Карвонсарой
Саломатлик

Сўровнома: аксар россиялик шифокорлар Москванинг COVID-19 вакцинасини қўлламаслик тарафдори

Карвонсарой

Россиянинг биотехнологик компанияси ходими коронавирус вакцинаси устида ишламоқда, Санкт-Петербург, 20 май. (Ольга Мальцева/AFP)

Россиянинг биотехнологик компанияси ходими коронавирус вакцинаси устида ишламоқда, Санкт-Петербург, 20 май. (Ольга Мальцева/AFP)

МОСКВА – Россияда ўтказилган сўровда иштирок этган шифокорларнинг ярмидан кўпи Кремлнинг мақталган коронавирус вакцинасига ишонмаслигини айтди. Бу ҳақда шу ой аввалида Россиянинг «РБК» нашри хабар берган.

3040 нафар доктордан 52 фоизи «Спутник V» вакцинасини беморларда қўлламаслик тарафдори.

Вакцинага ишончсизликни изоҳлаб бериш сўралганида, иштирокчиларнинг 66 фоизи унинг самараси ҳақида етарли маълумотлар йўқлигини, 48 фоизи эса муваффақиятли вакцинани бу қадар тез ишлаб чиқиш имконсизлигини таъкидлашган.

«РБК» нашрига Россия президентининг иттифоқдоши Григорий Березкин раҳбарлик қилади. Давлат оммавий ахборот воситаси бўлган «РИА» чоп этган сўровнома натижалари ҳам салбий бўлиб чиққан.

Тиббий мутахассислар огоҳлантирмоқда

11 август куни вакцина катта дабдаба билан эълон қилингач, дунё бўйлаб соғлиқни сақлаш соҳаси олимлари ва тиббий таҳлилчилар ўз хавотирларини билдира бошладилар. Уларнинг кўпчилиги тасдиқланмаган ва синовдан ўтмаган дори воситаси COVID-19 вирусидан ҳам хавфли бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Вакцинани ишлаб чиқарган давлат бошқарувидаги Гамалея институти тадқиқотчилари бир неча ой аввал дори намунасини ўзларида синаб кўрганлар, мутахассислар бу қадамни одамлар устидан ноанъанавий ва шошилинч синов ўтказиш дея баҳолашган.

Кузатувчилар россиялик тадқиқотчиларнинг натижа кўрсатиш учун пала-партиш иш олиб бораётгани ва ҳукумат босими остида ҳаракат қилаётганидан хавотирда.

«Хавфсиз бўлмаган ва самарасиз ҳар қандай вакцинанинг билвосита зарари ҳозирги муаммоларимизни янада кучайтириши мумкин», дейди Лондоннинг Империал коллежи иммунологи Денни Альтман.

COVID-19 вирусига чалинганлар ва вафот этганлар сони бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлардан бири бўлган Эрон ҳам 18 август куни Россиянинг коронавирусга қарши ишлаб чиқарган хавфсиз вакцинасига ишончсизлик билдирди.

«Вакцина қўлланилиши учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби ҳақиқий ва мустақил ташкилотлар ўз фикрини билдириши ва уни тасдиқлаши керак, аммо ҳали бундай бўлмади», деб айтган Эроннинг COVID-19га қарши кураш бўйича ишчи гуруҳи аъзоси Алиризо Залий Теҳронда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Мақтовли вакциналарини ўзлари ҳам ишлатгиси йўқ.

Жавоб бериш