Карвонсарой
Энергия

ЕИ-Туркманистон газ қувури бўйича музокаралар Россия ва Эроннинг қаршиликларга қарамай давом этмоқда

Жумагули Аннаев

2015 йил 23 ноябр куни Теҳронда бўлиб ўтган Газ экспорт қилувчи мамлакатлар форумининг (GECF) саммити доирасида Россия президенти Владимир Путин (ўнгда) Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашган. (Алексей Дружинин/AFP)

2015 йил 23 ноябр куни Теҳронда бўлиб ўтган Газ экспорт қилувчи мамлакатлар форумининг (GECF) саммити доирасида Россия президенти Владимир Путин (ўнгда) Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашган. (Алексей Дружинин/AFP)

АШХОБОД – Европа Иттифоқи (ЕИ) ва Туркманистон Эрон ва Россиянинг қаршиликларига қарамай, Туркманистон табиий газини Европага етказиб бериш бўйича музокараларни давом эттирмоқда.

Туркманистон давлат ахборот агентлиги TDH хабарига кўра, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масаласи 24 июнь куни Туркманистон-ЕИ қўшма қўмитасининг 19-сессияси кун тартибидан ўрин олди.

Коронавирус пандемияси туфайли онлайн тарзда ўтган музокаралар давомида Европа Иттифоқи ва Туркманистон расмийлари савдо, хусусий сектор ва иқтисодиёт соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Жумладан, Транскаспий газ қувури (TCGP) орқали Жанубий газ йўлагига (SGC) туркман газини етказиб бериш билан газ экспортини диверсификация қилиш хусусида сўз борди.

Жанубий газ йўлаги (SGC) – Яқин Шарқ ва Каспий орқали Европа Иттифоқи мамлакатларига газ этказиб бериш бўйича Eвропа Иттифоқи томонидан таклиф этилаётган йўналиш ҳисобланади. Унинг фойдаланишга топширилиши иттифоқнинг Россия газига қарамлигини камайтириши мумкин.

SGC туркман газини Россияни четлаб ўтган ҳолда европалик истеъмолчиларга етказишга имкон берадиган йўналиш бўлиб қолмоқда, дейди исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган Туркманистон президенти ҳузуридаги Углеводород ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш агентлиги вакили.

Туркманистон шундай муқобил йўналишга муҳтож, чунки Кремл европалик мижозлар учун рақобатда Россия қувурларидан фойдаланишга имкон бермайди, деди расмий.

«Москва ўзи ҳукмрон бўлган бозорга бошқа газ таъминотчисининг киришига рухсат берармикин?» деди у риторик оҳангда.

«Россия ва Эрон бу лойиҳага қарши чиқмоқда», деди у Транскаспий газ қувурини назарда тутиб.

Транскаспий газ қувури Жанубий газ коридорини керакли миқдорда газ билан тўлдиришга имкон беради. Жанубий газ йўлаги фойдаланишга топширилгач, Озарбайжон бу тармоққа йилига 16 миллиард куб метр газ етказиб беради, шундан йилига 6 миллиард куб метри Туркияга мўлжалланган, деди расмий.

Ашхободнинг ишонишича, мавжуд газ захиралари ва қазиб олиш қувватлари Туркманистонга ҳар йили Европани 30 миллиард куб метргача табиий газ билан таъминлашга имкон беради.

«Газ бозорида Туркманистоннинг асосий рақобатчилари бўлган Эрон ва Россия газ экспортини диверсификация қилишимизга йўл қўймаслик учун турли баҳоналарни ўйлаб топмоқда».

Ихтилоф сабаби

Транскаспий газ қувури лойиҳаси 90-йилларда илк марта таклиф қилинганидан бери тортишувлар мавзуига айланган.

Туркманистон ўз маблағларидан фойдаланган ҳолда йилига 30 миллиард куб метр газ ўтказиш қувватига эга 733 км узунликдаги «Шарқ-Ғарб» газ қувурини барпо этиш бўйича асосий ишларни якунлаган.

Ушбу газ қувури «Транскаспий қувурини газ билан таъминлаш мақсадида барпо этилган», дейди «Туркманнефтгазқурилиш» компанияси вакили Айназар Халимов.

Транскаспий газ қувурининг узунлиги эса атиги 300 км – қуриб битказилган «Шарқ-Ғарб» қувуридан анча қисқа бўлиши кўзда тутилган, деб қайд этди у.

Шунга қарамай, Эрон ва Россиянинг қаршиликлари туфайли ҳозирги кунга қадар Каспий денгизи тубида бирорта ҳам қувур ётқизилмаган.

Ҳалимовга кўра, Россия ва Эрон режимлари дастлаб денгизнинг ҳуқуқий мақоми белгиланмаганини рўкач қилиб, бу ғояга қарши чиқишган. Бироқ, 2018 йилнинг 12 августида Каспий бўйидаги беш мамлакат – Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Россия ва Туркманистон раҳбарлари денгизнинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи шартномани имзоладилар.

Теҳрон ва Москва эса энди бошқа баҳона топа олмай, Транскаспий газ қувури денгиз экотизимига путур етказишини таъкидламоқда.

«Бу – асоссиз баҳона эканлигига шубҳа йўқ», деди Ҳалимов.

«Россия денгиз тубига «Шимолий оқим» ва «Турк оқими» газ қувурларини ётқизаётганида уни экологик муаммолар хавотирга солмаган, энди эса тўсатдан бу ҳақда ўйланиб қолди», деди у Болтиқ ва Қора денгиздан ўтган қувурларни назарда тутиб.

Туркманистон ҳаракат қилиши керак, дейди қувур тарафдорлари.

Транскаспий газ қувури Европа Иттифоқининг қизиқиши туфайли ўз долзарблигини йўқотгани йўқ, дейди газ қувури лойиҳасини қўллаб-қувватловчилар.

Бу лойиҳа ЕИ энергетик хавфсизлик стратегиясининг муҳим таркибий қисми бўлиб қолмоқда, деган эди Ашхободдаги ЕИ ваколатхонаси раҳбари Любомир Фреборт шу йили Туркманистон бетарафлигининг 25 йиллигига бағишланган тадбирда.

Унинг айтишича, қувур лойиҳаси Европа Иттифоқининг энг устувор энергетик лойиҳалари рўйхатига киритилган, деб ёзади «Вестник Кавказа» нашри.

Каспий денгизидан ўтувчи газ қувурини қуриш техник нуқтаи назардан қийинчилик туғдирмайди, аммо биргина истак етарли эмас ва Туркманистон амалий ҳаракатга ўтиши керак, дейди таҳлилчилар.

«Ҳукуматимиз пудратчи ва инвестор топиш ҳамда ТАПҲ (Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон) газ қувуриникига ўхшаш консорциум яратиш йўлида тиришқоқлик билан ҳаракат қилиши, шунингдек, Жанубий газ йўлаги консорциуми билан ишлаб чиқариш ҳажмлари, нархлар ва бошқа масалаларни келишиб олиши керак», деди Углеводород ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш агентлиги мулозими.

«Афсуски, ўтган қарийб 30 йил давомида Туркманистон транзит мамлакатлар ва харидор давлатлар билан Транскаспий газ қувурининг бу жиҳатлари юзасидан жиддий музокаралар ўтказмади» деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия бошқа мамлакатларга фақат зарар олиб келади.

Жавоб бериш

Олға Россия!

Жавоб бериш

Россия қайтди!

Жавоб бериш