АШХОБОД – Россия университетларида таҳсил олаётган туркманистонлик талабалар орасида экстремистик материаллардан осон фойдалана олиш, Россия таълим тизимидаги коррупция, молиявий қийинчиликлар ва қўпол муносабат туфайли радикал оқимларга қўшилиб қолаётганлар сони ортмоқда.
Туркманистон ҳукумати ихтиёрида судларда кўриб чиқилган экстремизм билан боғлиқ жиноий ишларнинг кўпайганини қайд этувчи махфий маълумотлар бор, дейди Олий суд расмийси Муҳаммед С.
«Ўн йил аввал чет элда таҳсил олаётган талабаларга нисбатан бундай жиноий ишлар очилмаган, аммо охирги бир ярим йил ичида турли инстанцияларда еттита шундай иш кўриб чиқилди», дейди у.
Бу судлар асосан ёпиқ тарзда ўтказилгани сабабли жамоатчилик улардан бехабар қолган, деб қўшимча қилди у.
Айбланувчилар – чет элда ва кўп ҳолларда Россия университетларида таҳсил олаётган асосан ёш йигитлар бўлиб, улар тақиқланган адабиётларни ўқий бошлаган ёки аллақачон радикал оқимлар издошига айланган, деди у.
Радикаллашув сабаблари
Назоратнинг йўқлиги чет элдаги туркманистонлик ёшларнинг радикаллашувига сабаб бўлмоқда. Чунки улар ота-онаси ва давлат назоратидан узоқлашгач, осонгина радикал ҳаракатлар таъсирига тушиб қолиши мумкин, дейди маҳаллий таҳлилчилар.
Айрим мутахассисларга кўра, Россиядаги талабалар интернетга кириб, экстремистик мазмундаги маърузаларни тинглай бошлаганларидан сўнг радикал ҳаракатларга қўшилиб қоладилар.
«Бундай маърузаларни юклаб олиш ва тинглаш туркман талабалар орасида урфга айланган», дейди Россиянинг Қозон шаҳрида таълим олаётган туркманистонлик талаба Мекан Пурлиев.
Россиядаги талабаларнинг радикаллашувига бошқа сабаблар ҳам бор, деди у. Кўпчилик туркман талабалар Россия олий таълим тизимидаги коррупциядан, айрим ўқитувчиларнинг таъмагирлигидан ҳафсаласи пир бўлган, деб қўшимча қилди у.
«Пул берсанг, яхши баҳолар оласан... ҳатто бюджетга тушиб, стипендия ҳам олишинг мумкин», деди у.
Маҳаллий аҳолининг ёмон муомаласи руҳан тушкунликка туширади. Маҳаллий русларнинг ортимдан мени ҳақорат қилиши оддий ҳолга айланиб қолган, дейди у.
«Чурка, туршак, қора, ёввойи, осиёлик – каби сўзларни эшитишга мажбурмиз. Урушсанг, ўзингни айбдор қилишади. Тишни тишга қўйиб, сабр қилишдан бошқа чорамиз йўқ», деди Пурлиев.
Чет элда 95 минг нафар туркманистонлик талаба таҳсил олади, уларнинг қарийб учдан бири Россия университетларида ўқийди, деган эди ўтган йили Марказий Осиёлик мутахассис Вадим Шагиахмедов.
«Ҳатто чет элга ўқишга кетган йигит-қизларимизнинг юздан бири радикаллашув бактерияси билан зарарланса ҳам, бу мамлакатимиз осойишталигига таъсир қилиши мумкин», дейди Олий суд расмийси Муҳаммед С.
Хавфли иштиёқ
Инсон ҳуқуқлари фаоллари бир жиноий ишнинг тафсилотларидан хабар топганлар. Унга кўра, Ленинград вилоятидаги Ивангород гуманитар-техник институтининг икки нафар туркманистонлик талабаси К. Халбаев ва К. Сапаров 2017 йилда ҳибсга олинган. Уларнинг иккови ҳам турли айбловлар билан 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Тергов маълумотларига кўра, Халбаев ва Сапаров билан бирга, яна 12 нафар туркман фуқароси ваҳобийлик, салафийлик, Ҳизб ут-Таҳрир ва бошқа жамоалар аъзолари ўлароқ қидирувда бўлишган.
Талабалардан мусодара қилинган ашёлар қаторида туркман тилли экстремист Равшан Газаковнинг аудио-маърузалари бўлган, дейди Туркманистон ички ишлар вазирлигининг аксилтеррор бўлинмаси ходимлари.
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Сурия ҳукумати кучлари Туркманистон фуқароси Газаковни 2013 йил июль ойида қўлга олган. У Қоҳирада таҳсил олган ва Яқин Шарқдаги жангарилар сафида курашгани гумон қилинмоқда.
Чет элдаги юзлаб туркманистонлик талабалар зимдан Газаковнинг маърузаларини тинглашади.
«Россия интернетида Равшан оғанинг Ислом ҳақидаги 300 дан ортиқ аудиофайллари, Қуръоннинг алоҳида сураларига шарҳлар ва тушунтиришларни туркман кишиси тушунадиган тилда топишингиз мумкин», деди Пурлиев Газаковни назарда тутиб.
«Бу веб-сайтлар Туркманистонда блокланган, аммо Россияда уларни юклаб олиб эшитиш осон», дея қўшимча қилди у.
Пурлиев ёшларнинг Газаков ва бошқаларга ўхшаган одамларнинг маърузаларига қизиқишини хавфли деб билади.
«У маърузаларида Қуръон суралари ва оятлари шунчалик моҳирона ва қизиқарли қилиб тушунтирилганки, сиз худди сеҳрланиб қолгандай бўласиз ва эшитганларингизга ишона бошлайсиз», деди у.
«Ҳушёр бўлиш лозим»
«Қўшни мамлакатларда радикаллар томонидан террорчилик ҳаракатлари содир этилган ёки тақиқланган диний оқимлари тарафдорлари фаоллашган, аммо Аллоҳга шукрки, биз булардан саломат қолдик», дейди Олий суд расмийси Муҳаммед С.
«Аммо, бу билан хотиржам бўлмаслигимиз керак», дея қўшимча қилди у.
Туркманистон ҳуқуқ-тартибот ва разведка идоралари Россиядан келаётгани тахмин қилинган янги хавфдан ташвишда.
«Аввал Туркманистондаги тинчлик ва барқарорликка таҳдид шимолий Афғонистон ва Эрондаги радикаллардан ёки Туркиядаги бузғунчи кучлардан келган бўлса, ҳозир минглаб туркман талабалари таҳсил олаётган Россия ва бошқа МДҲ (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги) мамлакатларидан келмоқда», дейди Миллий хавфсизлик вазирлигининг Ахал вилояти бўйича оператив ходими Бегенч О.
Туркманистон ҳукумати ва разведкаси превентив чоралар кўрмоқда, Россиядаги талабалар ва уларнинг ота-оналари билан тегишли суҳбатлар ўтказмоқда, радикал оқимлари издошлари деб фош қилинган шахслар билан алоқада бўлган талабаларни кузатмоқда, деди у.
«Албатта, ёшлар ватанга қайтганида, уларнинг телефон ва компьютерларида тақиқланган адабиёт ва ёзувлар бор-йўқлигини текширамиз, аммо радикал ғоялар уларнинг онгида чуқур ўрнашиб қолган бўлса, нима қилиш керак?», дейди Бегенч О.
Бу талабалар: «алвидо ювиқсиз Россия, қуллар юрти, хўжайинлар юрти», дейишлари керак [Михаил Лермонтов шеърининг илк сатрлари]
Жавоб беришФикрлар 1