Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Пандемия Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва оилавий зўравонлик муаммоларини кучайтирди

Канат Алтинбаев

Автобус йўловчилари, 31 май. Ой бошидан Бишкекда жамоат транспорти қатнови қайта йўлга қўйилган. Карантин даврида Қирғизистонда оилавий зўравонлик ҳолатлари 65 фоизга ошгани кузатилган. [Мақсад Осмоналиев]

Автобус йўловчилари, 31 май. Ой бошидан Бишкекда жамоат транспорти қатнови қайта йўлга қўйилган. Карантин даврида Қирғизистонда оилавий зўравонлик ҳолатлари 65 фоизга ошгани кузатилган. [Мақсад Осмоналиев]

ОЛМАОТА – Ҳукуматлар эътиборни COVID-19 пандемиясига қарши курашга қаратар экан, Марказий Осиёда одам савдоси ва оиладаги зўравонлик каби инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар сони кўпайиб бормоқда.

Яқинда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) томонидан ўтказилган тадқиқот хулосаларига кўра, карантин, ҳаракатланишнинг чекланиши, ишларнинг ёпилиши ва моддий етишмовчилик минтақанинг ҳимояланмаган аҳолиси ҳаётига салбий ва кўп ҳолларда хавфли таъсир кўрсатган.

«COVID-19 туфайли ҳаракатланиш чеклангани, ҳуқуқ-тартибот органларининг ресурслари бошқа тарафга йўналтирилгани, жамоатчилик ва социал хизматларнинг қисқаргани оқибатида одам савдоси жабрдийдаларининг қутулиб қолиш ва ёрдам олиш имконияти камайган», дейди UNODC ижрочи директори Гада Уоли БМТ сайтидаги баёнотида.

«Глобал пандемияни енгиш учун биргаликда иш олиб борар эканмиз, мамлакатлар бошпана ва ишонч телефонлари фаолиятини таъминлаши, адолатни қарор топтириши ва ҳимояга муҳтож одамларнинг уюшган жиноятчилар қўлига тушиб қолишининг олдини олиши керак», деб қўшимча қилди Уоли.

Олмаота марказида ўтирган хотин-қизлар, 2018 йил. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, ҳар йили Қозоғистонда маиший зўравонлик оқибатида 400 га яқин аёл ҳаётдан кўз юмади. [Владимир Третьяков]

Олмаота марказида ўтирган хотин-қизлар, 2018 йил. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, ҳар йили Қозоғистонда маиший зўравонлик оқибатида 400 га яқин аёл ҳаётдан кўз юмади. [Владимир Третьяков]

«Ислом давлати» (ИД) каби террорчилик ташкилотлари ўтмишда одам савдосидан ўз фаолиятини молиялаштириш ва ёллаш воситаси сифатида фойдаланган.

Масалан, ўз сафига янги аъзоларни жалб этиш мақсадида, ИД жангари гуруҳга қўшилган эркакларга жинсий қуллик учун Ироқдаги язидий хотин-қизларни ўғирлаган.

Минтақа миқёсидаги кураш чоралари

Кўплаб Марказий Осиёликлар ноқонуний равишда Яқин Шарқ ва Шарқий Осиё мамлакатларига олиб ўтилар экан, Марказий Осиё – одам савдосининг қайноқ нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда, дейилади 2018 йилги БМТ ҳисоботида.

Пандемиядан олдин Марказий Осиё мамлакатлари бу муаммога қарши кураш чораларини кучайтирганлар.

Қозоғистонда ҳукумат ва нодавлат ташкилотлар АҚШ кўмагида одам савдосига қарши курашиб келмоқда. 2019 йилда АҚШ Давлат департаменти «Сана Сезим» нодавлат нотижорат ташкилотига Қозоғистонда одам савдосига қарши курашиш учун 750 минг АҚШ доллари (303,9 млн тенге) миқдорида грант ажратган.

Уч йилга мўлжалланган бу ташаббус доирасида одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар тармоғи яратилган.

Қозоғистон полицияси мунтазам равишда «СТОП трафик» операциясини ўтказиб келмоқда.

12-19 июнь кунлари кўнгилочар масканлар, сауналар, меҳмонхоналар, ижара хонадонлари, фермер хўжаликлари ва қурилиш иншоотларида ўтказилган сўнгги рейдларнинг бирида одам савдоси билан боғлиқ 50 та ҳолат аниқланди.

Чимкентлик сиёсатшунос Рауан Дауталиевнинг фикрича, бир вақтнинг ўзида Марказий Осиёнинг бир неча давлати иштирокида ўтказиладиган ташаббуслар яхшироқ самара беради.

Ўтган йили бир вақтнинг ўзида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳамжиҳатликда ўтказилган махсус операциялар мисолида бундай ҳамкорликнинг қанчалик аҳамиятли экани маълум бўлди, деган эди у июнь ойида.

«Қулликка тушиб қолган одамлар савдоси кўпинча бир давлатдан бошқасига кўчади, шу сабабли бундай халқаро операциялар яхши самара бериши мумкин», деди Дауталиев.

Маиший зўравонлик кучаймоқда

Коронавирус пандемияси даврида одам савдосидан ташқари бошқа қонунбузарликлар ҳам авж олмоқда, деб огоҳлантиради Марказий Осиёдаги ҳуқуқ ҳимоячилари.

Озод Европа/Озодлик радиосининг (RFE/RL) июл ойидаги подкастида бошловчи Муҳаммад Тоҳир Марказий Осиёлик таҳлилчилар билан оиладаги зўравонлик масаласини муҳокама қилди.

Касалликнинг авж олиши ва карантин туфайли одамлар уйда ўтиришга мажбур бўлгани туфайли Қирғизистонда оилавий зўравонлик ҳолатлари 65 фоизга ошган, дейди аёллар ҳуқуқлари билан шуғулланувчи бишкеклик журналист Алия Суранова.

У Иссиқкўл вилоятининг Қоракўл шаҳрида яшовчи фуқаролардан бири ўз хотинига бензин сепиб ёқиб юборгани билан боғлиқ мудҳиш воқеани мисол қилиб келтирган.

«Афсуски, қирғиз жамиятида зўравон оила бошлиқлари тарафини олувчилар ҳам бор, улар буни нормал ҳолат деб биладилар», дейди Суранова.

Қозоғистондаги икки ойлик (март-май) карантин давомида оиладаги зўравонлик ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга ошган, дейди олмаоталик Холида Ажигулова.

«Шунингдек, оиладаги зўравонлик туфайли ўлим кўрсаткичи ҳам ошиб, 44 фоизга етган. Қайд этиш керакки, барча инқироз марказлари ёпиқ бўлган ва зўравонлик қурбонлари ҳеч қаерга мурожаат қила олишмаган», деди Ажигулова.

Ўта шафқатсиз ҳолатлар ҳам кам эмас, дейди у.

Жазони қатъийлаштириш чақириқлари

Ғарбий Қозоғистонда бир эркак ғазаб устида ўз хотини ҳамда олти ва саккиз ёшли икки қизини ўлдирган. Жиноят изларини яшириш учун уйига ўт қўйган, деди Ажигулова.

Ажигулованинг сўзларига кўра, зўравонлик ҳолатларининг кўпайиши ортидан Қозоғистонда маиший зўравонлик учун жазони кучайтириш масаласи қизғин муҳокама қилинмоқда.

Суҳбатнинг бошқа бир иштирокчиси – ҳуқуқ ҳимоячиси ва Тошкентдаги Global Shapers Community ваколатхонасининг куратори Дилфуза Қуролова Ўзбекистонда иккинчи норасмий хотин бўлиб эрга теккан 18 ёшли қиз ҳақида гапирди. Жамият ҳам, ҳатто қариндошлари ҳам қўллаб-қувватламаган аёл эрининг доимий калтакларига чидаб келган.

Охир-оқибат, у навбатдаги калтаклашдан сўнг, ҳалокатли жароҳатлар туфайли вафот этган.

«Мамлакатимизда оилавий зўравонлик муаммолари билан шуғулланувчи мутахассислар ажрашган аёллар дуч келадиган ор-номус ва молиявий қийинчиликлар сабабли аёлларни ажрашишдан қайтарадилар», дейди Қуролова. «Улар оғир вазиятда аёлларга ёрдам беришни эмас, балки оилани сақлаб қолишни ўз бурчлари деб ҳисоблайдилар.»

Суранованинг айтишича, оилада зўравонликка қўл урган эркакларнинг баҳоналарини узрли деб бўлмайди.

«Ҳибсга олинган эркаклар ўз қилмишларининг сабабини тушунтирар экан, хотини қариндошлариникида узоқ вақт қолиб кетганини ёки уй юмушларини қониқарсиз бажараётганидан ғазабга келганини айтган», деди у.

Суранова сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари кўпинча оиладаги зўравонликларни эътиборсиз қолдиради.

«Тартиб посбонларининг аксарияти эркаклар бўлгани учун улар жиноятчилар билан бирдамликни намойиш қиладилар», деди журналист.

Суранованинг таъкидлашича, аксарият ҳолларда аёллар ҳеч қаерга мурожаат қилмайдилар ва шарманда бўлишдан қўрқиб ўз муаммоларини яширадилар, чунки жамият оилавий зўравонлик қурбонини қўллаб-қувватлаш ўрнига унинг ўзини айблайди.

«Шу тариқа, аёллар кўпинча ўз эрларини кечиришга ва улар билан ҳаётни давом эттиришга мажбур бўладилар», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500