Карвонсарой
Дипломатия

Навалнийнинг заҳарланиши ортидан Кремлга босим кучаймоқда

Карвонсарой ва AFP

Россия президенти Владимир Путин 4 сентябрь куни Россия хавфсизлик кенгаши аъзолари билан телекўприк орқали мулоқот учун Москва яқинидаги Ново-Огарёво давлат қароргоҳига келди. [Михаил Климентьев / Sputnik / AFP]

Россия президенти Владимир Путин 4 сентябрь куни Россия хавфсизлик кенгаши аъзолари билан телекўприк орқали мулоқот учун Москва яқинидаги Ново-Огарёво давлат қароргоҳига келди. [Михаил Климентьев / Sputnik / AFP]

Дунё давлатларининг ҳукуматлари асабни фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланган Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийнинг ҳаётига қилинган суиқасдга оид саволларга Кремлдан жавоб кутмоқдалар.

44 ёшли эркак август ойида Россияга мухолиф бўлган ва президент Владимир Путиннинг шубҳали тарзда заҳарланган танқидчилари рўйхатидаги охирги одам бўлди ва ҳозир Берлин касалхонадасида ётибди.

Германиялик мутахассислар «Новичок» билан заҳарлаш ҳолатини тасдиқловчи «аниқ далилларга» эга эканликларини айтганидан сўнг, сешанба (8 сентябрь) куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет Москвани ушбу ҳужум бўйича «пухта, ошкора, мустақил ва холис тергов» ўтказишга ёки бу борада ҳамкорлик қилишга чақирган.

«Россия ҳукумати ушбу жиноят, Россия ҳудудида содир этилган ўта оғир жиноят учун ким жавобгар эканини батафсил тергов қилиши шарт», деб айтган у ўз баёнотида.

«Сўнгги йигирма йил ичида ҳам Россияда, ҳам хорижий давлатлар ҳудудида амалдаги ёки собиқ Россия фуқароларининг аниқ бир мақсад билан заҳарланиши ёки ўлдирилиши чуқур хавотирга сабаб бўлмоқда», деди Бачелет.

«Шунингдек, кўп ҳолларда жиноятчиларнинг жавобгарликка тортилмаётгани, қурбонлар ёки уларнинг яқинлари учун адолатнинг қарор топмаётгани ҳам ачинарли. Буни тушунтириш ёки оқлаш мушкул», деди у.

Заҳарланиш ҳолати бўйича Россия режими жавоб бериши керак бўлган «бир талай жуда жиддий саволлар» бор, деб баёнот берди Британия якшанба (6 сентябрь) куни мазкур шов-шувли ишга давлатнинг алоқадорлиги эҳтимолини назарда тутиб.

Британия ташқи ишлар вазири Доминик Раабнинг сўзларига кўра, Кремл танқидчиси Совет Иттифоқи даврида ихтиро қилинган «Новичок» моддаси билан заҳарлангани «аниқ», бу модда аввалроқ Англиянинг Солсбери шаҳрида Россиянинг икки томонлама собиқ жосусига қарши суиқасдда ҳам ишлатилган.

«Россиянинг бу моддани қўллаши билан боғлиқ тажрибасини, қолаверса, уни қўлга киритиш ва сақлаш қийинлигини инобатга оладиган бўлсак, бу ишга Россия давлатидан бошқанинг алоқадорлигини тасаввур қилиш қийин», деди Рааб Sky News телеканали билан суҳбатда.

«Ҳозирда шуниси аниқки, Россия ҳукумати бир талай жиддий саволларга жавоб бериши керак», деди у.

Москва учун оқибатлар

Германия канцлери Ангела Меркел агар Кремл заҳарланиш ҳолатини батафсил тергов қилмаса, бу «Шимолий оқим-2» газ қувури лойиҳаси учун салбий таъсир қилиши мумкинлигини истисно этмаган. Бу ҳақда душанба (7 сентябр) куни унинг матбуот вакили маълум қилди.

Германия Навалний иши юзасидан санкциялар қўллайдиган бўлса, Меркел Россия ва Европа ўртасидаги кўп миллиард евролик қувурни ҳимоя қиладими, деган саволга матбуот котиби Штеффен Зайберт шундай деди: «Канцлер аввал-бошданоқ ниманидир истисно қилиш хатолик бўлади, деб ҳисобламоқда».

Болтиқ денгизи тубидан ўтган, тугалланиш арафасидаги 10 миллиард евролик (11 миллиард доллар) «Шимолий оқим-2» қувури Европанинг энг йирик иқтисодиётига эга Германияга етказиб бериладиган Россия табиий гази ҳажмини икки баравар оширишга имкон беради.

Кремл Навалнийнинг заҳарланиши масаласида яқин орада тушунтириш бермаса, Европа Иттифоқининг амалдаги раиси бўлган Германия ҳам Москвага қарши санкцияларни муҳокама қилади, деди 6 сентябр куни мамлакат ташқи ишлар вазири.

«Россия яқин кунларда воқеага ойдинлик киритишга ёрдам бермас экан, биз иттифоқчиларимиз билан жавоб чораларини муҳокама қилишга мажбур бўламиз», деди Хайко Маас Германиянинг Bild нашрига.

Заҳарлаш амалиёти ортида Кремл турганига ишора қилувчи «бир неча аломатлар» бор эди, деди Маас 6 сентябрь куни.

«Россия ҳукумати Навалнийни заҳарлашда ишлатилган ҳалокатли моддани ўтмишда ҳам қўллаган», деб қўшимча қилди у.

«Новичокдан жуда камчилик фойдалана олади, Россия махсус хизматлари бу заҳарни собиқ жосус Сергей Скрипалга қарши ҳужумда ҳам қўллаган», деди у Солсберидаги 2018 йилги ҳужумни назарда тутиб.

Заҳарлаш амалиётлари тарихи

Тарихда Кремлнинг Россия ичида ва ундан ташқаридаги мухолифат арбобларини заҳарлаши ҳамда ички ва ташқи манфаатлар йўлида гибрид уруш тактикасидан фойдаланишига оид мисоллар талайгина.

2018 йилнинг март ойида Британиянинг Солсбери шаҳрида асабни фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланиш туфайли собиқ россиялик икки тарафлама жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи ҳушсиз ҳолатда топилган эди.

Кремлга қарши бўлган фаоллардан бири Петр Верзилов 2018 йил сентябр ойида тиббий препаратдан заҳарланиш ортидан касалхонага ётқизилган.

2006 йил ноябр ойида Кремлга қарши сўзлаган собиқ россиялик жосус Александр Литвиненко Лондондаги меҳмонхоналарнинг бирида юқори радиоактив Полоний-210 моддаси қўшилган чой ичиши ортидан вафот этган.

Шунингдек, 2004 йил сентябр ойида президентлик учун Россия қўлловидаги номзодга қарши кампания олиб борган украиналик сиёсатчи Виктор Юшченко катта миқдордаги диоксин моддасидан заҳарланиш туфайли ҳалок бўлаёзган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия «Навальнийга» ўхшаган харомхўрлардан собиқ Совет давридагидек халос бўлмаётганидан, унинг ўрнига демократик бўлиш мақсадида қўйиб берганидан афсусдаман...

Жавоб бериш

Путинчилар Навалний учун жавоб беради ҳали.

Жавоб бериш