Оммавий ахборот воситалари

Хитойнинг ўзини COVID-19 қаҳрамони деб кўрсатиши унинг пандемиядаги ролига зид келмоқда

Карвонсарой ва AFP

image

Хитой миллий музейида намойишга қўйилган расмлардан бирида мамлакатнинг коронавирус пандемиясига қарши кураш чоралари «қаҳрамонлик» сифатида тасвирланган. [Цзян Дон/China Daily]

ПЕКИН – Хитой режими COVID-19 пандемиясига қарши курашда ўзининг «мардонавор хатти-ҳаракатлари» ҳақида бонг ураётган бўлса-да, бу таъриф Пекиннинг вирусни тарқатиш ва глобал инқироздан фойда олишдаги роли билан боғлиқ воқеликка зид келади.

2019 йил охирида Уханда юқумли ва ҳалокатли вирус аниқланганидан бери, Хитой Коммунистик партияси COVID-19га қарши курашда ўзини етакчи қилиб кўрсатишга уринди.

Бу каби уринишлардан сўнггиси – Хитой миллий музейида «Куч бирдамлиги» деб номланган янги кўргазманинг очилиши бўлди. Унда инқирозга қарши курашда эришилган муваффақиятларни мадҳ этувчи расмлар, ҳайкаллар ва хаттотлик намуналари намойиш этилган.

Пекин музейида кўргазмага қўйилган катта расмлар орасида президент Си Цзинпиннинг мактубини завқ билан ҳамкасбларига ўқиб бераётган ҳамширанинг сурати ҳам бор.

image

Суратда: Пан Маокуннинг «Мангулик ва қисқалик» сурати, Хитой миллий музейи. [Цзян Дон/China Daily]

China Daily давлат нашрининг ёзишича, «Рассомлар коронавирусга қарши курашда фронт чизиғида бўлмаса-да, бу ишга улкан ҳисса қўшаётганларни олқишлаб, бу инсонларнинг қаҳрамонликларини тарихга муҳрлаш учун учун бор кучларини ишга солмоқдалар».

Хонанинг ўртасидан жабрланган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун самолётдан тушиб келаётган аскарларнинг ҳақиқий катталикдаги ҳайкаллари жой олган – уларнинг кийимлари 1930 йилги фуқаролар урушида коммунист партизанлар учун ҳал қилувчи синов бўлган Буюк марш воқеасини эслатади.

Таъсирли суратларнинг бирида ниқоб таққан ҳамширанинг ҳамкасби эгнидаги ҳимоя костюмини тўғирлаётгани акс этган бўлса, бошқа бирида мамлакатнинг энг таниқли тиббий мутахассиси Чжун Наньшаннинг ниқоб устидан оқаётган кўз ёшлари йирик планда кўрсатилган.

Август ўртаси ҳолатига кўра, 20 миллион киши COVID-19 билан касалланган бўлиб, улардан 750 минг киши вафот этган ва бу дунёнинг ҳар бир давлатида мисли кўрилмаган сиёсий, иқтисодий ва тиббий йўқотишларга сабаб бўлди.

Воқеликни яшириш

Бу воқеа ва ҳукуматнинг ижтимоий тармоқлар ҳамда ахборот маконини дезинформация билан тўлдиришга уриниши Пекиннинг глобал соғлиқни сақлаш инқирозига қарши воқеликдаги жавоб чораларидан кескин фарқ қилади.

Агар режим COVID-19нинг қай даражада хавфли эканлиги борасида аввалданоқ шаффоф бўлганида, бутун дунёда унга қарши чора кўриш, минглаб одамлар ҳаётини сақлаб қолиш ва айни дамдаги тартибсизликнинг олдини олишга етарли вақт бўлар эди, дейди халқаро таҳлилчи ва кузатувчилар.

Хитой расмийлари ҳалокатли касаллик авж олаётганини била туриб, деярли бир ҳафта сукут сақладилар ва Ухандаги вируснинг дунё бўйлаб тарқалиб кетишига йўл қўйдилар, деб хабар берган эди Associated Press апрель ойида.

Шу билан бир вақтда АҚШ, Австралия, Янги Зеландия, Канада ва Буюк Британиянинг Five Eyes («Беш кўз») разведка идоралари томонидан тузилган ҳисоботга кўра, Хитой ҳукумати коронавирус эпидемиясига оид далилларни атайин камайтирган ва йўқ қилган.

«The Saturday Telegraph» нашри ихтиёрига келиб тушган 15 саҳифалик ҳисоботда Хитой ҳукумати «бошқа давлатларни хавф остига қўйган ҳолда» вирус ҳақида гап очган шифокорларнинг овозини ўчириш ва уларни «йўқ қилиш», лабораторияларда COVID-19 вирусига оид далилларни йўқотиш ва вакцина устида ишлаётган олимларга вирус намуналарини тақдим этишдан бош тортиш билан маълумотларни яширган.

Инқироз бошланганидан бери, Пекин фитна назарияларини тарғиб қилиш орқали коронавирус пандемияси билан боғлиқ айбни ўзидан соқит қилишга уринмоқда.

10 июнь куни Европа Иттифоқи (ЕИ) эълон қилган ҳисоботда Хитой ва Россия режимлари «йўналтирилган таъсир чоралари ва дезинформация кампаниялари» билан COVID-19 коронавирус пандемияси даврида Европа демократиясига путур етказиш ва уни обрўсизлантиришга уринишда айбланган.

12 июнь куни Твиттер Хитой ҳукуматиниг дезинформация кампаниясига алоқадор 170 мингдан ортиқ аккаунтни ўчиргани ҳақида хабар берган.

Пандемиядан фойда кўриш

Бу орада Хитой компаниялари пандемиядан фойда кўришмоқда.

Касаллик авж олиши ортидан юзага келган тақчиллик ўрнини тўлдириш учун Хитой ниқоб каби шахсий ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришни кучайтиришга уринмоқда. Йилнинг биринчи ярмида нархлар ва талабнинг ортиши туфайли 73 мингдан ортиқ, жумладан, апрель ойида 36 мингта компания ниқоб ишлаб чиқарувчи сифатида рўйхатдан ўтган.

Март-май оралиғида Хитой 50 миллиард донадан ортиқ ниқоб экспорт қилган, бу ўтган йилги ҳажмдан 10 марта кўп, дейди таҳлилчилар.

Таҳлилчиларга кўра, Хитой ниқоб ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи бўлиб қолишни режалаштирмоқда. Вирус дунё бўйлаб тарқалгани сайин йирик компаниялар ишлаб чиқариш ҳажмини оширмоқда.

Бу каби чоралар доирасида Хитой расмийлари Шинжон ҳудудидаги мусулмон озчиликни ҳимоя воситалари ишлаб чиқарувчи заводларда ишлашга мажбурламоқдалар. Бу ҳақда New York Times нашри видеолавҳа тайёрлаган бўлиб, унда юзлаб видеотасвирлар, фотосуратлар ва расмий ҳужжатлар далил ўлароқ келтирилган.

Бу Пекин томонидан олиб борилаётган дастурнинг бир қисми бўлиб, унинг доирасида охирги бир неча йил ичида миллиондан ортиқ мусулмонлар, жумладан этник қозоқлар ва қирғизлар мафкуравий лагерларга юборилган.

Ниқоблар халқаро миқёсда сотилмоқда ёки ташвиқот қуроли ўлароқ ҳадя қилинмоқда. Таҳлилчилар буни вирус билан боғлиқ айбни соқит қилиш йўлидаги «ниқоблар дипломатияси», деб атаганлар. Шунга бўлса-да, паст сифат сабабли бундай юриш ҳам кўнгилсиз оқибатларга олиб келган.

Шундай ҳолатларнинг бирида хитойлик компания шифокорларни ҳимоялашга мўлжалланган ярим миллион дона қалбаки COVID-19 ниқобларни сотган. Компания ниқобларнинг коронавирус беморлари билан ишловчи тиббий ходимлар учун N95 стандартларига жавоб беришини ва расман сертификат олганини ёлғондан даъво қилган.

Хитой ҳукуматининг жиноий ҳаракатлари фақат сохта ва сифатсиз тиббий асбоб-ускуналарни етказиб бериш билан чекланмаган.

Хитой қўлловидаги хакерлар COVID-19ни даволаш ҳамда унга қарши вакцина билан боғлиқ тадқиқотлар ва интеллектуал мулкни ўғирлашга урингани маълум бўлди, АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ҳамда Киберхавфсизлик ва инфратузилма хавфсизлиги агентлиги (CISA) бу ҳақда май ойида огоҳлантирган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2
Сиёсат * Мажбурий 1500 та белги қолди (1500 max)

Коммунистик Хитой бу вирусни атайин яратган бўлиши мумкинми? Биоқуролга жуда ўхшайди-да. Халқи 1,5 миллиард; кичик мамлакатларда касалланганлар сони билан солиштиринг. Энди улар вазиятдан фойдаланиб қолишяпти

Жавоб бериш

Мен бир нарсани тушунмайман: нимага вирус Ухандан ташқарида тарқамади? Шаҳарни ўша заҳоти ёпишмаган эди; биринчи касаллик қайд қилинганидан кейин бир ой ўтиб ёпилган эди. Вирус Хитойнинг ярмига тарқаб кетиши учун етарли вақт бор эди. Норасмий маълумотга кўра, бошқа мамлакатлар профилактика чоралари кўрганига қарамай, у ерларда 80% одам вирус юқтириб бўлган. Хитойликлар вирусни атайин тарқатган. Ишлаб чиқариш, экспортга бутун дунёда путур етди [Хитойдан ташқари]. Уларнинг иқтисоди бу даражада ривожланмаган эди; фақат ниқобларнинг ўзидан миллиардлаб пул ишлашди. Вакциналари ҳам аллақачон тайёр бўлган. Гумонларга сабаб бўлмаслик учун ўз вакциналарини Россиядан кейин дарҳол эълон қилишди. Вакцинанинг экспортини ҳам яқин орада бошлаб юборишади; менимча уларнинг вакцинаси самаралироқ бўлади, чунки улар вирус устидан анчадан бери ишлаб келишган.

Жавоб бериш