ИСЛОМОБОД – Исёнчилар томонидан Афғонистонда яна бир портлаш содир этилар экан, афғон ҳукумати ва Толибонларнинг мамлакат ичида тинчлик музокараларини бошлаши юзасидан босим кучаймоқда.
Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший сешанба (25 август) куни Исломободда бўлиб ўтган учрашувда Толибон етакчиларини Кобул билан тўхтаб қолган тинчлик музокараларини қайта бошлашга чақирди.
Қурайший «АҚШ ва Толибон ўртасидаги тинчлик битимининг тўлиқ ҳажмда бажарилиши муҳим эканлигини таъкидлаб, тез орада Афғонистон ичидаги музокаралар бошланиши учун замин яратди», дейилади Покистон ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида.
Толибон бош музокарачиси Шермуҳаммад Аббос Станекзай чоршанба (26 август) куни «Машъал» радиосига берган интервьюсида Афғонистон ичидаги музокаралар исталган вақтда бошланиши мумкинлигини айтган.
Толибон: давомли зўравонликлар
Гуруҳ асосчиларидан бири, саккиз йил Покистонда ҳибсда бўлган Мулла Абдулғани Бародар етакчилигидаги Қурайший ва Толибон делегацияси учрашуви Балх вилоятидаги Афғонистон миллий армияси базаси яқинида содир этилган Толибонларга мансуб худкушлик ҳужумидан кейин ўтказилган.
25 август куни юз берган бошқа ҳодисада қуролли шахслар Кобулда афғонистонлик актриса ва аёллар ҳуқуқлари фаоли Саба Саҳарга қарата ўқ узиб, уни жароҳатлаганлар.
Толибонлар ва Афғонистон ҳукумати музокаралар шу ой аввалида нишонланган Қурбон ҳайитидан кейиноқ бошланишини айтганлар, аммо бу жараён маҳбуслар алмашинуви сабабли тўхтаб қолган.
«Толибонларнинг зўравонликни давом эттириши тинчликка эришиш имкониятларига тўсқинлик қилади», деб айтган президент Ашраф Ғани матбуот котиби Сиддиқ Сиддиқийга кўра.
«Толибонлар афғонлар билан жанг қилиш ва уларни ўлдиришни бас қилиши, оташкесимга рози бўлиб, Афғонистон ҳукумати билан тўғридан-тўғри музокараларни бошлаши керак», деб қўшимча қилган у.
Афғонистон миллий ярашув кенгаши раҳбари Абдуллоҳ Абдуллоҳ Покистон бош вазири Имрон Хон таклифини қабул қилгани ва яқин орада Покистонга ташриф буюришни режалаштираётганини айтиб ўтган.
«Умид қиламизки, Покистон ҳукумати амалий ҳаракатларни бошлайди ҳамда Афғонистон ҳукумати ва халқаро ҳамжамият билан минтақада барқарорликка эришиш йўлида ҳамкорлик қилади», деб айтган у AFP нашрига.
Покистоннинг таъсири
Покистон жангари гуруҳга маслаҳат бера олади, аммо унинг таъсири чекланган, дейди лондонлик журналист Сами Юсуфзай.
«Ҳа, учрашув қандайдир таъсирга эга бўлади, аммо халқаро ҳамжамият кутган даражада эмас, айниқса Покистоннинг Толибонларга таъсирини инобатга оладиган бўлсак», деди у. «Аммо Покистонда Толибонларга маслаҳат бериш учун салоҳият бор, Толибонлар баъзан уни қабул қилишади, баъзан йўқ.»
Шу билан бирга, Толибонлар «баъзан кичик масалаларда ҳам ён бермайди», деб қўшимча қилди у. «Масалан, Кобул ҳукумати 5000 дан ортиқ маҳбусни озод қилганида» Толибонлар олтита муайян маҳбуснинг эркинликка чиқарилишига эътибор қаратганлар.
«Улар олдинга қараб силжиши керак», деди у Толибонларни назарда тутиб.
«АҚШнинг Афғонистондаги ярашув жараёни вакили Залмай Ҳалилзодга кўра, Толибонлар бу олти маҳбуснинг озод этилишини талаб қилиш ўрнига, эркинликка чиқариш лозим бўлган маҳбусларнинг муқобил рўйхатини таклиф қилишлари керак эди. Чунки уларга нисбатан Европа мамлакатларининг огоҳлантириши мавжуд бўлган», деб қўшимча қилди у.
«Шу сабабли Афғонистон ичидаги музокаралар кейинга қолдирилди. Ҳозир эса Покистон бунга ечим изламоқда ва халқаро ҳамжамиятга Толибонлар устидан таъсирга эга эканлигини кўрсатмоқчи», деди у.
«Исломободдаги сўнгги сиёсий воқеалар – тўғри йўналишдаги оқилона қадам», деди исломободлик журналист Ашраф Али. «Аммо воқеаларнинг ижобий ривожи уруш туфайли вайрон бўлган Афғонистон ва бутун минтақада барқарор тинчлик томон йўл очиш учун барча минтақавий иштирокчилардан саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни талаб қилади.»
Зўравонликдан тийилишга чақириқ
Исломободнинг саъй-ҳаракатлари билан бир қаторда, Афғонистоннинг Бағлон вилоятидаги диний арбоблар ва жамоатчилик фаоллари Афғонистон ҳукумати ва Толибонни муҳаррам ойининг ҳурмати учун Афғонистонда тинчлик музокараларини бошлашга чақирмоқда.
Улар 21 август куни Бағлон вилоятининг Пули-Хумри шаҳрида йиғилдилар.
«Биз Толибон биродарларимиздан Муҳаррам ойи арафасида бегуноҳ одамларни ўлдиришни бас қилиб, тинчлик музокаралари бошлашни сўраймиз», деди Бағлон вилоятидаги диний уламо Мавлавий Себҳатулло Муслим.
«Халқаро ҳамжамият ва Афғонистон ҳукумати сизларга келиш ва ўз режаларингизни муҳокама қилиш учун барча имкониятларни тақдим этди», деди Муслим Толибонга мурожаатида.
Мажлисда қатнашган бошқа бир уламо Мавлавий Абдул Ғайёс Аҳмадий Толибонни ўз шахсий мақсадларини бир чеккага суриб, Худо учун зўравонликдан воз кечишга чақирди.
«Келинглар, музокаралар столига ўтириб, барча масалаларга ечим излаймиз», деди Бағлон уламолари кенгаши аъзоси Мавлавий Сардор Валий.
«Чет элликларга ҳожат йўқ», деди у. «Келишувга эриша олсак, Шарқ ёки Ғарбнинг воситачилигига эҳтиёж қолмайди.»
«Афғонистонни ўзимиз барпо қила оламиз», деди Валий.
Бағлон вилоятида яшовчи фаоллардан бири Аҳмад Холид Фараҳмандга кўра, толиблар мустақил тарзда ва Афғонистон манфаати йўлида ҳаракат қилаётганини афғон халқига исботлаши лозим.
«Бошқа мамлакатларнинг қўғирчоғи бўлмасангиз, сиз афғонлар билан музокаралар столига ўтиришингиз ва зиддиятли қарашларингизни афғон халқига эркин баён қилиб, уларга ечим излашингиз мумкин», деди у.
Тинчлик йўлидаги қурбонлар
«Тинчлик томон қадам ташлар эканмиз, икки тараф ҳам бундай нозик паллада қурбонларга тайёр бўлиши керак» дейди Пули Хумрида яшовчи Абдул Жалил Роғиб.
«Ҳукумат ихтиёридаги маҳбуслар ва толибонлар озодликка чиқарилиши керак, чунки афғон ҳалқи тинчликка муштоқ», деди у.
«Толибонга (курашни давом эттириш учун) ҳеч қандай узр йўқ ва улар музокаралар столига ўтириб, ўз муаммоларини қонуний йўл билан ҳал қилишлари зарур», деб қўшимча қилди у.
«Толибон бундай қулай имкониятдан фойдаланиб қолиши ва мамлакат манфаатларини ўзининг шахсий манфаатларидан устун қўя олиши керак», дейди Бағлон вилоятидаги жамоатчилик фаоли Ғулом Яҳё Аҳрор. «Улар аввал оташкесим эълон қилиши, кейин мамлакат ичида музокаралар бошлаши керак.»
Толибон олдида иккита йўл бор: тинчлик жараёнига қўшилиш ёки мағлуб бўлиш, дейди Қундуз полицияси вакили Аҳмад Жавид Башорат.
Афғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари (ANDSF) ўтган ой давомида Бағлони Марказий ва Доший вилоятлари, Данди Горий, Данди Шаҳобуддин ва Чашмаи Шир туманларида толибонларга катта талофатлар етказди, деди у.
«Биз блокпостларимизда Толибоннинг ҳар бир ҳужумига жавоб қайтардик ва улар жиддий қурбонлар бериб, ортга чекинишди», деди у.
«Биз толибондан тинчлик жараёнига қўшилишини сўраймиз», деди Башорат. «Хавфсизлик кучлари ўтмишда уларни яксон қилишган ва уларни келажакда ҳам шу каби мағлубият кутмоқда.»
[Ушбу мақолани тайёрлашга Қундуздан Ҳидоятуллоҳ ва Исломободдан Алам Зеб Хон кўмаклашди.]