабарда.

image

Сурияда жанг қилаётган Россия ёлланма аскарлари, ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат. [Файл]

image

Қримдаги «Перевальное» Украина ҳарбий базаси олдида қўриқчилик қилаётган номаълум эркаклар, 2014 йилнинг 16 марти. Россия президенти Владимир Путиннинг режаларини амалга оширувчи «Вагнер» ёлланма армияси илк бор айнан Украинада пайдо бўлган. [Димитар Дилкофф/AFP]

БЕЛТА ахборот агентлигининг хабар қилишича, жангариликда гумонланаётганлар оддий россиялик туристларга хос бўлмаган ҳаракатлари билан эътиборга тушганлар.

Миллий телевидениеда намойиш этилган видеолавҳада ҳибсга олинганларга тегишли экани айтилган бир нечта Россия паспортлари, шунингдек, бир неча даста долларлар, презерватив қутилари ва араб ёзуви битилган қоғозларни кўриш мумкин эди.

Украина шарқида Москва қўлловидаги айирмачилар билан бирга жанг қилган россиялик ёзувчи Захар Прилепин қўлга олинганлардан айримларини танишини айтган.

«Улар орасида бизнинг батальонимиздан бир нечта жангчи бор», деди Прилепин.

Кремль Беларусдаги вазиятни беқарорлаштиришга оид иддаоларни рад этган.

Путин билан зиддиятда

Ҳибслар ҳақидаги хабар Беларусда 9 август куни ўтадиган президентлик сайловига икки ҳафтача қолган бир вақтда пайдо бўлди. Лукашенко аҳоли орасида кучайиб бораётган норозиликка қарамай, 6-муддатга президент этиб сайланиш ниятида.

Россия ушбу постсовет мамлакатнинг энг яқин сиёсий ва иқтисодий иттифоқчиси бўлса-да, баъзида ўзаро муносабатлар кескинлашиб турган.

Сўнгги йилларда Россияга яқинлашиши учун Лукашенкога нисбатан босим кучайиб бораётган эди, аммо Беларус раҳбари Москва билан тўғридан-тўғри бирлашишдан бош тортиб, Ғарб билан алоқаларни яхшилашга интилди.

Россиянинг стратегик режалари орасида Беларус марказий ўринни эгаллайди ва эҳтимол, Украинадан бошқа исталган қўшни мамлакатга қараганда кўпроқ аҳамиятга эга.

Россия ўзининг деярли барча нефт ва газини Беларусга сотгани учун ҳам бу мамлакатдан жиддий манфаатдор.

Жорий йил бу сиртмоқдан халос бўлишга уринган Беларус Норвегия, Саудия Арабистони, Озарбайжон ва АҚШдан нефт сотиб олди, бу қадам Россия президенти Владимир Путинни ғазабга солган.

Лукашенко сайлов арафасида ўзининг энг асосий рақибларини қамоққа олиб, айрим танқидчиларни Россия билан тил бириктиришда айблаган.

Кузатувчиларнинг тахминича, ёлланган шахслар Лукашенкони ҳокимиятдан четлатишга оид ҳаракатларни режалаштирган.

Вагнер гуруҳи: дунё бўйлаб

Бу янгилик Путин режими қўлловидаги ижрочилар хорижий мамлакатлар жамоатчилигини манипуляция қилиш, ҳукуматлар ишига путур етказиш, халқаро шартномаларни бузиш, дезинформация тарқатиш ва инсон ҳуқуқларини поймол қилишда давом этаётганини кўрсатмоқда.

Кремлнинг зиёнкор фаолиятига доир яққол белгилардан бири – бу Москва учун стратегик деб ҳисобланган мамлакатлар ва минтақаларга унинг тўғридан-тўғри ҳарбий аралашувидир.

Бунга Беларусдан ташқари Ливия ҳам мисол бўла олади. Москва бу мамлакатда ўзининг «Вагнер» ёлланма армияси ёрдамида ҳарбий қўмондон Халифа Ҳафтарнинг БМТ томонидан тан олинган ҳукуматга қарши курашини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Бутун дунё бўйлаб ҳақиқатнамо инкор билан Путиннинг режаларини амалга ошириш билан шуғулланувчи «Вагнер» гуруҳи дунёнинг бир қатор давлатлари, жумладан Сурия, Судан, Венесуэла ва Мадагаскарда ҳам фаолият юритган ёки юритиб келмоқда.

«Вагнер» Россия ҳарбий кучлари билан ҳамжиҳатликда Украина шарқидаги фуқаролар урушини келтириб чиқариш ва 2014 йилда Москванинг Қримни ноқонуний эгаллаб олишида муҳим рол ўйнаган.

Марказий Осиё кузатмоқда

Марказий Осиёликлар Россиянинг қачондир минтақада ўзининг гибрид уруш стратегиясини қўллаши мумкинлигидан хавотирланиб келадилар, зеро Москва Марказий Осиёни ўз таъсир доирасидан чиқармоқчи эмаслиги аниқ.

Гибрид уруши одатда сиёсий мажбурлов, оддий ва ноанъанавий ҳарбий зиддиятлар, кибер-урушлар ва таъсир чораларини ўз ичига олади.

Бу мақсадлар учун Кремль «Вагнер» гуруҳидан ва аввал ГРУ номи билан машҳур бўлган Россия ҳарбий разведка бошқармасига бевосита алоқадор бўлинмалардан фойдаланади.

Масалан, 29155 бўлинмаси Кремлнинг Европа ва ундан ташқаридаги гибрид урушлари, жумладан, Молдовада тартибсизликлар келтириб чиқариш кампанияси, Болгарияда қуролфурушнинг заҳарланиши, Черногориядаги муваффақиятсизликка учраган давлат тўнтариши ва Британиянинг Солсбери шаҳрида россиялик собиқ жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизига қилинган суиқасдга жалб этилган.

29155-бўлинма зобитлари Россиянинг энг қонли урушлари, жумладан Афғонистон, Чеченистон ва Украинадаги урушларда қатнашган ва кўплаб унвонлар олган фахрийлар эканлиги айтилади.

«Агар Россия қизиқиш билдирган ва ўзига шерик деб атаган давлат Москванинг геосиёсий манфаатларига зид ҳаракат қилишни бошласа, у ерда «кутилмаган меҳмонлар» пайдо бўлиши мумкин», деган эди қозоқ армиясининг собиқ зобити, майор Даурен Оспанов май ойида.

Марказий Осиё анчадан бери Россиянинг стратегик қизиқиши доирасидаги минтақа сифатида Москва томонидан олиб борилаётган гибрид урушнинг пассив босқичида турибди.

Буни Қирғизистон мисолида ҳам кўриш мумкин – 2005 ва 2010 йилги инқилоблар вақтида Кремл мамлакатда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларга таъсир ўтказишга уринган, дейди Қозоғистон амалий сиёсатшунослик ва халқаро тадқиқотлар маркази директори, олмаоталик Айдар Амребаев.

«Қозоғистон 2014 йилгача Украина босиб ўтган пассив даврни бошдан кечирмоқда, ўшанда Россия Украинадаги турли жараёнларга таъсир қилишга уринган», деган эди у июн ойида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3
Сиёсат * Мажбурий 1500 та белги қолди (1500 max)

Иқтисодий ва сиёсий мустақиллик, шунингдек, халқлар дўстлиги учун!

Жавоб бериш

Ходимлардан бирини раҳбар қилиб тайинлаш билан ишдаги жароҳат учун жавобгарликни ўзидан соқит қилишга уринган иш берувчи ҳақидаги ҳикоя. Жуда узун. https://www.youtube.com/watch?v=Y9SvYzwV0yA

Жавоб бериш

Руслар энди бошқа славян халқлари олдида ўзини кўрсатмоқда

Жавоб бериш