Карвонсарой
Аёллар ҳуқуқлари

Ўзбекистон таълим дастури афғон аёллари учун янги имкониятлар яратишга интилмоқда

Максим Енисеев

Афғонистонлик хотин-қизлар 2019-2020 ўқув йилида Европа Иттифоқи дастури доирасида Қозоғистонда таълим олишган. (ALMA университети)

Афғонистонлик хотин-қизлар 2019-2020 ўқув йилида Европа Иттифоқи дастури доирасида Қозоғистонда таълим олишган. (ALMA университети)

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон гендер тенглигини мустаҳкамлашга қаратилган қишлоқ хўжалигига оид таълим дастури доирасида қўшни Афғонистон хотин-қизларининг ҳуқуқ ва имкониятларини оширишга кўмаклашмоқда.

Термиздаги Афғонистон таълим маркази Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Европа Иттифоқи (ЕИ) ва БМТ Тараққиёт дастури (БМТРД) кўмагида афғон хотин-қизларига қишлоқ хўжалиги йўналишида таълим беради. Ушбу марказ Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрида жойлашган.

«Ўзбекистонда афғон аёлларининг таълим олишини қўллаб-қувватлашга қаратилган ушбу трансчегаравий ташаббус ўқиш ва ишга жойлашишда Афғонистонда эркакларга қараганда кўпроқ тўсиқларга дуч келадиган аёллар учун таълим олиш имкониятларини тақдим этади», дейилади БМТ Тараққиёт дастури баёнотида.

Янги ўқув йилида Ўзбекистон грант асосидаги таълим учун 20 нафар афғонистонлик хотин-қизни талабаликка қабул қилади.

2019-2020 ўқув йилида Европа Иттифоқининг дастурига асосан Қозоғистонда таълим олган афғон хотин-қизлари. (ALMA университети)

2019-2020 ўқув йилида Европа Иттифоқининг дастурига асосан Қозоғистонда таълим олган афғон хотин-қизлари. (ALMA университети)

Термиздаги таълим марказининг афғонистонлик талабалари 2019 йилда Ўзбекистонга ташриф буюришган. (ЎзА)

Термиздаги таълим марказининг афғонистонлик талабалари 2019 йилда Ўзбекистонга ташриф буюришган. (ЎзА)

Дастур якунида талабалар техник ва ўрта махсус касб таълими (TVET) шаҳодатномасига эга бўладилар.

«Гендер тенглиги ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш – нафақат инсоннинг фундаментал ҳуқуқлари, балки мамлакат ривожи ва гуллаб-яшнаши йўлидаги оқилона миллий стратегиядир», дейди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска.

Афғонистонлик аёллар учун мўлжалланган таълим дастури ўтган йили ишга туширилган бўлиб, 2025 йилга қадар давом этиши кўзда тутилган. Европа Иттифоқи ушбу ташаббусни амалга ошириш учун 2 миллион евро ажратган.

Лойиҳанинг илк босқичи Қозоғистонда амалга оширилди. Ўтган йил октябр ойида 30 нафар афғонистонлик хотин-қиздан иборат гуруҳ статистика, қишлоқ хўжалиги ва тоғ-кон саноатини ўрганиш учун у ерга ташриф буюрган эди.

Термиздаги aфғон фуқароларига таълим бериш маркази 2018 йил январь ойида очилган бўлиб, 17 та йўналиш, жумладан ўзбек ва инглиз тиллари, физика ва кимё соҳаларида афғонистонлик талабалар учун ўрта махсус ва касбий таълим беришга ихтисослашган. Марказ 300 тагача талабани сиғдира олади.

Тарихий ришталар

«Афғонистон шимолидаги йирик ўзбек диаспорасининг Ўзбекистондаги ўзбеклар билан алоқаси узилиб қолганига бир асрдан ошган. Аммо ўтмишда бу одамлар қарийб битта маданий маконда яшаган», дейди тошкентлик сиёсатшунос Валерий Хан.

«Амударёнинг икки тарафидаги бу диаспоралар дўстона алоқаларни тиклашга ва яқин мулоқотга интилса, бу минтақадаги умумий тинчлик жараёни учун фақат фойда келтиради», деб қўшимча қилди у.

Ўзбекистоннинг ўз қўшнисига гендер муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатлари Афғонистонда тинчликка эришиш ва унинг тараққиётига оид кенг қамровли минтақавий ғоялар билан муштаракдир.

30 июнь кунги онлайн анжумандан сўнг, «C5+1» формати доирасида йиғилган Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ҳукумати бу масалани устувор вазифалар қаторига киритдилар.

«Иқтисодий ишчи гуруҳ, шунингдек, аёллар учун иқтисодий шароитларни яхшилаш ва «C5+1» аёлларни иқтисодий тараққиёт ва юксалиш вакиллари сифатида қандай қўллаб-қувватлашини аниқлашга интилади», дейилади бирлашманинг қўшма баёнотида.

Шу куннинг ўзида Афғонистондаги ярашув жараёни бўйича АҚШ вакили, элчи Залмай Халилзод Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов билан Тошкентда музокара ўтказди. Мулоқот чоғида Хализод Ўзбекистоннинг Афғонистонни тиклашдаги ролини алоҳида қайд этди.

«Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистондаги тинчлик жараёнига нисбатан минтақавий ёндашувига оид бу ҳаракатларни Қўшма Штатлар юқори баҳолаб, бу соҳада фаол ҳамкорлик қилишини тасдиқлади», деб ёзади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ўз Телеграм каналида.

Шу билан бирга, Ўзбекистон, Қўшма Штатлар ва Афғонистондан иборат уч томонлама иқтисодий комиссия 23 июль куни афғонистонлик аёллар учун мўлжалланган чоралар юзасидан келишувга эришди.

Видеоанжуман чоғида томонлар аёлларнинг иқтисодий имкониятларини қўллаб-қувватлаш учун ишчи гуруҳ билан яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар, деб хабар беради Ўзбекистоннинг «Правда Востока» газетаси.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу жуда яхши ва шубҳасиз, ушбу қизлар учун ажойиб имконият. Аммо қолганлар-чи? Афғонистонда ўқишни истаган 20 дан ортиқ қиз бор.

Жавоб бериш