Карвонсарой
Иқтисодиёт

Кремлнинг импорт божи қозоғистонлик қадоқ ишлаб чиқарувчиларга муаммо туғдирмоқда

Анна Карр

Кўкчатовдаги «Новопек» полиэтилен қадоқлар ишлаб чиқарувчи завод, 20 март. (Рустем Усмановнинг шахсий архиви)

Кўкчатовдаги «Новопек» полиэтилен қадоқлар ишлаб чиқарувчи завод, 20 март. (Рустем Усмановнинг шахсий архиви)

ОЛМАОТА – Кремль Евроосиё божхона иттифоқига (ЕОБИ) аъзо давлатлар учун импорт божини жорий қилмоқчи. У жорий қилинган тақдирда, Қозоғистондаги қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компаниялар иттифоқ аъзоси бўлмаган мамлакатлардан хомашё сотиб олишдан фойда кўрмайдилар.

ЕОБИ – Россия етакчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатларнинг Божхона иттифоқидир.

Февраль ойида Россия ЕОБИга аъзо бўлмаган давлатлардан полимер хомашёси импорти учун 6,5 фоизлик бож жорий қилиш таклифини билдирди, дейди Қозоғистон қадоқлаш корхоналари уюшмаси раҳбари Нур-Султонлик Батирбек Аубакиров.

Унинг айтишича, бундай хомашё материаллари озиқ-овқат, истеъмол маҳсулотлари ва қурилиш моллари қадоқларини ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўтган йил декабрда Кўкчатовдаги «Новопек» заводига ташриф буюрган. (Рустем Усмановнинг шахсий архиви)

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўтган йил декабрда Кўкчатовдаги «Новопек» заводига ташриф буюрган. (Рустем Усмановнинг шахсий архиви)

Бундай қадоқларнинг аҳамияти коронавирус пандемияси даврида янада ортди, зеро улар одамларни касалланишдан ҳимоя қилади, деб қўшимча қилди у.

«Бож ҳақидаги муҳокамалар феврал ойида бошланган ва кейинроқ янада фаоллашди. Бугун инсайдерлик манбаларим орқали Евроосий иқтисодий комиссияси (ЕОИИнинг ижрочи органи) божни маъқуллаганини билдим», деб айтган Аубакиров 18 август куни.

Бу чора ҳали расман тасдиқланмаган.

Аубакировга кўра, 2015 йилда қозоғистонлик қадоқчилар хомашёни россиялик таъминотчилардан сотиб олишни бошлаганлар, аммо улар сифатсиз бўлиб чиққан.

Ўша йили мавсум авжида (баҳор, ёз ва куз ойлари) хомашёга талаб кучайган вақтда россиялик таъминотчилар хомашёни биринчи навбатда Россия заводларига етказиб берди, кейин эса нархларни ошира бошлади, деди у.

Натижада қозоғистонлик қадоқчилар Швейцария, Саудия Арабистони ва Жанубий Кореядан ҳамкорлар излай бошладилар. Уларнинг хомашёси нафақат сифатли, балки Россиядан анча узоқда бўлишига қарамай, нархи Россияникидан арзонроқ ҳам эди, деди Аубакиров.

«Бошқача қилиб айтганда, Россия билан ишлаш қанчалик фойдасиз эканлиги маълум бўлди», деди у.

«Аммо уларнинг нефть-кимё заводлари ўз мижозларини бой бераётганини англаб етгач, россияликлар ЕОБИга аъзо бўлмаган давлатлардан полипропилен хомашё маҳсулотлар импорти учун 6,5 фоиз бож жорий этиш таклифини илгари сура бошлади. Улар бизни россиялик заводларга қайтармоқчи», деди Аубакиров.

Импорт божи туфайли хорижлик ҳамкорлар ўз маҳсулотлари нархини оширишга мажбур бўладилар, қозоғистонлик қадоқчилар россиялик таъминотчилардан воз кечадиган бўлсалар, кўпроқ харажат қиладилар, деди у.

Қадоқлаш нархи ошса, озиқ-овқат ҳам қимматлашади, дейди Аубакиров. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши қозоғистонлик истеъмолчиларнинг кармонига зиён келтиради ва Қозоғистон айни дамда курашаётган инфляцияни кучайтириб юбориши мумкин, деб қўшимча қилди у.

Бунга муқобил равишда хорижий рақобатга дуч келган қадоқчилар нархларни оширишдан бош тортиши, банкрот бўлиши ва уларнинг ўрнига Қозоғистонга Россия компанияларининг кириб келишига йўл қўйиши керак, деб қўшимча қилди Аубакиров.

«Айни вазиятда нафақат Қозоғистон, балки Қирғизистон ва Арманистон ҳам зарар кўриши мумкин, чунки улар ҳам ЕОБИ таркибида ва бож улар учун ҳам амал қилади», деди у.

Россия манфаатлари ҳукмрон

«Novopek Group» қадоқлаш компанияси бош директори, кўкчатовлик Рустем Усмановга кўра, бундай божлар полимер хомашё маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи Россиянинг йирик нефт-кимё заводларигагина фойда келтиради, кичик ва ўрта бизнес соҳасидаги қозоғистонлик қадоқлаш корхоналари ундан фақат зарар кўрадилар.

«Биз қўшни давлатлар – Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар билан рақобат туфайли нархларни ошира олмаймиз», деди у.

«Улардаги нарх арзон бўлади, чунки улар Божхона иттифоқи таркибига кирмайдилар, яъни уларга нисбатан божлар қўлланилмайди», дейди Усмонов.

«Бундан ташқари, бу мамлакатларда Россия корхоналарининг маҳсулоти Қозоғистонга нисбатан анча арзон сотилади, чунки бошқа хомашё этказиб берувчилар билан рақобат мавжуд», деди у.

Натижада бу йўналишдаги қозоқ компаниялари касодга учрабгина қолмай, балки ҳукуматнинг кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун сарфлаётган йирик маблағлари ҳам беҳуда кетиши мумкин.

Буларнинг бари Божхона иттифоқида Россиянинг манфаатлари бирламчи эканлиги сабаблидир, деди у.

Иқтисодий мажбурлаш сиёсати

Бу Россия режимининг иқтисодий мажбурлов чоралари Қозоғистон саноатига зарар етказиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас.

2018 йил бошида Москва Евроосиё Божхона Иттифоқига (ЕОБИ) кирмайдиган давлатлардан шакар импортига божларни оширган эди.

Импорт ва маҳаллий ишлаб чиқаришнинг тўхтаб қолгани Қозоғистонда шакар танқислигини келтириб чиқарди, натижада ишлаб чиқарувчилар Россиядан шакар сотиб олишга мажбур бўлдилар ва маҳаллий бизнес хавф остида қолди.

Ўтган йил октябр ойида ЕОБИ томонидан қабул қилинган қоидалар ички бозорда сут сотаётган маҳаллий қозоқ фермерларини сиқиб чиқариб, Россия корхоналаригагина фойда келтиради, дейди кузатувчилар.

Айни вақтда Москва иттифоққа аъзо давлатлар имкониятларини чеклаб, ўз таъсирини иқтисодий масалалардан ташқарига кенгайтиришга уринмоқда.

Май ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ЕОИИнинг соғлиқни сақлаш, таълим ва фан каби соҳалардаги таъсирини кенгайтирувчи лойиҳа таклифини рад этган.

«2025 йилга мўлжалланган Евросиё иқтисодий интеграциясини ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари» деб номланган бу таклиф 19 май куни муҳокама қилинган.

«(Бу каби) масалаларнинг тўлиқ Евросиё иқтисодий комиссияси ваколатига киритилиши унинг иқтисодий йўналишини сезиларли ўзгартириши мумкин, бошқача қилиб айтганда, бу ЕОИИ ташкил этилишига оид 2015 йилги шартнома моҳиятига зиддир», деб айтган Тўқаев саммит чоғида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу иттифоқ мамлакатимизни вайрон қилмасидан уни дарҳол тарк этишимиз керак! Россия фақат ўз манфаати ва фойдаси учун лоббизм билан шуғулланади; биз уларни қизиқтирмаймиз!

Жавоб бериш

Россия билан иттифоқдан чиқиш керак

Жавоб бериш

Иттифоқни тарк этиш керак. Бўқ есин*))

Жавоб бериш