Карвонсарой
Терроризм

Халқаро мутахассислар экстремизмга қарши курашда Қозоғистон суд тизими салоҳиятини кучайтиради

Айдар Ашимов

Террорчи-гумондорни олиб кетаётган ҳуқуқ-тартибот ходимлари, Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитасининг (КНБ) «Адолат» видеолавҳасидан олинган кадр.

Террорчи-гумондорни олиб кетаётган ҳуқуқ-тартибот ходимлари, Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитасининг (КНБ) «Адолат» видеолавҳасидан олинган кадр.

НУР-СУЛТОН – Халқаро ва қозоғистонлик ҳуқуқшунос-мутахассислар Қозоғистон судларининг экстремизм ва террорчиликка доир ишларини кўриб чиқиш салоҳиятини кучайтириш масаласини онлайн тарзда муҳокама қилдилар.

Америка ҳуқуқшунослар уюшмасининг Қонун устуворлиги ташаббуси (ABA ROLI) ва Қозоғистон олий суди вакиллари АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида 20 август куни онлайн давра суҳбатини ўтказдилар.

Муҳокамада 90 нафар мутахассис, жумладан судьялар, адвокатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Жанубий Осиёда терроризм билан боғлиқ жиноий жавобгарлик тизимини ислоҳ қилиш устида БМТ билан бирга ишлаган АҚШнинг Миннесота округи бош судяси Джон Танхейм ва эстониялик судья Павел Гончаров тадбирнинг асосий маърузачилари бўлишди.

20 август куни Америка ҳуқуқшунослар уюшмасининг Қонун устуворлиги ташаббуси ва Қозоғистон олий суди вакиллари АҚШ халқаро тараққиёт агентлигининг молиявий кўмагида онлайн давра суҳбатини ўтказдилар. (Қозоғистон олий суди)

20 август куни Америка ҳуқуқшунослар уюшмасининг Қонун устуворлиги ташаббуси ва Қозоғистон олий суди вакиллари АҚШ халқаро тараққиёт агентлигининг молиявий кўмагида онлайн давра суҳбатини ўтказдилар. (Қозоғистон олий суди)

Терроризм ва қонун устуворлиги

Олий суднинг жиноят ишлари бўйича суд ҳайъати раиси Абдурашид Жукенов террорчилик ва экстремизмга қарши самарали кураш бўйича Қозоғистонда қабул қилинаётган чоралар хусусида сўз юритди.

«Янги муаммолар ҳам қонунчиликда, ҳам суд амалиётида муносиб жавоб чоралари кўришни тақозо этади. Сўнгги йилларда террорчилик, экстремизм ва радикал ғояларни тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди», деди у.

Ҳукумат террорчиликда айбланганларни фуқароликдан маҳрум қилишга ҳақли деди у 2017 йилги қонунни назарда тутиб.

Қозоғистон, Қўшма Штатлар ва эстониялик судьялар ўз мамлакатларининг террорчилик ва экстремизм йўналишидаги суд амалиётини сўзлаб бердилар.

«Сўнгги йилларда террор балоси Қозоғистонни ҳам четлаб ўтмади – Атирау, Ақтўбе ва Олмаотада террорчилик ҳужумлари юз берди. Террорчиликка доир жиноий ишларини мунтазам ўрганилиб, умумлаштириб борилмоқда. Натижада судлар бундай ишларни кўриб чиқишда муаммоларга дуч келмайдилар», дейди Қозоғистон Олий суди судьяси Ерден Арипов.

Жорий йилнинг дастлабки етти ойида Қозоғистон судлари террорчиликка оид 33 та ишни кўриб чиққанлар. Уларнинг кўпчилиги ташвиқот билан боғлиқ, деди у.

Америкалик судья Танхейм «экстремизм» ва «терроризм» тушунчаларининг фарқи, Қўшма Штатларда радикаллашувга қарши кураш, Америка суд тизимининг ўзига хослиги ҳақида маъруза қилди.

«Террорчиликка оид жиноятнинг оғирлигига қараб умрбод қамоқ ёки ўлим жазоси берилиши мумкин. Кичик жиноятлар учун жарима ёки синов муддати жазолари белгиланиши мумкин», деди Танхейм.

Қўшма Штатлардаги террорчилик жиноятларининг аксарияти террорчи гуруҳларга моддий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ, деб қўшимча қилди у.

«Махфий ахборот ёки вояга етмаганлар билан алоқадор бўлмаган барча суд жараёнлари очиқ тарзда ўтади», деди Танхейм.

Иштирокчилар жиноий ишларда, жумладан террорчиликка оид ишларда оқлов ҳукмини чиқариш масаласини ҳам муҳокама қилишди.

«Жамоатчилик баъзан судларни оқлов ҳукмларининг камлиги учун айблайди. Аммо, оқлов ҳукми чиқарилган ишларда айбловлар дастлабки тергов жараёнидаёқ бекор қилингани сабабли улар судгача етиб бормайди», деди Қозоғистон олий судининг яна бир судяси Гулнара Мергенова.

Гончаров Эстония ва Қозоғистон қонунларини таққослаб, уларда кўп ўхшашликлар борлигини қайд этар экан, Россияда оқлов ҳукмларининг улуши жуда кичик – 0,3% даражасида эканлигини таъкидлаган.

Баҳолар ва хулосалар

Иштирокчилар ўз чиқишлари ўтган йили Қозоғистонга расмий ташрифи чоғида БМТнинг терроризмга қарши кураш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн томонидан берилган тавсияларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

«Олий суд USAID ва Америка ҳуқуқшунослар уюшмаси билан анчадан бери самарали ҳамкорлик қилиб келади. Халқаро тажриба тақдимоти қозоғистонлик судьялар учун жуда фойдали», деди Жукенов тадбир якунида.

Давра суҳбатининг мавзуси «Қозоғистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналиши ҳисобланади», деди Қозоғистондаги ABA ROLI ваколатхонаси раҳбари Шолпан Ташмухамбетова.

Давра суҳбати экспертлар фикрлари ва жанговар экстремизмга қарши кураш бўйича энг илғор тажрибани баҳам кўриш учун платформа бўлиб хизмат қилди, дейилади Нур-Султондаги АҚШ элчихонаси баёнотида.

«Тадбир давомида билдирилган барча таклиф ва фикр-мулоҳазалар синчковлик билан ўрганилиб, улар асосида аниқ тавсиялар ишлаб чиқилади», деб хабар беради Олий суд матбуот хизмати.

ABA ROLI дунёнинг 60 мамлакатидаги ҳамкорлар билан адолатни қарор топтириш, иқтисодий имкониятлар яратиш ва инсон қадр-қимматига нисбатан ҳурматни таъминловчи барқарор институтлар ва жамиятларни барпо этиш йўлида ишламоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500