Карвонсарой
Терроризм

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Жанаўзенда гумондор экстремистларни ҳибсга олди

Айдар Ашимов

Суратда: 7 август куни Жанаўзенда ноқонуний қурол сақлашда айбланиб ҳибсга олинган икки эркакдан бири. [КНБ]

Суратда: 7 август куни Жанаўзенда ноқонуний қурол сақлашда айбланиб ҳибсга олинган икки эркакдан бири. [КНБ]

НУР-СУЛТOН – 7 август куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Жанаўзенда экстремистик ҳаракатга алоқадорликда гумонланган икки кишини ҳибсга олди, деб хабар беради Миллий хавфсизлик қўмитаси [КНБ].

«Тинтув чоғида бир қанча ашёвий далиллар, жумладан иккита автомат, учта тўппонча, шовқинни пасайтирувчи мослама ва ўқ-дорилар топилди ва мусодара қилинди», дейилади КНБнинг 10 август кунги баёнотида.

Ҳозирги вақтда ноқонуний тарзда ўқотар қуроллар тайёрлаш ва сотиш, шунингдек судланувчиларнинг экстремистик жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан судгача тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари жиноятчилар ва экстремистлар қўлига қурол тушиб қолишининг олдини олиш мақсадида мамлакат ҳудудида ноқонуний қуролларни мусодара қилиш операцияларини ўтказиб келмоқда.

7 август куни Жанаўзен шаҳрида КНБ ходимлари томонидан мусодара қилинган автомат ва тўппончалар. [КНБ]

7 август куни Жанаўзен шаҳрида КНБ ходимлари томонидан мусодара қилинган автомат ва тўппончалар. [КНБ]

Июл ойида Қозоғистон полицияси аҳолидан ноқонуний қуролларни сотиб олиш бўйича ҳар йилги операцияни ўтказди.

Июнда Миллий хавфсизлик хизмати Атирау вилоятида экстремистлардан иборат 5 кишилик жиноий гуруҳ аъзоларини ҳибсга олган эди.

Ундан аввал, май ойида жиноий гуруҳлардан қуролларни мусодара қилишга қаратилган Кару (Қурол) операцияси ўтказилган.

Ўша ойнинг ўзида КНБ Олмаота вилоятида иккита уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйиб, улардан 11 та ўқотар қурол ва ўқ-дорилар мусодара қилди.

Доимий саъй-ҳаракатлар

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мамлакатдаги экстремистик унсурларга нисбатан ҳушёр туришлари керак, дейди нур-султонлик сиёсатшунос Ернар Бейсалиев.

«Ҳуқуқ-тартибот идоралари доимий равишда «уйқудаги» экстремистик бўлинмаларни аниқлаш устида иш олиб бормоқда. Терроризм хавфини ҳеч ким инкор эта олмайди», деди у.

Хавфсизлик органлари ва полициянинг ошкора ютуқлари «айсбергнинг учи» холос, дейди у.

«Менимча, ҳамма нарсани ҳам гапириб, кўрсатиб бўлмайди», деб қўшимча қилди у. «Оператив чоралар, махфий тарзда бузғунчи ташкилотлар сафига кириш... ишлари давом этяпти.»

«Бундай тўхтовсиз кураш ўз самарасини бермоқда – яқин орада Қозоғистонда ҳеч қандай террорчилик хуружи содир этилгани йўқ», деди Бейсалиев.

Жиноий тўдалар ва террорчи гуруҳлар ўзаро ҳамкорлик қилиб туради. Экстремистлар гиёҳванд моддалар савдоси, товон пули талаб қилиш мақсадида одам ўғирлаш ёки ўғирланган нарсаларни сотиш орқали келадиган даромаддан ҳазар қилмайдилар, деди у.

Бундан ташқари, экстремист гуруҳлар ўз манфаатлари йўлида аҳолининг заиф қатламларини нишонга олишда коронавирус пандемиясидан фойдаланмоқда.

«Бугунги пандемия шароитида Интернет орқали ёллаш янада жиддийроқ муаммога айланмоқда», деди у. «Одамлар молиявий қийинчиликларга дуч келмоқдалар. Улар ижтимоий яккаланиш машаққатини тортиб, ижтимоий тармоқларга кўпроқ вақт сарфлашмоқда.»

«Буларнинг бари ёвуз кучларнинг ташвиқоти ва ёллаш фаолияти учун қўл келиши мумкин», деди Бейсалиев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Молиявий муаммолар терроризмга олиб боради, деган бемаъни гапларни қўйинг. Кўп мамлакатларда террор йўлига кирмаган ўта камбағал одамлар бор. Ҳозирги кунда бу асосан радикал диний ҳаракатлар билан боғлиқ бўлган нарсадир.

Жавоб бериш