Намойишлар

Навалнийга суиқасд ва Беларусдаги тартибсизлар ўртасида боғлиқлик кўринмоқда

Карвонсарой ва AFP

image

13 август куни Беларуснинг Киевдаги элчихонаси олдида оқ ва қизил тутунли шашкаларни ёқаётган Беларус диаспораси аъзолари ва украиналик фаоллар. Намойишчилар 9 август куни Беларусда бўлиб ўтган президент сайловларининг сохталаштирилганига норозилик билдирганлар. Юз минглаб намойишчилар тирик занжир бўлиб саф тортишди ва Беларусда президент Александр Лукашенконинг қайта сайланиши билан боғлиқ баҳсли вазият ва бунинг ортидан юзага келган полициянинг шафқатсиз тазйиқларига қарши тинч намойишлар ўтказишган. [Сергей Супинский/AFP]

БЕРЛИН – Беларус президенти Александр Лукашенконинг қайта сайланганига қарши тобора кучайиб бораётган намойишлардан хавотирга тушган Россия президенти Владимир Путин Кремлнинг асосий танқидчиси Алексей Навалнийни заҳарлашга буйруқ берган кўринади, дейди таҳлилчилар.

Душанба (24 август) куни Берлиндаги таниқли Шарите касалхонасининг маълум қилишича, Навалнийда ўтказилган клиник синовлар унинг «холинэстераза ингибиторлари гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини» кўрсатган.

Холинэстераза – марказий асаб тизимининг нормал ишлаши учун зарур бўлган ферментдир. Унинг ингибиторлари нафақат дорилар ва инсектицидларни, балки зарин каби асабни фалажловчи воситаларни тайёрлашда ҳам ишлатилади.

Мухолифат етакчиси 22 август куни Томскдан Москвага парвоз чоғида аҳволи оғирлашганидан сўнг Германияга олиб келинган эди. Навалнийнинг тарафдорлари унинг аэропортда ичган чойдан заҳарланганини айтиб, бу иш ортида Путин турганига ишора қилмоқдалар.

image

Россиялик мухолифатчи Алексей Навалний ўтган йилнинг 29 сентябр куни Москвада нутқ сўзламоқда. Россияда Навалнийнинг миллионлаб тарафдорлари бўлиб, уларнинг кўпчилиги Беларусдаги ғалаёнлар ва яқинда унинг ҳаётига қилинган суиқасд ўртасида боғлиқлик бор, деб ҳисоблайди. [Юрий Кадобнов/AFP]

image

Суратда: Диоксин билан ҳалокатли заҳарланишдан сўнг даволаниб чиққан украиналик сиёсатчи Виктор Юшченко 2004 йил 12 декабр куни Вена шаҳридаги (Австрия) клиникада ўтказилган матбуот анжуманида. Юшченко Россия қўлловидаги номзод билан президентлик учун рақобатлашаётганида заҳарланган эди. У 2005 йилдан 2010 йилгача президентлик қилган. [МАРКУС ЛЕОДОЛТЕР/AFP]

Европа Иттифоқининг (ЕИ) ташқи сиёсат масалалари бўйича раҳбари Хосеп Боррелл душанба (24 август) куни Россия ҳукуматини заҳарланиш ҳолати юзасидан «мустақил ва ошкора тергов» ўтказишга чақирди.

«Европа Иттифоқи жаноб Навалнийнинг ҳаётига қилинган суиқасд ҳолатини кескин қоралайди», деди Боррелл.

«Россия халқи ва халқаро ҳамжамият жаноб Навалнийнинг заҳарланиши ортидаги фактларни талаб қилмоқда. Айбдорлар жавобгарликка тортилиши лозим».

Германия канцлери Ангела Меркел ҳам бу фикрга қўшилиб, айбдорларни аниқлаш ва жавобгарликка тортишни талаб қилди.

«Акс-садо»

Россияда миллионлаб тарафдорларига эга Навалний Лукашенкога қарши чиқаётган Беларус халқини очиқчасига қўллаб-қувватлаган.

Беларус ва дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги миллионлаб фуқаролар Лукашенконинг яқинда эълон қилинган сайловлардаги ғалабаси «сохталаштирилган» дея уни рад этдилар.

Марказий Осиёликлар томонидан қўллаб-қувватланган Беларусдаги норозилик ҳаракатлари Кремл учун Путиннинг рейтинги кескин тушиб кетган ноқулай бир вақтга тўғри келди, зеро у бир вақтлар унга содиқ бўлган сиёсий таянчнинг қатъий ва кучайиб бораётган норозилигига дуч келмоқда.

Оммавий намойишлар ва ҳибслар Москва ҳамда мамлакатнинг бошқа ҳудудларида одатий ҳолатга айланиб қолган, зеро бугунги кунда Россиянинг шарқий қисмида мисли кўрилмаган норозиликлар кузатилмоқда.

Россия ва америкалик журналист, жамоатчилик фаоли Маша Гессеннинг айтишича, Навалнийнинг айнан шу пайтда заҳарланганини «доимий равишда ўзининг собиқ мустамлакаларини кўзгудек кўрадиган Кремлнинг Беларусдаги норозилик намойишларидан даҳшатга тушгани» билан изоҳлаш мумкин.

«Белоруслар ҳатто сайлов институтлари, ОАВ ва фуқаролик жамияти тўлалигича автократга тобе бўлган мамлакатда ҳам одамлар ҳокимият учун даъвогарлик қилишга ва «бас, етар» дея олишга қодир эканлигини кўрсатди», деб ёзади Гессен The New Yorker нашридаги мақоласида.

Россияда 20 йилдан бери ҳокимият тепасида бўлган Путин ҳам айнан шу нарсадан қўрқади, дейди у.

Навалнийга қилинган ҳужум Путин режимининг қўшни Беларусда кучайиб бораётган мухолифат олдида қанчалик заиф ва қўрқувда эканлигини кўрсатмоқда.

«Аниқки, Россияда акс-садо бериши мумкин бўлган Белорусдаги халқ инқилоби Владимир Путин кўришни истайдиган нарса эмас», дейди Вашингтондаги Европа сиёсати таҳлил марказининг (CEPA) штатсиз ходими Катя Глод AFP нашрига.

Путин Лукашенко билан уч ҳафта олдин норозилик намойишлари бошланганидан бери яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда ва Россия раҳбари хавфсизликни таъминлаш учун ҳар томонлама ёрдамни, ҳатто аскарлар киритиш эҳтимолини ҳам таклиф қилган.

Заҳарланган ва йўқ қилинган Кремл танқидчилари

Тарихда Кремлнинг Россия ичида ва ундан ташқаридаги мухолифат вакилларини заҳарлаши ҳамда ички ва ташқи манфаатлар йўлида гибрид уруш тактикасидан фойдаланишига оид мисоллар талайгина.

2018 йилнинг март ойида Британиянинг Солсбери шаҳрида асабни фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланиш туфайли собиқ россиялик икки тарафлама жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи ҳушсиз ҳолатда топилган эди.

Кремлга қарши бўлган фаоллардан бири Петр Верзилов 2018 йил сентябр ойида тиббий препаратдан заҳарланиш ортидан касалхонага ётқизилган.

2006 йил ноябр ойида Кремлга қарши сўзлаган собиқ россиялик жосус Александр Литвиненко Лондондаги меҳмонхоналарнинг бирида юқори радиоактив Полоний-210 моддаси қўшилган чой ичиши ортидан вафот этган.

Шунингдек, 2004 йил сентябр ойида президентлик учун Россия қўлловидаги номзодга қарши кампания олиб борган украиналик сиёсатчи Виктор Юшченко катта миқдордаги диоксин моддасидан заҳарланиш туфайли ҳалок бўлаёзган эди.

Кремлнинг бошқа фирибгарликлари қаторида 2018 йилнинг май ойида Кремл мухолифларидан бўлган россиялик журналист Аркадий Бабченконинг ҳаётига суиқасд фитнаси ва 2018 йил апрелда «Вагнер» гуруҳининг Суриядаги фаолиятини батафсил ёритган россиялик журналист Максим Бородиннинг сирли ўлими билан боғлиқ воқеаларни мисол ўлароқ келтириш мумкин.

Бородин Екатеринбургдаги бешинчи қаватда жойлашган квартираси балконидан «йиқилиб тушган» эди.

Бу воқеаларнинг аксарияти Россиянинг шубҳали ҳарбий разведка идораси ва мазкур идора қўмондонлиги остида Кремлнинг Европада ва ундан ташқаридаги гибрид урушларини олиб борувчи махсус гуруҳ билан алоқадор.

Бу гуруҳ 29155-бўлинма номи билан машҳур.

У бошқа ҳаракатлар қатори Молдовада тартибсизликлар келтириб чиқариш кампанияси, Болгарияда қуролфурушнинг заҳарланиши, Черногориядаги муваффақиятсизликка учраган давлат тўнтариши ва Скрипалларга қилинган суиқасд уринишига алоқадор деб ишонилади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5
Сиёсат * Мажбурий 1500 та белги қолди (1500 max)

Аник харакат килинмаяпти.

Жавоб бериш

Кремл фоҳишалари аллақачон ашаддий террористларга айланиб бўлишган. Тинмай ўғирлик қилишяпти, тўймаяпти. Бутун Россияни талон-тарож қилишди. Навалний эса уларни фош этиб, бунга тўсқинлик қиларди. Шунинг учун уни заҳарлашди. Навалний, яша!

Жавоб бериш

Ҳар нарса ёзиш ва гапириш мумкин. Ўзим кўрмагунча ишонмайман. Янги президентнинг «тайинланиши» «қандай натижа кўрсатади» ҳали номаълум. Янги президентимиз бир нарсага сўз берган эди, аммо ҳозир мамлакатни бўлиб-бўлиб сотяпти, америкаликлар лаборатория қуришларига рухсат берди. Сабаби бўлса аниқ. 20 йилда фарзандларимиз ва набираларимиз иккинчи даражали одам бўлиб қолишади, балки ундан олдин бўлар. Ватан урушида «жигарранг вабога» (фашизм) қарши мустақиллигимиз учун курашган бўлсак, ҳозир эса жангсиз давлатимизни сотяпмиз. Ҳозир СССР ортидан йиғлаётганимиздек, Лукашенко ва Путин учун ҳам кўз ёш тўкамиз.

Жавоб бериш

Нега Россияга кета қолмайсан?

Жавоб бериш

Россия давлат тугаб бўлган. Ўрнида катта террорчилик гуруҳи. Террорчилар эса йўқ қилиниши керак.

Жавоб бериш