Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Пекин Шинжондаги миллий ўзликни йўқ қилишга уринар экан, Хитойда уйғур олимлари йўқолиб бормоқда

Карвонсарой ва AFP

2019 йил 2 июнь куни олинган ушбу фотосуратда Хитойнинг Шинжон бўлгасидаги Артуш шаҳрида асосан мусулмон этник озчиликлар сақланадиган қайта тарбиялаш маскани деб гумон қилинган муассасалардан бири акс этган. [Грег Бейкер/AFP]

2019 йил 2 июнь куни олинган ушбу фотосуратда Хитойнинг Шинжон бўлгасидаги Артуш шаҳрида асосан мусулмон этник озчиликлар сақланадиган қайта тарбиялаш маскани деб гумон қилинган муассасалардан бири акс этган. [Грег Бейкер/AFP]

ПЕКИН – Бугра Аркиннинг отаси Айеркен кутилмаганда миллий хавфсизлик ходимлари томонидан Хитойнинг нотинч Шинжон вилоятидаги уйидан олиб кетилганига қарийб икки йил бўлди.

2018 йил октябр ойида ҳибсга олинган Айеркен Ибулайиннинг ноширлик компанияси минтақадаги энг йирикларидан бири бўлиб, минглаб китобларни уйғур тилига таржима қилган. Ўшандан бери унинг дараги чиқмаган.

«Отам уйғур нашриёт индустриясига кучли таъсир кўрсатгани сабабли Хитой ҳукуматининг нишонига айланди», дейди Калифорнияда яшовчи Аркин.

«Улар ҳаётимизни том маънода вайрон қилишди», деди у.

2019 йил 4 июнь куни олинган фотосурат: Кузатув ва оммавий ҳибслар билан сиқувга олинган Хитойнинг ғарбий Шинжон вилоятидаги турар жой мажмуасида ўрнатилган тиконли сим тўсиқлар ортидан кўринаётган Хитой байроғи. [Грег Бейкер /AFP]

2019 йил 4 июнь куни олинган фотосурат: Кузатув ва оммавий ҳибслар билан сиқувга олинган Хитойнинг ғарбий Шинжон вилоятидаги турар жой мажмуасида ўрнатилган тиконли сим тўсиқлар ортидан кўринаётган Хитой байроғи. [Грег Бейкер /AFP]

Бу борада у ёлғиз эмас.

Уйғур инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, 2017 йил апрел ойидан бери камида 435 уйғур зиёлиси қамоққа олинган ёки ғойиб бўлган.

Хориждаги ҳуқуқбон ташкилотлар тилшунослар, олимлар ва ноширларнинг таъқиб остига олинишини Хитой коммунистик партиясининг этник гуруҳ миллий ўзлигини йўқотиш ва уни мандарин тилида сўзлашувчи ҳукмрон хан аҳолиси таркибига сингдириш ҳаракати ўлароқ баҳоламоқда.

Уйғур тилшуноси Олим Ҳасаний 2018 йил август ойида Пекинга иш сафари чоғида куч идоралари томонидан олиб кетилган. Бу ҳақда унинг ўғли Эршат Олим хабар берган.

Олимнинг айтишича, унинг отаси – Шинжондаги этник гуруҳлар тиллари билан ишлаш қўмитасининг собиқ бўлим бошлиғи уйғур-мандарин таржималарини стандартлаштиришга оид тадқиқотлари учун ҳибсга олинган.

«Илк марта отам ҳибсга олинганини эшитганимда, қачондир шундай бўлади деб ўйламагандим. Бундан унинг ўзи ҳам ҳайратда қолган бўлса керак», дейди Францияда яшовчи Олим.

Ҳуқуқбон ташкилотларга кўра, Шинжонда этник зўравонликлар авж олганидан бери бир миллиондан ортиқ уйғур ва аксари мусулмон бўлган бошқа туркийзабон озчиликлар вакиллари қайта тарбиялаш марказларига жойлаштирилган.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида ҳукумат зиёлиларни ҳибсга олаётганини рад этган.

«Уйғур маданиятини йўқ қилиш учун уйғур зиёлиларининг қамалаётгани» ҳақидаги иддаолар миш-миш ва бўҳтондан бошқа нарса эмас», дейилади баёнотда.

Қозоғистон ва Қирғизистондаги акс-садолар

Уйғурлар бошига тушган мусибат Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам акс-садо берган.

Шинжон маъмурлари сўнгги бир неча йил давомида юз минглаб хитойлик мусулмонлар, жумладан этник қозоқлар ва қирғизларни ҳам мафкуравий тарбия лагерларига жойлаган.

Этник қозоқлар Шинжонда уйғурлардан кейин иккинчи энг йирик туркий гуруҳ ҳисобланади. Уларнинг сони камида 1,5 миллионга тенг.

Шинжонда 200 мингга яқин этник қирғиз истиқомат қилади. Хитой ҳукумати 2018 йилда улардан камида 50 мингини қайта тарбиялаш марказларида ҳибсда сақлаган, деган эди ўшанда Қирғизистон президенти Сооронбай Жеенбеков.

Хитойдан келаётган ташвишли хабарга жавобан, Қозоғистон ҳукумати май ойида Хитойдан Қозоғистонга кўчиб келмоқчи бўлган этник қозоқлар учун иммиграция жараёнини енгиллаштирди.

Ном-нишонсиз

Олим охирги марта танишидан отаси устидан январ ойида бошланган суд жараёни коронавирус пандемияси туфайли қолдирилганини эшитган, аммо тез орада унинг судланиб, қамоққа ташланишидан хавотирда эканини айтган.

Шинжонда яшайдиган онаси Ҳасанийнинг ҳибсга олингани ҳақида «гапиришга журъат ҳам қилолмас эди».

«Мен ҳақиқатда ўзимни жуда ёмон ҳис қилар ва кимга ёрилишни ҳам билмас эдим. Анча вақтгача ишга ҳам қўлим бормади», деди Олим.

Унинг отаси ишлаган бўлимдаги 11 нафар тилшуноснинг ҳаммаси ҳибсга олинган, улар орасида 64 ёшли Ҳамдулла Абдураҳмон ҳам бор, бу ҳақда унинг ўғли Яшар Ҳамдулла маълум қилган.

«Ҳозир унинг қаердалиги номаълум», дейди Норвегияда яшовчи Ҳамдулла.

Ҳамдулла аввал лагерларда сақланиб, кейинчалик узоқ муддатга қамоққа ҳукм қилинган бир нечта зиёлиларни билишини ва отасини ҳам шундай қисмат кутаётганидан хавотирда эканини айтган.

«Ўшанда жуда қийин аҳволда қолдик. Оилада якка ўғилман, онам ёлғиз, отам эса кекса – бунга қачонгача чидаши мумкин? » деди Ҳамдулла.

Декабр ойида расмийлар барча касб-ҳунар марказларида яшовчилар «таълимни якунлаганини» эълон қилганидан сўнг, улар аста-секин бошқа турдаги ҳибсхоналарга ўтказилган, дейди кузатувчилар.

Уларнинг кўпчилиги жиноий жавобгарликка тортилиб, 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган, дейди уйғурлар муаммосини ўрганувчи, Шинжон қурбонларининг маълумотлар базасини яратган Гена Бунин.

Буниннинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги кунда камида 300 минг киши ҳибсда қолмоқда.

Европа Парламенти томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича олий мукофотга сазовор бўлган, аммо ҳибсга олиниб, узоқ йиллардан бери дом-дараксиз қолаётган уйғур зиёлиси Илҳом Тўхтий борасидаги хавотирлар кучайган.

«Тушкун ва дарғазаб»

Уйғур адабиётшуноси ва ёзувчиси Ялқун Розий Шинжон Коммунистик партиясининг бошлиғи Чэнь Цюаньго ҳокимият тепасига келган 2016 йил октябр ойида ҳибсга олинган илк зиёлилар сафида бўлган.

Кейинроқ, 2018 йил январ ойида Розийнинг қариндошлари унинг «ҳокимиятни ағдариш йўлидаги иғвогарлик» учун 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганидан хабар топганлар – бу одатда сиёсий маҳбусларга нисбатан қўлланиладиган айбловдир.

Бир вақтнинг ўзида унинг барча сафдошлари ҳибсга олинган.

2012 йилдан бери Шинжон мактабларида 2,6 миллион ўқувчини қамраб олишга қаратилган икки тилли мандарин-уйғур таълим тизими босқичма-босқич жорий қилинмоқда.

Бунгача дарслар асосан уйғур ва бошқа озчиликлар тилларида ўтилар эди.

«Бу дарсликларнинг бекор қилиниши ва уйғур тилидаги таълимнинг бутунлай йўқ қилиниши оқибатида уйғур ёшларининг келгуси авлоди уйғур маданиятидан узилиб қолади», дейди Розийнинг ўғли Камолтурк Ялқун.

«Хитой уйғурларнинг миллий ўзлигини йўқ қилишни ва уларни ... хитой тилида сўзлашадиган, хитойча ўйлайдиган ва ўз тарихини ёки маданиятидан бехабар одамларга айлантиришни истайди. Бу мени ҳам хафа, ҳам дарғазаб қилади», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500