Карвонсарой
Атроф-муҳит

Олмаотада радиоактив материалларни янада хавфсизроқ сақлашга имкон берувчи иншоот ишга тушади

Айдар Ашимов

Қозоғистон энергетика вазирлигига қарашли ядро физикаси институти сайти, санасиз сурат. [Ядро физикаси институти]

Қозоғистон энергетика вазирлигига қарашли ядро физикаси институти сайти, санасиз сурат. [Ядро физикаси институти]

НУР-СУЛТОН – Октябр ойида Олмаотада ишлатиб бўлинган радиоактив материаллар сақланадиган омборхона қуриб битказилиши кутилмоқда, деб хабар беради Қозоғистон энергетика вазирлиги.

Қурилиш ишлари Қозоғистон ва АҚШ энергетика вазирликлари ҳамда Канаданинг Халқаро ишлар бўйича департаменти билан ҳамкорликда олиб бориляпти.

Вазирликнинг Ядро физикаси институти ихтиёрида ионлаштирувчи нурланиш манбаларини (ИНМ) сақлаш омборхонаси мавжуд, аммо у 80 фоизга тўлиб бўлган.

Янги иншоот тиббий ва саноат мақсадларида ишлатиб бўлинган радиоактив материалларни хавфсиз ва экологик жиҳатдан зарарсиз ҳолатда сақлашга имкон беради, дейилади Ядро физикаси институти сайтида.

Қозоғистон, АҚШ ва Канада вакиллари 27 май куни Олмаотадаги радиоактив материаллар сақланадиган омборхонанинг қурилиш майдончасида суратга тушмоқдалар. [Ядро физикаси институти]

Қозоғистон, АҚШ ва Канада вакиллари 27 май куни Олмаотадаги радиоактив материаллар сақланадиган омборхонанинг қурилиш майдончасида суратга тушмоқдалар. [Ядро физикаси институти]

«Ядро физикаси институти, масалан, миллий соғлиқни сақлаш тизими учун диагностикада қўлланилувчи радиофармацевтик дори воситаларини ишлаб чиқаради. Ишлатиб бўлинган ИНМни ишончли сақлашга ёрдам берадиган иншоотнинг барпо этилиши бугунги куннинг муҳим вазифасидир», дейди Оқмола вилоятидан келган ядровий физик Абубакир Содиқулов.

Ушбу соҳада замонавий технологиялардан фойдаланиш «ҳаётий муҳим аҳамиятга эга ва хавфсизлик билан чамбарчас боғлиқ», деди у.

«Вилоятда бундай радиоактив материалларни қайта ишланиши ёки кўмилишига қадар узоқ муддат ва хавфсиз сақлашга имкон берадиган замонавий омборхона мавжуд эмас», дейди «Бейбит аспан» (Тинч осмон) нодавлат ташкилоти раҳбари, таразлик Руслан Сексенбаев.

«Барча керакли замонавий ускуналар билан жиҳозланган бундай иншоотни барпо этишда хорижий шерикларнинг ёрдами жуда муҳим ва долзарб», деди у.

Бу моддалар ёвуз ниятли кучлар қўлига тушган тақдирда, катта ҳудудга хавфли радиоактив материалларни тарқатиб юборишга қодир бўлган «қўлбола бомбалар» ясаш учун ишлатилиши мумкин.

Ҳамкорлик тарихи

Қозоғистоннинг АҚШ билан ядровий хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлиги узоқ тарихга эга. 1993 йилда ядровий қуролларни тарқатмасликка оид қўшма дастур кучга кирган.

Семипалатинск (Семей) полигонидаги 181 та ядровий синов туннелларининг ёпилиши ушбу ҳамкорликнинг муҳим босқичларидан бири бўлган. Бу иншоотлар Совет Иттифоқи парчаланилиши ортидан қаровсиз қолдириб кетилган эди.

2019 йил охири ва жорий йил бошида Қозоғистонда АҚШ мудофаа ва энергетика вазирликларининг йўриқчилари иштирокида қозоқ мутахассислари учун ядро хавфсизлиги бўйича иккита ўқув семинари ўтказилди.

Январ ойида шарқий Қозоғистонда АҚШ мудофаа таҳдидларини камайтириш агентлиги ва Қозоғистон миллий ядро маркази томонидан советлардан қолган ядро иншоотларининг жисмоний ҳимояси учун мўлжалланган тренинг марказининг қурилиши якунланди.

Қозоғистон, шунингдек Европа Иттифоқи билан ҳам ядровий хавфсизлик ва оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик борасида ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500