Атроф-муҳит

Қирғизистонда совет давридан қолган уран чиқиндихоналарини зарарсизлантириш ишлари бошланди

Канат Алтинбаев

image

Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегараси яқинидаги собиқ саноат марказида ташландиқ уран конини тозалаш ишлари бошланган. [ЕТТБ]

БИШКЕК – Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) маълумотларига кўра, Қирғизистонда совет давридан қолган заҳарли уран чиқиндихоналарини зарарсизлантириш ишлари бошланди.

Коронавирус пандемиясига қарамай, бир неча ой олдин бошланган тайёргарлик ишлари туфайли советлардан қолган уран конларини радиоактив заҳарли чиқиндилардан тозалаш ишлари ўз вақтида бошланмоқда, дейилади ЕТТБнинг 28 июл кунги баёнотида.

Бу ишлар халқаро донорлар ҳамжамияти томонидан бошқариладиган Марказий Осиёда атроф-муҳитни тиклаш бўйича ЕТТБ жамғармаси (ERA) томонидан молиялаштирилмоқда.

ЕТТБнинг ушбу жамғармаси совет давридан қолган заҳарли уран объектларини зарарсизлантиришда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга ёрдам бериш учун таъсис этилган бўлиб, унга АҚШ, Европа Комиссияси, Бельгия, Швейцария, Норвегия ва Литва маблағ ўтказган.

Совет даврида ураннинг асосий манбаи бўлиб хизмат қилган Марказий Осиёда бугунги кунда еттита хавфли уран чиқиндихонаси мавжуд бўлиб, улардан учтаси Қирғизистонда жойлашган.

Деярли ҳимояланмаган бу объектларда террорчилар томонидан ғаразли мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган паст сифатли уран моддаси қолдиқлари бор. Ўз вақтида Тожикистон ҳукумати мамлакатдаги чиқиндихоналарда «қўлбола бомбалар» ишлаб чиқариш учун кифоя қиладиган даражада уран моддаси борлигидан хавотир билдирган эди.

ЕИнинг 2017 йилги ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиёда 1 миллиард тоннага яқин токсик уран чиқиндилари бор.

Ўтган ёзда Европа Иттифоқи Марказий Осиёдаги 7 та уран объектидаги тозалаш ишлари учун 85 миллион евро (7,7 миллиард қирғиз сўми) ажратди. Бунгача чиқиндихоналарни зарарсизлантиришга тайёргарлик ишлари учун учун 15 миллион евро (1,3 миллиард қирғиз сўми) ажратилган.

Саломатлик ва экология муаммолари

Илк босқичда Қирғизистон жануби-ғарбидаги Шекафтар қишлоғидаги энг хавфли объектлардан олтитаси ёпилади ва бешта чиқиндихона қолдиқлари узоқроқдаги чиқиндихонага кўчирилади, дейилади ЕТТБ хабарида.

«Бир вақтлар Шекафтарда гуллаб-яшнаган даромадли уран кони тўхтаганидан сўнг бу ерда вазият оғирлашиб, ишсизлик даражаси 70% га етган», дейилади хабарда.

ЕТТБ маълумотларига кўра, Халқаро атом агентлиги раҳбарлиги остидаги экспертлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган бош режа асосида тез орада Қирғизистондаги бошқа объектларни ҳам тозалашга киришилади.

Совет Иттифоқининг мероси нафақат уран қолдиқлари хавфсизлигига, балки умумий хавфсизлик ва экологияга ҳам жиддий таҳдидларни юзага келтиради, дейди таҳлилчилар.

Табиий офатлар юз берган вақтда чиқиндихоналардан заҳарли моддалар сизиб чиқиб, қишлоқ аҳолиси саломатлигига хавф туғдириши мумкин.

Бундан ташқари, ерости ва ерусти сувларининг заҳарли чиқиндилар билан ифлосланиши қишлоқ хўжалигига ҳам таҳдид солмоқда.

Қирғизистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатларидаги уран чиқиндихоналарни зарарсизлантириш лойиҳалари учун ажратилган Ғарб мамлакатларининг молиявий кўмаги жуда муҳим, дейди «MoveGreen» ёшлар экологик ҳаракатининг эколог-муҳандиси бишкеклик Бактигул Стакеева.

Советлар даврида Москва Марказий Осиёдан радиоактив ашёлар манбаи сифатида фойдаланиши ортидан минтақа мамлакатлари «ўзлари ҳал қила олмайдиган мудҳиш муаммо билан ёлғиз қолдилар», деди у.

Чиқиндихоналар яқинидаги қирғиз қишлоқларида табиатга етказилаётган зарар ягона муаммо эмас. Шу билан бирга, аҳоли саломатлишигига оид жиддий муаммолари ҳам мавжудбор, дейди «Килим шами» жамоатчилик фонди раҳбари бишкеклик Азиза Абдирасулова.

«Бундан фақат болалар ва катталар азият чекаётгани йўқ. Бачадонга радиация таъсири сабабли ўлик туғилаётган болалар ҳам бор», деди Абдирасулова.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0
Сиёсат * Мажбурий 1500 та белги қолди (1500 max)