Оммавий ахборот воситалари

Марказий Осиё журналистлари Хитойнинг сўз эркинлигига нисбатан таҳдидидан хавотирда

Карвонсарой ва AFP

image

9 июл куни Пекиндаги Австралия элчихонасининг кириш эшиги олдида рация орқали имо-ишора билан гаплашаётган Хитой ҳарбий полицияси ходими. [Николас Асфури/AFP]

Хитой халқ республикаси (ХХР) хорижий журналистлар ва сўз эркинлигини бўғишда давом этар экан, Марказий Осиё журналистлари бу ҳолатни хавотир билан кузатмоқдалар.

Пекин ва Канберра ўртасидаги муносабатлар кескинлашиб бораётган бир пайтда, ҳафта бошида икки австралиялик журналист дипломатик ҳимоя остида Хитойни тарк этган.

Улар бир неча кун давом этган махфий можаролардан сўнг, сешанба (8 сентябрь) тунида драматик тарзда мамлакатни тарк этдилар. Икки эркак Хитой хавфсизлик полициясининг хавфли чангалида қолмаслик учун Австралия дипломатик миссияси биносига яширинган.

Билл Бертлс ва Майкл Смит австралиялик дипломатлар ёрдамида тунги рейс билан олиб чиқилган, Хитойдан чиқишга рухсат олишларидан аввал эса сўроқ қилинган.

image

Wall Street Journal мухбирлари Стефани Янг (чапда) ва Стю Ву 28 март куни парвоздан олдин пойтахт Пекин аэропортидан ўтмоқда. Бу икковлон 18 март куни Хитой АҚШнинг учта энг йирик нашрида ишлайдиган америкалик журналистларни чиқариб юборишини эълон қилганидан сўнг мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишган. Бу коммунистик ҳукуматнинг хорижий матбуотга нисбатан энг катта тазйиқларидан бири бўлди. Журналистларнинг ҳайдалгани ОАВ эркинлиги атрофидаги баҳсларни янада кучайтирган. [Грег Бейкер/AFP]

Иккала эркак ҳам ўтган ой ҳибсга олинган ҳамкасблари – австралиялик журналист аёл Ченг Лей борасида сўроққа тутилганлар.

Пекин 8 сентябр куни илк марта унинг «миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан» ҳибсда сақланаётганини тан олди – бу узоқ муддатли қамоқ жазосини кўзда тутувчи жиноятларни ўз ичига олиши мумкин бўлган кенг тушунчадир.

Пекин икки кишининг сўроқ қилинганлигини тасдиқлар экан, бу ҳаракат қонун доирасида амалга оширилганини айтган.

«Чет эллик журналистлар қонунга бўйсунар экан, хавотирланишмаса ҳам бўлади», деди Пекинда сўзлаган Ташқи ишлар вазирлиги воизи Чжао Лицзян.

Бу йил АҚШ оммавий ахборот воситаларида ишловчи бир нечта мухбирнинг визалари бекор қилинди ва улар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишди – танқидчилар бу ҳолатни Хитой Коммунистик партиясининг (ХКП) Ғарб оммавий ахборот воситаларига ҳужуми дея талқин қилишган.

Мустақил журналистик терговлардан қўрқиш

8 сентябр куни АҚШ Хитой ташқи ишлар вазирлиги томонидан хорижий ОАВ учун талаблар қатъийлаштирилгани борасида хабардор қилинганини айтди.

«Кўзда тутилган чоралар Хитойдаги ахборот муҳитини ёмонлаштиради, бу ерда шундоқ ҳам очиқ ва мустақил оммавий ахборот воситалари етишмайди», деб ёзди Давлат департаменти вакили Морган Ортагус ўз Твиттерида.

«Нима учун ХКП мустақил ОАВ терговларидан қўрқади?» деб ёзади у.

Жорий йилда камида 19 нафар хорижлик мухбир Хитойни тарк этишга мажбур бўлди ва бу ҳолат «халқаро ҳамжамиятнинг ахборот олиш ҳуқуқига тобора кўпроқ таҳдид солмоқда», деб баёнот берган «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти.

Икки австралияликнинг кечинмалари Пекиннинг «вазиятни кескинлаштирганини» кўрсатмоқда, деб баёнот берган Хитойдаги хорижлик мухбирлар клуби. Унга кўра, энди хорижлик журналистлар «ўз вазифасини бажаргани учун асоссиз ҳибсга олиниши мумкин».

Февралда «Wall Street Journal» нашри коронавирус инқирозига оид мақола чоп этган, Пекин унинг сарлавҳасини ирқчиликка алоқадор деб топгани сабабли Хитой ҳукумати нашрнинг уч нафар журналистини мамлакатдан ҳайдаб чиқарган.

Бир неча ҳафтадан сўнг, Вашингтон АҚШ оммавий ахборот воситаларида ишловчи хитойлик ходимлар сонини камайтирган.

Бунга жавобан март ойида Пекин «New York Times», «Washington Post» ва «Wall Street Journal» нашрларида фаолият юритувчи ўндан ортиқ америкалик журналистларни депортация қилган.

2013 йилда Си Цзиньпин ҳукумат тепасига келганидан бери Хитойдаги мустақил журналистларнинг таъқиб қилиниши Пекиннинг бутун Осиёдаги таъсир кучи ва тажовузини кўрсата бошлаганига мисолдир, дейди таҳлилчилар.

«Хитой ўсиб бораётган қудратли давлат ўлароқ ўзининг стратегик, мафкуравий ва риторик «мускулларини» кўрсатиши ва бошқа давлатлар бунга таслим бўлиши керак, деб ўйлаётгандек кўринмоқда», дейди австралиялик собиқ разведка таҳлилчиси ва бош вазир маслаҳатчиси Жеймс Карран.

Хитойнинг «деструктив босими» Марказий Осиёга таъсир қилмоқда

Бу ҳолат «тубанликнинг янги чизиғини белгилаб берди», деб айтган австралиялик ижодкор ва Хитойда ишлаган собиқ мухбир Ричард Макгрегор.

«Хитойга қаршилик қилаётган бошқа мамлакатлар буни эътиборга олишлари лозим», деди у. «Икки ўртадаги муносабатлар ёмонлашадиган бўлса, уларнинг фуқаролари ҳам оловли чизиқда қолишлари мумкин.»

«Хитой ҳуқуқ-тартибот органларининг австралиялик журналистларга нисбатан босими бизга бевосита таъсир қилмаса-да, хавотирга сабаб бўлмоқда», дейди Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги «Курсив» бизнес нашрининг реклама ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими собиқ раҳбари Мирлан Телебарисов.

«Хитой ахборот сиёсатининг йўналишини холис деб бўлмайди», деди у.

«Биз гўёки коронавирусга алоқадор бўлмаган ва ваҳима келтириб чиқарган Қозоғистондаги янги ҳалокатли зотилжам ҳақидаги маълумотни Хитой оммавий ахборот воситалари ёйинлаганини яхши эслаймиз», деди у. «Кейинчалик бу хабар ёлғон бўлгани сабабли улар маълумотни тўғирлашган.»

«Бу ҳолат уларнинг тажовузкор ахборот сиёсати Марказий Осиё давлатларига деструктив босим ўтказиши мумкинлигига мисол бўла олади», деди Телебарисов.

Қирғизистон ҳам Хитой ҳукуматининг ахборот босимини сезмоқда, дейди Бишкекдаги Orbita.kg мухбири Жилдизбек Ибралиев.

«Хитой ҳукумати доим маълумотлар ва ташвиқотни энг юқори даражада назорат қилган», деди у. «Шунинг учун ХХР Хитойдаги хорижлик журналистлар фаолиятини эртаю-кеч назорат қилади.»

«Бу йил Хитойдаги мустақил ахборот агентликлари дея иддао қилинган ОАВлар гўёки Хитойга тегишли бўлган ёки тез орада унга ўтиши мумкин бўлган Қозоғистон ва Қирғизистоннинг айрим ҳудудлари тасвирланган харитани чоп этдилар», деди у.

«Мамлакатимизнинг Хитой олдидаги қарзларини ҳисобга олганда бундай мақолалар адашиб ёки тасодифан чиқарилмагани аниқ», деди Ибралиев. «Хитой бизга вазминлик билан таҳдид қилмоқда. Бу Пекиннинг ОАВга нисбатан босимига яна бир мисолдир.»

У келажакда Хитой ҳукумати томонидан қўлланилиши мумкин бўлган чекловлар хусусида фикр билдирди.

«COVID-19 вируси туфайли ўсиб бораётган ички иқтисодий муаммолар шароитида ХХР нафақат мамлакат ичида, балки хорижда ҳам ахборот назоратини кучайтиради.»

[Мақолани тайёрлашга Олмаотадан Канат Алтинбаев кўмаклашди.]

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2
Сиёсат * Мажбурий 1500 та белги қолди (1500 max)

Ха-ха, худди АҚШда сўз эркинлиги бордек :))))

Жавоб бериш

Ибраиловнинг гапига қўшилмайман. Бу Вашингтонга қарши чора.

Жавоб бериш