Карвонсарой
Таҳлил

ИДнинг пароканда шўъбаси Афғонистондаги ҳозирлигини сақлаб қолишга уринмоқда

Карвонсарой

Ўтган йилнинг ноябр ойида юзлаб жангарилар мағлубиятни тан олиб, таслим бўлишидан бир неча кун аввал «ИД-Хуросон» («Ислом давлати»нинг Хуросон шўъбаси) томонидан куч ва бирдамликни кўрсатиш мақсадида чоп этилган фотосурат. [Файл]

Ўтган йилнинг ноябр ойида юзлаб жангарилар мағлубиятни тан олиб, таслим бўлишидан бир неча кун аввал «ИД-Хуросон» («Ислом давлати»нинг Хуросон шўъбаси) томонидан куч ва бирдамликни кўрсатиш мақсадида чоп этилган фотосурат. [Файл]

КОБУЛ – Афғонистонда мағлубиятини тан олган «Ислом давлати»нинг Хуросон шўъбаси (ИД-Хуросон) 9 ойдан бери сукут сақлаб келаётган эди.

Аммо Толибон ва Афғонистон ҳукумати мамлакат ичидаги тинчлик музокараларига киришар экан, ИД жангарилари шундоқ ҳам қалтис бўлган сиёсий вазиятни издан чиқаришга уринмоқдалар.

Толиблар ва афғон ҳукумати байрам вақтида уч кунлик оташкесим эълон қилганига қарамай, «ИД-Хуросон» Қурбон ҳайитининг боши ва охирини хунрезлик билан нишонлаган.

Гуруҳ 29 июл куни Ҳирот шаҳрининг асосан шиалар яшайдиган ҳудудида автобус портлатилиши билан боғлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олган. Воқеа натижасида 4 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, 3 киши жароҳатланган.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Афғонистон ҳукуматига таслим бўлган «ИД» жангарилари Нангарҳор вилоятидаги ҳуқуқ-тартибот идораси олдида навбатга тизилиб турибди. [Холид Зерай]

Ўтган йилнинг ноябр ойида Афғонистон ҳукуматига таслим бўлган «ИД» жангарилари Нангарҳор вилоятидаги ҳуқуқ-тартибот идораси олдида навбатга тизилиб турибди. [Холид Зерай]

Афғонистон Миллий хавфсизлик бошқармаси (МХБ) томонидан эълон қилинган видеолавҳада Афғонистондаги ИД раҳбари Аслам Фаруқий акс этган. МХБ уни апрел ойида Қандаҳор вилоятида қўлга олган.

Афғонистон Миллий хавфсизлик бошқармаси (МХБ) томонидан эълон қилинган видеолавҳада Афғонистондаги ИД раҳбари Аслам Фаруқий акс этган. МХБ уни апрел ойида Қандаҳор вилоятида қўлга олган.

Икки кун ўтиб, Қурбон ҳайити арафасида Ҳирот шаҳридаги гавжум бозорда юз берган портлаш натижасида камида 14 фуқаро яраланди. Ҳеч қайси гуруҳ жавобгарликни ўз зиммасига олмаган бўлса-да, барча аломатлар «ИД-Хуросон» ва бошқа жангари гуруҳларга, жумладан воқеага алоқадорлигини рад этган Толибонга ишора қилмоқда.

«ИД-Хуросон» Қурбон ҳайитининг охирги кунида гуруҳнинг 1700 га яқин жангариси ва Толибон маҳбуслари сақланаётган Жалолободдаги қамоқхонага ҳужум уюштирган.

Душанба (3 август) куни тушгача давом этган жанговар ҳаракатлар натижасида 29 киши ҳалок бўлган, 48 нафари жароҳатланган.

«ИД-Хуросон» ҳаёт учун курашмоқда

«ИД-Хуросон» ўз террорчилик ҳаракатлари билан диққатни жалб қилишга уринаётган бўлса-да, норози аъзолар, молиявий манбалар ва янги жангариларни ёллаш имкониятидан маҳрум бўлиб бормоқда ва тирик қолиш учун курашмоқда.

2019 йилнинг сентябр-ноябр ойларида Афғонистон миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари (ANDSF) «ИД-Хуросон»ни ўз ҳудудларидан чекинишга мажбур қилиб, унга «жиддий ва хавфли зарбалар» берди ва бу билан жангариларнинг қайтиш йўлиши тўсиб, гуруҳнинг даромад манбаларини кесишга эришди, деб хабар берган 27 май куни БМТ кузатувчилари.

17 ноябр куни Нангарҳорда мағлубиятга учраганини тан олган «ИД-Хуросон» унинг аъзолари ҳафталар давомида оч қолганини айтган.

«2019 йил сентябрдан ноябрга қадар Нангарҳорда «ИД-Хуросон»нинг етти туман бўйича тақсимланган 1750 нафар жангариси ва 22 нафар мансабдордан иборат раҳбарлик кенгаши 200 тага қадар камайтирилди, улар Ачин туманида қуршовга олиндилар», дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, 2020 йил феврал ойи охирига келиб, Нангарҳор вилоятида гуруҳнинг тор-мор этилиши ортидан 1442 нафар «ИД-Хуросон» аъзоси (асосан оилалар) таслим бўлган.

Ҳукуматга таслим бўлган собиқ «ИД-Хуросон» жангарилари «гуруҳ сафига куч ишлатиш ёки зўравонлик таҳдиди билан янги одамлар ёллангани», айримлар эса «гуруҳ томонидан таклиф қилинган, аммо тўланмаган маошлар билан одамлар жалб қилинганини» айтган.

«Гуруҳнинг ўз жангарилари учун катта маошлар ваъда қилиш билан боғлиқ ташвиқот тактикаси янги аъзоларни ёллаш ва қўллаб-қувватловга эришиш учун ўйлаб топилган ёлғон эди», дейди БМТ кузатувчилари билан суҳбатда бўлган маҳаллий ҳамкорлар.

Уларга кўра, бу бир марта ишлатишга ярайдиган «ёлғон» бўлгани учун, «ИД-Хуросон» кўпроқ даъватга ва гуруҳга қўшилишни истамаганларни таъқиб қилишга эътибор қарата бошлаган.

Ҳисоботда айтилишича, «ИД-Хуросон Афғонистон шимолида доимий ҳарбий ҳозирликка эга эмас», аммо «гуруҳ аъзолари деб гумонланган хорижлик жангариларнинг кичик гуруҳлари Толибон назоратидаги ҳудудларда, асосан Кунар вилоятида фаолият олиб бормоқда».

ИД ўзагидан ажралиб чиқиш

Афғонистондаги ИД раҳбариятида юзага келган чигаллик (ва гуруҳнинг «ИД» ўзаги билан заиф алоқаси) гуруҳ қудратининг сўнишига сабаб бўлмоқда.

2019 йил апрел ойида Абу Умар ал-Хуросоний номи билан машҳур Мавлавий Зиё ул-Ҳақ ўрнига Мавлавий Аслам Фаруқий номи билан танилган Мавлавий Абдуллоҳ Оракзай «ИД-Хуросон» раҳбари этиб тайинланган эди.

«ИД» ўзаги Ироқ ва Суриядаги «марказ»нинг Афғонистондаги шўъбаси билан алоқани таъкидлаган ҳолда бевосита Фаруқий номзодини илгари сурган.

Шундай бўлса-да, «ИД-Хуросон» эндиликда Кунарнинг олис ва қуюқ ўрмонли ҳудудларидан туриб, «ИД маркази билан сунъий йўлдош алоқаси орқали чекланган тарзда алоқа қилиб турибди», дейилади хабарда.

Чет эллик жангариларнинг Ироқ ва Суриядаги асосий можаро ҳудудидан кўчирилиши чекланган бўлса-да, ИД маркази Хуросон бўлинмасининг ички қарорларини қабул қилишга катта таъсир ўтказмаса ҳам, Хуросон шўъбаси ИДнинг янги етакчиси Амир Муҳаммад Абдул-Раҳмон ал-Мавлий ас-Салбий билан алоқа ўрнатган, дейилади хабарда.

Ас-Салбий – Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайший тахаллуси билан ҳам машҳур.

Шу йил март ойида «ИД-Хуросон» навбатдаги зарбага учради – Афғонистон миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари (ANDSF) Қандаҳорда Фаруқий билан бирга «ИД-Хуросон»нинг юқори мартабали қўмондонлари – Қори Зоҳид ва Сайфуллоҳ ва бошқа 19 кишини қўлга олган эди.

Яқинда Афғонистон миллий хавфсизлик бошқармаси (МХБ) 1 август куни Жалолобод яқинида «ИД-Хуросон» разведкаси раҳбари Асадуллоҳ Оракзай ўлдирилганини маълум қилди.

Гуруҳнинг Нангарҳордаги муваффақиятсизликлари ва Қандаҳорда Фаруқийнинг қўлга олиниши ортидан «ИД-Хуросон»нинг ҳокимият жилови кимнинг қўлида экани номаълумлигича қолмоқда.

Фаруқий қўлга олинишидан аввал ИД раҳбари ўринбосари шайх Матиуллоҳ Камаҳвал билан амир бўлиш учун рақобатлашган. БМТ ҳисоботида айтилишича, номзодлар орасида бошқа шахслар, жумладан Абу Саид Муҳаммад ал-Хуросоний ва шайх Абдул-Тоҳир ҳам бўлган.

«Манбаларнинг тахмин қилишича, Абу-Бакр ал-Бағдодийнинг вафотидан кейин номзод масаласи «ИД-Хуросон» томонидан ички тартибда, марказ иштирокисиз ҳал қилинади», дейилади хабарда.

Операциялардаги ўзгариш

Нангарҳор ва Кунарда Афғонистон миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари (ANDSF) ҳамда коалиция қўшинлари томонидан «ИД-Хуросон»га қарши олиб борилган операциялар гуруҳнинг юқори даражадаги ва мураккаб ҳужумларни амалга ошириш қобилиятини заифлаштирди, дейди кузатувчилар.

Бу орада «ИД-Хуросон» томонидан аслида нечта ҳужум амалга оширилгани ҳақида мунозаралар давом этмоқда.

«ИДнинг Хуросон бўлинмасига оид деб даъво қилинган аксарият ҳужумлар Ҳаққоний тармоғининг маълум даражадаги иштироки, кўмаги ёки техник ёрдами билан содир этилгани ойдинлашди, дейилади БМТ ҳисоботида.

Бундан ташқари, ИД-Хуросон, афтидан «Ҳаққоний тармоғи томонидан амалга оширилган операциялар учун жавобгарликни ўз зиммасига олган», дейилади хабарда.

«Толибон»нинг машъум бўлинмаси – Ҳаққоний тармоғи Афғонистон ҳукумати ва АҚШ бошчилигидаги НАТО кучларига қарши жанг қилаётган энг хавфли гуруҳлардан биридир.

5 май куни Афғонистон махсус қўшинлари «ИД-Хуросон» ва Ҳаққоний тармоғи бошчилигидаги йирик террорчилик тармоғини тор-мор қилдилар – қўшма тармоқнинг бири Кобулда ва яна бири пойтахт ташқарисида жойлашган махфий базалари штурм қилинди.

Афғонистон хавфсизлик мутасаддиларига кўра, Толибон ва АҚШ музокарачилари ўртасидаги сулҳ битими ва яқинда Афғонистонда ўтказилажак тинчлик музокаралари Толибон ва Ҳаққоний тармоғидаги айрим гуруҳларини ғазаблантириб, уларни «ИД-Хуросон» номидан вайронкор ҳужумлар содир этишга ундаган.

«Разведка маълумотларига кўра, Толибон ва хорижий террорчи гуруҳлар ўртасидаги алоқалар аввалгига нисбатан мустаҳкамланган», деди генерал-лейтенант Аҳмад Зиё Сараж 18 май куни Кобулда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

«Биз яқинда ҳибсга олган одамлар ва тўплаган ҳужжатларимизнинг далолат беришича, сўнгги ҳодисалар ташкилотчилари Ҳаққоний тармоғи ва ДАИШ билан алоқада бўлишган», деди Сараж ИДнинг арабча номини тилга олиб.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500