Карвонсарой
Саломатлик

Қозоғистон Россиянинг COVID-19 вакцинасига эҳтиёткорлик билан қарамоқда

Канат Алтинбаев

Қозоғистонлик олимлар COVID-19га қарши ўз вакциналарини ишлаб чиқиш устида бош қотирмоқда. [АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси]

Қозоғистонлик олимлар COVID-19га қарши ўз вакциналарини ишлаб чиқиш устида бош қотирмоқда. [АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси]

ОЛМАОТА – Қозоғистон расмийларининг огоҳлантиришича, Россия томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши вакцина касалликка чалиниш хавфидаги айрим демографик гуруҳларга тўғри келмайди. Уларнинг сўзларига кўра, вирусга қарши вакцина Қозоғистоннинг ўзида ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Ўтган ойда Москва 1957 йили илк бор фазога учирилган совет сунъий йўлдоши шарафига «Спутник V» деб номланган вакцина тасдиқдан ўтганини эълон қилганди.

Вакцинани эълон қилишдаги бундай шошма-шошарлик Ғарб ва россиялик олимлар орасида хавфсизликка оид маълумотларининг етарли эмаслиги туфайли хавотир келтириб чиқарди. Айримлар бу каби шошилиш хавфли бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганлар.

Россиянинг коронавирусга қарши вакцинасини «COVID-19 юқтириш хавфи бўлган айрим одамларга қўллаб бўлмайди», деб айтган Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Марат Шоранов 3 сентябр куни онлайн брифингда.

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази 1 сентябр куни Олмаотадаги иккита лабораторияга 316 минг АҚШ доллари (135,2 миллион тенге) миқдоридаги ускуна ва материалларни етказиб берди. Ушбу воситалар Қозоғистон марказий референс-лабораторияси ва Қозоғистон санитар-эпидемиологик экспертиза ва мониторинг илмий-амалий маркази томонидан қўлланилади. Улар юқори сифатли намуналар олиш ва ўзига хос полимераза занжир реакцияси жараёнига асосланган COVID-19 тести самарадорлигини оширишни режалаштирмоқдалар. [АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси]

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази 1 сентябр куни Олмаотадаги иккита лабораторияга 316 минг АҚШ доллари (135,2 миллион тенге) миқдоридаги ускуна ва материалларни етказиб берди. Ушбу воситалар Қозоғистон марказий референс-лабораторияси ва Қозоғистон санитар-эпидемиологик экспертиза ва мониторинг илмий-амалий маркази томонидан қўлланилади. Улар юқори сифатли намуналар олиш ва ўзига хос полимераза занжир реакцияси жараёнига асосланган COVID-19 тести самарадорлигини оширишни режалаштирмоқдалар. [АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси]

Унинг сўзларига кўра, вакцина ҳомиладор аёллар, эмизикли оналар, сурункали касалликдан азият чекувчилар, шунингдек 18 ёшдан кичик ва 60 ёшдан ошган одамлар учун хавфли бўлиши мумкин.

«Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар аҳолининг энг заиф қатламини эмлаш имкониятини чеклайди», деди Шоранов.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг маҳсулотлар ҳамда хизматлар сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш қўмитаси вакили Нурлибек Асилбековнинг сўзларига кўра, Қозоғистоннинг 2 миллионга яқин аҳолиси мазкур хавф тоифаларига киради.

Ишлаб чиқарувчи эмас, натижа муҳим, деб таъкидлади у.

«Биз бу вакциналарнинг ножўя таъсирлари хавфини камайтирмоқчимиз», деди у. «Биз учун энг муҳими, самарали вакцинага эга бўлиш ва хавф гуруҳидаги аҳолини эмлаш».

«Спутник V» билан боғлиқ хавотирлар

24 август куни Москвага ташрифи чоғида Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой раҳбарлигидаги делегация «Спутник V» вакцинаси халқаро сертификат олган тақдирда, уни Қозоғистон сотиб олиши тўғрисида келишув имзоладилар.

Қозоғистон сўнгги – учинчи босқич синовлари тугамагунича вакцинани сотиб олиш борасида қарор қабул қилмайди, деди бош вазир ўринбосари Роман Скляр 7 сентябр куни бўлиб ўтган онлайн матбуот анжуманида.

Синовлар 2020 йил декабрга қадар тугалланиши кутилмоқда.

«Унгача биз ножўя таъсирларни билиб оламиз», деди Асилбеков «Спутник V» улардан холи бўлмаслиги таъкидлаб.

Қозоғистон Россия вакцинасини сотиб олиш масаласи билан бирга, бошқа вакциналар, айниқса, АҚШ ва Буюк Британия томонидан ишлаб чиқилаётган вакциналарни ҳам диққат билан кузатмоқда.

Олмаотадаги Марказий клиник шифохонанинг нейрохирургия бўлими мудири Минжилки Бердихўжаев ҳали 3-босқич синовларидан ўтмаган Россия вакцинасига ишонмаслигини айтади.

«Вакцина икки ёки уч йилдан кейин зардоб касаллигини келтириб чиқармаслигига амин бўлишимиз керак», деди у. «Кўпчилик оқибатларни ўйламай, иложи борича тезроқ эмланишни хоҳлаяпти, аммо асоратлар бошланганда, улар бундан афсусланадилар».

«Россия ҳукуматида фойдаланишга тайёр маҳсулот борлиги тўғрисидаги баёнотга унчалик ишонмайман», дейди Нур-Султондаги ихтисослаштирилган COVID-19 касалхонаси шифокори Асел Салиева.

«Илк синовларда вакцина хавфсиз бўлиб туюлиши, лекин асоратлари кейинроқ юзага чиқиши мумкин», деди у. «Биз миллионлаб одамларнинг соғлиғи билан таваккал қила олмаймиз, ҳатто бу хавф ўзини оқлайдигандек туюлса ҳам.»

Янги вакцина устидаги ишлар

Қозоғистонлик олимлар ўз вакциналарини яратиш устида изланмоқдалар.

Қозоғистонда коронавирусга қарши вакцинанинг клиникагача синовлари якунланди ва дастлабки натижалар «антитаначаларнинг портловчи ўсишини» кўрсатди, деди 21 август куни Қозоғистон республикаси Таълим ва фан вазири Асхат Аймағамбетов, деб ёзади Vlast.kz.

Қозоғистон вакцинасини ишлаб чиқувчилар ўз маҳсулотларини кўнгилли равишда ўзларида синаб кўрдилар. Синовлар чоғида иммуноглобулин-М ва иммуноглобулин-G антитаначаларининг портловчи ўсиши кузатилди, деди у.

Клиникадан аввалги синовлар натижалари Қозоғистон вакцинасининг хавфсиз эканлиги кўрсатди, деб қўшимча қилди у.

«Биз ҳамкасбларимизнинг вакцинани ишлаб чиқиш йўлидаги ишларидан фахрланамиз», деди Аймағамбетов. «Бизнинг инактивация қилинган вакцинамиз ҳам, грипп профилактикаси вакцинамиз ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг реестрига киритилган.»

Июн ва июл ойларида касалланишлар сонининг кескин ошиши билан пандемия Қозоғистонга жуда катта зиён етказди. 11 май куни ҳукумат фавқулодда ҳолатни бекор қилиб, карантин чораларини юмшатди.

Душанба (14 сентябрь) ҳолатига кўра, Қозоғистонда COVID-19га чалиниш билан боғлиқ 106 мингдан ортиқ ҳолат тасдиқланган, 1600 дан ортиқ одам ўлган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳеч ким қозоқларни сотиб олсин деб зўрламаяпти; ёқмаса сотиб олманг

Жавоб бериш

Қозоқлар, Россиянинг текширилмаган вакцинасини нима қиласизлар? Улардан имкон қадар узоқроқ юринг.

Жавоб бериш