Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Кремль дезинформация ва ташвиқот «экотизими»ни ишга солмоқда

Карвонсарой ва AFP

Кремль яқинида коронавирусдан ҳимоя ниқобида юрган аёл, 30 июл, Москва. 5 август куни АҚШ Давлат департаментининг Глобал ҳамжиҳатлик маркази Россиянинг дезинформация тактикасига бағишланган ҳисоботни эълон қилди. [Юрий Кадобнов/AFP]

Кремль яқинида коронавирусдан ҳимоя ниқобида юрган аёл, 30 июл, Москва. 5 август куни АҚШ Давлат департаментининг Глобал ҳамжиҳатлик маркази Россиянинг дезинформация тактикасига бағишланган ҳисоботни эълон қилди. [Юрий Кадобнов/AFP]

ВАШИНГТОН – Кремл платформалар ва тактикалар комбинацияси интернет орқали ёлғон маълумотларни кўпайтириш учун бир-бирини мустаҳкамлайдиган экотизимни яратиш мақсадида бешта «дезинформация устуни»дан фойдаланмоқда, дейилади АҚШ ҳукуматининг чоршанба (5 август) кунги ҳисоботида.

«Кремль информациядан қурол сифатида фойдаланишга оид ёндашув доирасида бу тактика ва платформаларни жорий қилаётгани учун бевосита жавобгардир», деди АҚШ Давлат департаментининг хорижий ташвиқотни ўрганиш ва унга қарши курашга масъул бўлган Глобал ҳамжиҳатлик маркази.

Кремль «ўзининг дезинформация ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш йўлидаги зарарли киберҳужумларни амалга ошириш учун ўз ташвиқот каналлари, разведка хизматлари ва ваколатли шахсларига катта маблағ сарфлаб, бу каби ёлғон ва чалкаштирувчи гап-сўзларни ёйинлаш учун янгиликлар сайтлари ёки тадқиқот институтлари ниқобидаги оммавий ахборот воситаларидан фойдаланмоқда», дейилади ҳисоботда.

Энг оммабоп мавзулардан бири – коронавирус пандемияси бўлиб, Россия сайтлари COVID-19 АҚШ Марказий разведка бошқармаси ёки филантропга айланган миллиардер Билл Гейтс томонидан яширинча тарқатилгани ҳақидаги асоссиз гап-сўзларни фаол тарғиб қилиб келмоқда.

Ижтимоий тармоқлардан қурол сифатида фойдаланиш – бутун дунё бўйлаб одамларни манипуляция қилиш учун Кремл томонидан ишлатиладиган беш «дезинформация устунидан» биридир. [Olivier Douliery/AFP]

Ижтимоий тармоқлардан қурол сифатида фойдаланиш – бутун дунё бўйлаб одамларни манипуляция қилиш учун Кремл томонидан ишлатиладиган беш «дезинформация устунидан» биридир. [Olivier Douliery/AFP]

Тадқиқотда келтирилган мисолларнинг бирида «Стратегик маданият фонди» номли онлайн-нашрга ишора қилинган бўлиб, у «ғарблик маргинал назариялар тарафдорлари ва конспирологлар»ни тарғиб қилган ва хорижда шериклик алоқаларини шакллантирган.

«Бу прокси-сайтлар қандайдир маълумот чоп этадиган бўлса, унинг қаердан чиққанини аниқлаб бўлмайди», деди Глобал ҳамжиҳатлик маркази раҳбари Леа Габриел.

«Россия бу каби турли прокси-сайтларга мансублигини яширишга ҳаракат қилади ва бу уларнинг самарадорлигини оширади», деди у журналистларга.

«Интернетда бу сайтларни ўқиётган оддий одам уларнинг аслида Россия дезинформацияси эканлигини билмаслиги мумкин».

Дезинформация устунлари

Ҳисоботда «Россия дезинформациясининг беш устуни» тилга олинган.

«Уларнинг биринчиси – ҳукуматнинг расмий коммуникациялари; иккинчиси – давлат томонидан молиялаштириладиган глобал хабарлар; учинчиси – прокси-манбаларни етиштириш; тўртинчиси – ижтимоий тармоқлардан қурол сифатида фойдаланиш ва бешинчи устун – кибердезинформациядир», деди Габриел.

Бу платформалар ва тактикалар уйғунлиги – турли элементлар бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган экотизимни шакллантиради, деди у.

«Турли хил элементларнинг ўзаро таъсири ёлғон гап-сўзларни кучайтирадиган ОАВ мультипликатив эффектини ҳосил қилади», деб қўшимча қилди у.

«Ушбу экотизим ҳам дезинформация манбаларини, ҳам ташвиқотни – ҳукуматнинг расмий баёнотларини, давлат томонидан молиялаштириладиган оммавий ахборот воситаларини, прокси-сайтлар, ботлар, ижтимоий тармоқлардаги сохта персонажларни, дезинформацияга оид кибер-амалиётлар ва бошқаларни, шунингдек, ушбу каналлар фойдаланадиган турли хил тактикаларни ифодалайди, дейилади хабарда.

Ҳисоботда Стратегик маданият жамғармасидан ташқари, бошқа олтита прокси-сайт ва ташкилотлар ҳам тилга олинган бўлиб, улар «Россия билан аниқ алоқадор бўлган экотизим устунлари ва бутунлай рад этилиши керак бўлган манбалар ўртасидаги оралиқ мақомни эгаллаган.»

Улар қуйидагиларни ўз ичига олади: бир талай маргинал ғоялар муаллифлари ва конспирологлари бўлган Канаданинг Global Research сайти.

«Новое восточное обозрение» – Россия фанлар академияси Шарқшунослик институтининг сохта академик нашри бўлиб, асосан Яқин Шарқ, Осиё ва Африкага қаратилган дезинформация ва ташвиқот билан шуғулланади.

News Front – Қримда жойлашган, ғарблик аудитория учун «муқобил маълумот манбасини» тақдим этиш иддаосидаги, Кремль билан боғлиқ дезинформация ва ташвиқот воситаси.

«Таҳлил ва разведка» (бошқа номи – SouthFront) – ҳарбий ва хавфсизлик масалаларини ёритувчи, Россияда рўйхатга олинган кўп тилли дезинформацион сайт.

Катехон – ўз сайти орқали фаол тарзда аксилғарб дезинформацияси ва ташвиқотини тарқатувчи Москвадаги cохта таҳлил маркази, беш тилда фаолият юритади, Россия давлати ва разведкаси билан яққол алоқадор шахслар томонидан бошқарилади.

Ва ниҳоят Geopolitica.ru сайти – рус ультрамиллатчиларининг ғарблик ва бошқа аудиторияга мўлжалланган дезинформация ва ташвиқот платформаси.

Апрел-июнь ойларида Твиттер фойдаланувчилари ушбу еттита сайтдаги материалларни 173 марта ретвит қилганлар ёки улашганлар, дейилади тадқиқотда.

Унга кўра, Твиттерда шубҳали материаллар билан боғлиқ фаолиятнинг асосий манбаи Россия эмас, Британия бўлиб чиққан.

Нишонда – Марказий Осиё

Сайтларнинг ёлғон маълумотлар тарқатиши, жумладан коронавирус АҚШ томонидан сунъий яратилгани ҳақидаги ташвиқоти «Россиянинг Қўшма Штатлар, унинг иттифоқчилари ҳамда шерикларининг халқаро бирдамлиги ва нуфузига путур етказиш, демократик институтларнинг аҳамиятини шубҳа остига қўйиш каби умумий мақсадларига хизмат қиладаи», дейилади хабарда.

Илгари бу каби чораларни Кремль Марказий Осиёга ҳам йўналтирган.

9 июл куни Россиянинг «Взгляд» онлайн нашри ТАСС агентлигига асосланиб, Қозоғистонда коронавирусдан кўпроқ ўлимга сабаб бўлаётган «номаълум пневмония» тарқалгани ҳақида мақола чиқарган. ТАСС Россия ҳукуматига тегишли ахборот агентлиги ҳисобланади.

«Взгляд» сайтининг айрим ташрифчилари Кремлнинг «троллар фабрикаси»га хос риторик услубда Қозоғистон ҳақида ҳақоратли фикр-мулоҳазалар қолдиришган.

Уларнинг кўпчилиги «янги вирус» манбаи АҚШ молиявий кўмагида ташкил этилган Олмаотадаги марказий референс-лабораторияси эканлигини иддао қилганлар.

Эртасига, 10 июл куни Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда «номаълум вирус» тарқагани ҳақидаги хабарлар ёлғон эканлиги ҳақида баёнот берган.

10 июл куни Женевада бўлиб ўтган матбуот анжуманида ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар бўйича дастури ижрочи директори Майкл Райан бу хабарларни рад этар экан, Қозоғистондаги пневмония катта эҳтимол билан коронавирус туфайли келиб чиққанини таъкидлаган.

Шунингдек, пайшанба (6 август) куни Твиттер ҳукуматнинг сиёсий кун тартибини илгари суриш учун ишлатиладиган «давлатга қарашли ОАВ» материалларига қарши кураш бўйича янги чоралар ҳақида эълон қилди. Бу бевосита Россия ва Хитойга тегишли асосий ОАВга таъсир қилувчи қадам бўлди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия дунёдаги чала давлат.

Жавоб бериш